Мақолалар

"Фириб - оғир жиноят ёхуд мўминлик сифати ва исломий биродарликка таҳдид"

Бандаларини ўзаро муомалаларини ҳалол йўллар билан амалга ошириш ва ҳаром йўллардан четланишга амр қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин!
Умматига бир-бирлари билан бўладиган муомалаларини батафсил тушунтириб, уларни қандай амалга оширишни кўрсатиб берган Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломларимиз бўлсин!
Муқаддас динимиз ҳаёти дунёда ҳалол пок яшаш, ҳалол йўллар билан ризқ топиш, ибодатларни ўз вақтида бажариш ва инсонлар билан ҳусни-хулқ, адолат, ва ростгўйлик асосида ҳаёт кечиришга буюради. Ҳамда заррача миқдорда гуноҳ, адолатсизлик ва зулм қилишдан қаттиқ қайтаради.
Маълумингизки, инсоннинг Роббиси билан боғланиши ибодат ҳисобланса, бир-бирлари билан ўзаро алоқаси эса муомалот ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзига қилинадиган ибодатни гўзал бўлишини талаб қилганидек, Бандалари бир-бирларига ҳам гўзал хулқ ила муносабатда бўлишга амр қилди. Олди-берди масалаларида эса бир-бирининг ҳуқуқини риоя қилиш ва ҳалол йўллар билан муомала қилишга буюрди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ ۚ

Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизни молларини ботил йўл билан еманглар, магар ўзаро розилик асосида тижорат бўлса, майли”, (“Нисо” сураси, 29 - оят)”.
Бировнинг молини ботил – ҳаром йўл билан ейишга рибо, порахўрлик, зулм ила тортиб олиш, коҳинлик ила пул топиш, ёлғондан гувоҳлик бериш, ўғрилик, товламачилик, алдамчилик - фирибгарлик ва бошқалар киради. Ояти каримадаги “еманглар” деган амр фақатгина ейиш ёки ичишга чекланиб қолган эмас, балки ноҳақ ўзлаштириб олиб, ҳар қандай услубда фойдаланиш тушунилади. Ўзлаштириб олишдан одатда ейиш мақсад қилингани учун ояти каримада шу лафз билан ишлатилди. Бундай йўл билан тановул қилиш, шубҳасиз ҳаром. Шариатда қатъий таъқиқланган.
Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужралари олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечангроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб, шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб бераётган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган уни олмасин” (Имом Бухорий ривояти).
Фириб луғатда –алдамчилик, йўлдан оздириш, кишини қасддан тойилтириш, қўлга тушуриш, чув тушуриш, ҳийла-найранг, макрга ишлатилади.
Фирибгар эса – алдовчи, товламачи, макру ҳийла билан шуғулланувчи, ҳийлагар одамдир.
Фириб умумий ҳолда ёлғон турига кириб, бир қанча ҳолатларда намоён бўлади.
Байдаги фириблар:
1. Тарозидан уриб қолиш. Бу жуда оғир жиноятлардан бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:


وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ ثُمَّ إِنَّهُمْ لَصَالُو الْجَحِيمِ

Ўлчовдан уриб қолувчиларга вайл бўлсин. ... сураниннг давомида “Сўнгра, албатта, улар жаҳиймга кирувчилардир”, деб марҳамат қилади (“Мутоффифун” сураси, 1-16 оятлар).”
Шунингдек Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уюм таом (буғдой) олдидан ўтдилар ва қўлини унинг ичига солиб кўрдилар, шунда қўли нам бўлди. У зот:
“Эй таом эгаси! Бу нима?!” дедилар.
“Ёмғир тегиб қолганди, эй Аллоҳнинг расули”, деб жавоб берди.
“Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан эмас!” дедилар” (Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривояти).
2. Сифатсиз кийим-кечак ёки бошқа ҳар қандай молни жудаям сифатли деб алдаб сотиш. Ўзи аслида унинг моли сифатсиз, бир-икки марта кийсангиз ёки ишлатсангиз яроқсиз ҳолга келиб қоладиган бўлади-ку, у уни сифатли деб мақтаб, алдаб сотади.
3. Ёки атр сотувчилар атрга сув аралаштириб, ёки офтобда қолиб кетиб, сифати бузилган атрни алдаб сотиш.

