Мақолалар

Тўғрисўзлик одатимиз бўлсин!

Динимиз ҳамиша тўғри сўзлашга буюради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб, 70-71).

Тўғри сўзлаш энг яхши фазилат, ҳузур-ҳаловатнинг асоси. Оила ва жамият фаровонлиги ҳам тўғрилик, ростлик билан давомли бўлади. Тўғрисўзлик туфайли оила, жамият аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат, ишонч кучая­ди, ҳар соҳада ривожланиш, илгарилаш бўлади.

Инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, ҳаётий тушунча ва тасаввурлари оилада шаклланади. Ота-она ўртасидаги ишонч хонадонда хотиржамлик муҳитини юзага келтиради, бу – фарзандлар тарбияси учун фойдалидир. Оилалардаги муҳит маҳалла, жамиятдаги инсонлараро муносабатларга ҳам таъсир этади. Демак, оилада катта-кичикнинг одоб талабларига риоя қилиши жуда муҳимдир.

Иш ё ўқиш жойидаги ҳамроҳларнинг маънавий касалликлари бошқаларга ҳам “юқиши” табиий. Зеро, Аллоҳ таоло содиқлар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлинглар!” (Тавба, 119). Содиқлар сўз, иш, ният ва имонда садоқатли кишилардир. Сўзда садоқатлилик рост гапириш,   ёлғондан сақланиш билан бўлади. Имон талаби, нажотга етишиш воситаси шу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Тўғрисўзлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта, киши тўғри сўзлайди, ҳатто Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан деб ёзилади” (Муттафақун алайҳ).

Ҳамма нарса доимий бажариб юриш билан одатга айланади. Тўғрисўзлик ҳам шундай. Ҳатто ўз фойдамизга қарши келса ҳам, тўғри гапни ўрнида айта билсак, бунинг мукофоти икки дунёда яхшилик бўлади.

Жозиба ЖАМОЛ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта-махсус

билим юрти мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

4116 марта ўқилди

Мақолалар

Top