Мақолалар

“Витр” тоқ маъносини билдиради

Савол: Бир кунда беш вақт намоз бор, деймиз. Витр намози-чи? Ёки у хуфтон намози таркибига кирадими? 

Жавоб: Йўқ, витр хуфтон намози таркибига кирмайди. У алоҳида намоз, лекин вақти хуфтон намози вақтидир, Пайғамбаримизга фарз, умматларига эса (бизнинг мазҳабга кўра) вожиб қилинган (Сарахсий. “Муҳит”). Чунки Расулуллоҳ  бундай марҳамат қилганлар: “Эй Қуръон аҳли, витр намозини ўқинг! Зеро, Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради(Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

“Витр” луғатда тоқ маъносини бергани учун ҳадисда “Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради”, дейилмоқда.

Витр намози хуфтон вақти кирганидан бошлаб кечанинг охиригача ўқилаверади. Аммо хуфтондан олдин ўқиш жоиз эмас. Агар витр хуфтон намозининг таркибига кирганида, уни кечанинг охиригача кечиктириш макруҳ бўларди. Ҳолбуки, уни кечанинг охиригача (бомдод вақтига қадар) кечиктириб ўқиш мустаҳабдир (“Табйин”).

Ҳанафийликда витр намози уч ракат. Ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади. Унинг биринчи ракатида  Аъло, иккинчи ракатига Кофирун, учинчи ракатига Ихлос сураларини ўқиш мандубдир. Бунга Расулуллоҳнинг  витр намозини ана шундай ўқиганлари ҳақидаги Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Можанинг Убай ибн Каъбдан  ривоят қилган ҳадислари далил бўлади (“Фиқҳул ислам ва адиллатуҳу”).

Витр намозининг учинчи ракатида “Қунут” дуосини ўқиш, саҳиҳ қавлларга кўра, вожибдир (“Жавҳаратун наййира”).

“Сўраган эдингиз” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

5583 марта ўқилди

Мақолалар

Top