4. Ёки баъзилар тиллога ва бошқа нарсаларга ўзга бир моддани аралаштириб, софлигини даво қилиб алдаб сотишади.
Байдаги фирибни яна бир канча кўринишлари бўлиб, уни барчасини санаб ўтадиган бўлсак, гап чўзилиб кетиб қолади.
Энди ҳозирги кундаги савдогарларнинг ҳолига назар солайлик. Айримлари савдонинг қандай тури бўлса, барчасида ўзига хос фириб, ўзига хос алдов йўлларини ишлаб чиқишган. Нима бўлса ҳам, ҳаридорни алдаб, молини ўтказиб олишдан ўзга ташвиши йўқ. Яхши, сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш – энг осон иш. Аввалгиларга ўхшаб, “ёмғир ёғиб қолганди” дейиш йўқ. Зироат маҳсулотларини бозорга олиб чиқишдан олдин, албатта, томиридан тўйиб сув ичиб олгунича сувга қўйилади. Сўнг сувга тўйиб, вазни оғирлашиб, тарозида вазн босадиган бўлиб олганидан кейин, бозорга олиб чиқилади. Бунинг натижасида маҳсулотнинг сифати бузилади, зарарли бўлиб қолади, оқибатда одамлар заҳарланади, дард босади-да!
Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб, кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас. Қўйингки, инсон боласи тугул, шайтоннинг ҳам ақлига сиғмайдиган найранглар бозорда учрайди.
Никоҳ ишларидаги фириблар. Бу ҳам ҳозирги кунда жудаям кўп тарқаган ёлғон, алдовчилик тури бўлиб жудаям кўп фитналарга сабаб бўлмоқда.
1. Саййиба қизини бокира деб узатиш. Ҳозирги кунда ҳаётда шундай алдовлар ҳам учраб турибди. Ота-она асли бокира бўлмаган қизини айбини яшириб, айтмасдан, “Қизимиз бокира” деб ёлғон гапириб узатиб юборишяпти. Ёки ота-она уйланиб олган ўғлини “оиласи йўқ” деб уйлаб қўйиши. Бунинг натижасида ажрим, оила бузилишлар вужудга келмоқда.
2. Тўйдан олдин айби, ёки бирор касаллиги бор келин ё куевни гўзал, соғлом қилиб кўрсатишдир. Тўйдан кейин эса бошқача бўлиб чиқади. Бу ҳам турли низо ва оила бузилишига олиб келади.
3. Ёки учрашувга чиқишда макияж – пардоз-андоз қилиб, бўянтириб чиройли қилиб чиқариш. Аслида макияжсиз ҳолда кўрадига бўлса, бир-бирига ёқмайдиган бўлиб чиқади.
4. Ёки ўзини бой, қилиб кўрсатиш. Ҳаммамизга маълум, бу нарса шарифатдаги кафоат масаласига зиддир.
Мана бу алдовлар, не-не умид билан барпо бўлаётган оила ҳали бирлашмай туриб барбод бўлишига олиб келиши ҳеч кимга сир эмас.
Фириб – алдовнинг яна бир тури оилада бўлади. Фарзанд ота-онасига нисбатан алдов ишлатади. Масалан дарсдаман деб айтади, аслида эса кўчада ёки бирор компьютер хонада вақтини исроф қилаётган бўлади. Ота-онаси эса катта мақсадлар билан ўстираётган фарзандига ишониб, уни текширишга ҳам ҳожат топишмайди. Бу қилмиши билан нодон фарзанд ўзининг фарзандлик бурчи ва масъулиятини суистемол қилаётган бўлади. Ёлғон гапириб гуноҳи кабира қилади.
Ёки ака-ука ўртасидаги муносабатлар. Ўзининг жигари бўлишига қарамай алдаб кетаётган инсонлар ҳам кам эмас. Ахир мартабаси шариф бўлган бани инсон шундай ишларга қўл уриши тўғри бўладими? Бир қориндан тушган, ота-онаси бир, бирга ўсиб, бирга катта бўлган. Бир умр бирга яшаган, ҳаётда елкадош бўлиши керак бўлганлар ўз жигарини чув тушуриб кетса.
Ёки катта орзу-мақсадлар билан бир ёстиққа бош қўйган. Бир умр бирга ҳалол-пок ҳаёт кечиришга аҳд қилган, бир-бирига динининг ярми, иймониниг ярми бўлиш керак бўлган эр-хотин бир-бирининг ҳаққига ҳиёнат қилишларини қанда баҳолаш мумкин?
Халқимизда “Ҳовли олма, қўшни ол” деган ҳикматли мақол бор. Ёки “Узоқ қариндошдан яқин қўшни яхши” дейди доно халқимиз. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса “Жибрил менга шу қадар васият қилдики, қўшни ҳам мерос олса керак деб ўйлаб қолдим” деганлар. Шу даражада бир –бирларига яқин бўлган қўни-қўшнилар ҳам бир-бирининг ҳаққига гоҳида бепарво бўлиб қолишади. Ахир қўшничилик ҳаққи қайда қолди, мўмин-мусулмон, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бу ишларга қўл уриши тўғрими?! Ақл ишлатиш керак, ахир Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким алдаса, мендан эмас!” демоқдалар. Бундан билинадики, мўмин банда адашиб гуноҳ иш қилиб қўйиш мумкин экан, лекин, асло ва асло ёлғон гапирмайди.


