Мақолалар

Бирдамлик – саодат калити

Қуръони карим ва ҳадис шарифда фақат эзгуликка даъват этилганини кўрамиз. Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, турли хил фирқаларга бўлиниш каби разил ишларни қоралайди, улардан эҳтиёт бўлишга буюради. Тинчлик неъматини бериб қўйган Аллоҳ таоло инсонларни турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишдан, шу йўл билан бир-бирларига душманлик қилишдан қайтарган. Бунга эришишнинг асосий йўли сифатида Қуръони карим ҳукмларидан чекинмасликка буюриб шундай деган:

Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади!” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, борингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча миллат ва элатларни, дин вакилларини бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, осойишта ҳаёт кечирмоқларини насиб этсин, турли хил ихтилоф, келишмовчик ва зиддиятлардан, биз билган ва билмаган ҳар қандай бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин.

Дийдор АСКАРОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3823 марта ўқилди

Мақолалар

Top