Мақолалар

“Улар билан кенгашиб иш қилинг”

Оилада эр аёли билан маслаҳатлашмоғи жоиз. Бу билан унинг қалбига хурсандчилик киритган бўлади. Аёл эри олдида қадри борлигини сезади. Ўзаро меҳр-муҳаббатлари зиёда бўлади.

Қуръони каримда: “…ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” дейилади (Оли Имрон, 159 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтларда аёллари билан маслаҳатлашганлар. Ҳудайбия сулҳи воқеасида мушриклар билан сулҳ тузилгандан кейин саҳобаларга: “Туринглар, қурбонликларингизни сўйинглар ва сочингизни олинглар”, дедилар. Ана шу гапларини саҳобаларга уч марта такрорлаб айтсалар ҳам бирор киши ўрнидан турмади.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдига кириб воқеани айтдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Эй, Аллоҳнинг Набийи! Шундоқ қилишларини хоҳлайсизми? Чиқинг-да, улардан бирортасига бирор сўз айтмасдан, қурбонлигингизни сўйинг, соч олувчингизни чақиринг, сочингизни олсин”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳо маслаҳат қилганидек иш тутдилар. Саҳобалар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, қурбонликларини сўйдилар ва сочларини олдириб, у зотга дарҳол эргашдилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, хаётимиз давомида биз ҳам Расулуллоҳдан ибрат олишимиз,  эр-хотин бир-бири билан доимо маслаҳатлашиб, ўзаро тотув яшамоқлигимиз лозимдир. Бу билан оилада тинчлик ва барқарорлик бўлади.

Солиҳ кишилардан бири: “Мен бирор қўшимча қўшмаслигини аниқ билсам ҳам, аёлим билан уни хурсанд қилиш учун маслаҳат қиламан”, деган экан.

Абу Умомадан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банда Аллоҳга бўлган имондан сўнг эришган нарса солиҳа аёл бўлиб, унга амр қилса – итоат қилади, қараса, хурсанд қилади, қасам ичса уни оқлайди ва ғойиб бўлса ўз нафсида ва молида унга яхшиликда бўлади” дер эдилар” (Ибн Можа ривояти).

Ер юзида Ислом динини илк қабул қилган инсоннинг аёл киши бўлгани аёлларнинг фахрланишлари учун етарлидир. Бу аёл Хадича розияллоҳу анҳодир.

1500 га яқин китоб ёзган ҳиндистонлик буюк олим Ашраф Али Таҳонавий «Баёнул Қуръон» деб номланган тафсирни ёзаётган пайтлари аёллари у кишига: «Қафасдаги қушга дон бериб, сўнг мадрасага кетинг», деди.

Ҳазрат «Баёнул-Қуръон»нинг хаёлида аёлининг гапини эсдан чиқариб, мадрасага кетаверибди.

У зотнинг шогирдларидан Шафеъ Усмоний айтади:

«Агар бир одамнинг 1500 та китоб ёзишига кимки шубҳа қиладиган бўлса, унга икки гуноҳкор кўзим билан кўрганимни айтиб берай: «Мен Таҳонавийнинг қаламини қўли тегмаган ҳолда китобнинг устида айланиб ёзаётганини кўрганман».

Ўша куни тафсирни давом эттирмоқчи бўлган олимнинг қалами қимирламабди. Харчанд уриниб, уни юргизишга ҳаракат қилмасин, қалам турган жойида қотиб тураверибди. Шунда Яратганга «Ё, Аллоҳим, мен ҳар доим ёзишга ўтирганимда қалам ўзи ёзишни бошларди, мендан нима гуноҳ содир бўлдики, бугун қаламим ёзмаяпти» деб нола қилибди. Шунда уйдан чиқаётганида аёллари қушга дон беришни айтгани эсга тушиб, қаламни ташлаганча, уйга югуриб кетибди.

Уйга бориб, қушга дон бериб келганидан сўнггина қалам қимирлаган экан.

Қалам ёзишни бошлаган жой эса Нисо сурасидаги «Аёлларингиз билан яхши муомалада бўлинглар!» деган оят экан.

Модомики шундай экан, Онага, Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан биридир. Соҳибқирон Амир Темурнинг: “Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим”, деган ҳикматли сўзи асрлар ошса-да ўз моҳиятини йўқотмаган.  Қадимдан аёлни эъзозлаган давлат гуллаб яшнаган, равнақ топган. Аёлни ардоқлаган оила эса бу дунёнинг жаннатига эришган.

Шундай экан, жамиятда, оилада аёлни ўрни муҳимдир. Ҳар бир хонадонда тинчлик барқарор бўлса, бундай юртнинг келажаги порлоқ бўлади.

 

Раҳматилло МАДАМИНОВ,

Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

3891 марта ўқилди

Мақолалар

Top