عن ابي بكر الصدبق رضي الله عنه قال: "قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: "ملعون من ضار مؤمنا او مكر به"
رواه الترمذي

Яъни: Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминга зарар етказган ва макр қилганга лаънат бўлсин”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончига, фирибгарга шу қадар қаттиқ ваъид айтганларидан кейин қандай қилиб ёлғон гапириш мумкин. Ахир тафаккур қилиш керак. Тафаккурга ҳам Аллоҳ таоло бежизга буюрган эмас. Ўқиб, лекин уқимасдан кетган илмдан манфаат бўлмайди. Ушбу ҳадиси шарифни ўқисагу, манфаат олмасак, бизнинг зараримизга ҳужжат бўлишдан ўзга фойдаси бўлмайди.


عن ابي بكر الصديق رضي الله عنه عن النبي صلي الله عليه و سلم قال: " لا يدخل الجنة خب و لا بخيل و لا منان"
رواه الترمذي


Яна бир муборак ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Ёлғончи, бахил ва миннатчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Абу Бакр розиллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти).
Аслида фириб, алдовлар ҳам бахиллик кетидан келиб чиқади. Одам бахиллик қилмаса, Аллоҳнинг Розиқ сифатига ҳақиқий иймон келтирса, бахиллик ҳамда алдовларга қўл урмайди. Ундай инсон Ризқини Аллоҳ бекаму-кўст беришига ишонади. Сахийлик аслида миллионларни инфоқ қилиш билан эмас, бир дона ҳурмо, бир қултум сув бериш билан ҳам бўлаверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ажиб бир ибора келтирадилар:


عن ابي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلا الله عليه و سلم قال:
"السخي قريب من الله، قريب من الجنة، قريب الناس، بعيد من النار.
و البخيل بعيد من الله، بعيد الجنة، بعيد من الناس، قريب النار.
رواه الترمذي


Сахий - Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, инсонларга яқин, дўзахдан узоқ. Бахил – Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, инсонлардан узоқ, дўзахга яқин. Жоҳил сахий – Аллоҳга обид бахилдан маҳбуброқ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Сахий биродарларимизга хушхабар бўлсинки, уларга Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ даража - Аллоҳга яқинликни башорат қилмоқдалар. Охиратда Аллоҳга маҳбуб бандалар эса шубҳасиз абадий роҳат - Аллоҳнинг муҳаббатида, жанти наъимда бўладилар. Ҳаёти дунёда эса Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббати сабаб уларни инсонлар яхши кўради. Зеро ҳаммамизга маълум ва машҳур ҳадиси шарифда “Кимни Аллоҳ яхши кўрса, Жаброилни чақириб: “Мен фалон бандамни яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўргин” деб амр қилади. Жибрил эса само фаришталарига улар эса ер фаришталари, улар эса инсонлар қулоғига...””. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эса инсонлар унга яхшилик ила гувоҳлик бериши у банда солиҳ эканлигига гувоҳлидир деган мазмундаги ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Аллоҳ уларга улуғ мақомларни ато этсин.
Табиатида бахиллик бор инсонларга эса огоҳлантириш бўлмоқдаки, улар ўзларини назорат қилсинлар. Тезда бу қалб касалликларини даволашга тушсинлар. Зеро бу оғир ҳасталик уларни яхшиликка олиб бормайди. Улар ҳам сахий бўлишга интилсинлар. Ўзларида сахийлик табиатини пайдо қилсинлар, уйғотсинлар.
Дарҳақиқат, фириб-ёлғон масаласи, соатлаб гапириш иуикин бўлган масалалар сирасига киради. Биз вақт ва ҳозирги кунда жамиятимизда долзарблиги эътиборидан улардан бир нечтасига тўхталиб ўтдик холос.

Хотамут Тойидан “ўзингиздан-да сахий инсон кўрганмисиз?” деб сўраганларида “Ҳа. Бир куни чўлда кетаётган эдим, чанқадим, қорним очди. Шунда қарасам бир чодир турган экан. Соҳибини чақирсам чамаси 11-12 ёш бола чиқди. Ичгани нарса сўрадим, у мени ичкарига таклиф қилиб “ҳозир, бир дақиқа, ўтириб туринг” деб чиқиб кетди. Ва менга сут соғиб олиб кирди. Сўнг яна “ўтириб туринг” дедида, бироздан сўнг қўйнинг миясини пишириб келди. Мен мияни жудаям яхши кўрганим сабабли шошилиб еб қўйибман. Ҳалиги бола буни кўриб яна бир мия пишириб келди, уни ҳам едим, сўнг яна ва яна пишириб келаверди. Мен завқланиб еявердим. Кейин бола пишириб кирмади, менинг қорним ҳам керагидан ортиқ тўйганди. Раҳмат айтиб чиқсам, 8 та қўйни сўйиб қўйган экан. Мен “Нега бундай қилдинг, яна бошқа қўйларинг борми?” деб сўрасам “йўқ, сиз яхши кўриб еганингиздан бергим келаверди”, деб жавоб берди. Аллоҳга қасамки, мен инфоқ қилсам ҳам молимни учдан бири ёки жуда бўлса, ярмини инфоқ қиларман, лекин у бола ўша куни бор будини инфоқ қилган эди. Ўша бола менданда сахийроқдир”, деб жавоб берган
Хотамут Тойидан “Ўзингиз сахийликни кимдан ўргангансиз?” деб сўрашганида “Ғишт”дан. Бир куни бир жойга ҳашарга бордим. Қатор бўлиб туриб олиб қўлма-қўл ғиштни узатиб, устага етказиб берар эдик. Шунда қарасам, агар ғиштни қўлимда ушлаб олсам, менга кейинги ғиштни беришмаяпти. Узатиб юборсам, кейингисини беришяпти. Шундан хулоса қилдимки, модомики Аллоҳ менга берган ризқдан мен ҳам ўзгаларга бериб турар эканман, Аллоҳ менга кейингисини бериб туради. Бериб юбормасам, кейингисини бермайди”, деб жавоб берганлар.
Шундай экан, Аллоҳнинг Розиқ сифатига комил иймон келтириб, ҳар биримиз ризқимизни тўла-тўкис олишимизга ишониб, алдовнинг ҳар қандай туридан сақланишимиз лозим. Шундагина Ояти каримада келганидек “Биз мўминлар биродар” бўла оламиз. Акс ҳолда хайр бўлмайди. Аллоҳ таоло барчамизни том маънодаги биродар бўлишимизни ҳамда динда елкама-елка собит туришимизни Ўзи насиб ва муваффақ айласин.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Тошкент ислом институти талабаси Бахтиёр Нажмитдинов
ЎМИ Матбуот хизмати

3506 марта ўқилди

Мақолалар

Top