Мақолалар

Муносабат: Илдизи бир, макони бир миллатлар

Ўзбек ва тожик халқларининг қанчалик яқин эканини таърифлашни ният қилган ҳар бир киши “Икки тилда гаплашувчи бир халқ”, дейди. Зотан, ушбу икки халқнинг қардошлигига бундан бошқа ҳар қандай таъриф камлик қилади.
Бинобарин, Марказий Осиёдаги ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик халқларининг қадим аждодлари бир бўлган. Шунинг учун ҳам бу халқларнинг, айниқса, ўзбек ва тожикнинг урф-одатлари, миллий анъаналари бир хил, фақат тил бошқа, холос.
Собиқ шўро даврига қадар бу халқлар аралаш яшаган, бири иккинчисига бошқа миллат вакили у деб ётсираб қарамаган. Истиқлол даврига келиб эса ўша шўролар ўрнатиб берган чегаралар мустаҳкамлана бошланди. Минтақанинг қувватланиб боришини истамаган, уларни ёвлаштириб, шунинг ҳисобига жиловини қўлида ушлаб туришни истаган “кўринмас” кучлар ўзларининг интеллектуал институтлари яратиб берган сиёсий ўйинларини ишга солиб бу ҳудуддаги давлатлар ўртасига низо чиқаришга жидду жаҳд этди ва бу мақсадларига маълум маънода эришдилар ҳам. Натижада Тожикистонга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик аёл ватанига келолмайдиган бўлди. Ўзбекистонга тушган келиндан эса чақалоғи тортиб олиниб ўзи депортация қилинди. Икки давлатда яшайдиган ака укани, опа сингилни кўра олмас бўлди. Улар ҳатто дийдор қиёматга қолди дея тушкунликка ҳам тушдилар. Чунки улар учун чегара постларига келиш арслоннинг қошига келиш билан баробар бўлиб қолган эди.
Қариндош-уруғни бир-биридан жудо қилиш ҳар икки халқ вакилларига зулм эди. Шунинг учун президентимиз Шавкат Мирзиёев вазиятни ўнглашга сайъ-ҳаракат қилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1 март кунидан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 9та назорат-ўтиш пунктларининг фаолияти қайта ишга туширилди, 8та автомобиль йўли ҳамда 1та темир йўл фаолияти тикланди. Бундан ташқари, 2017 йил апрел ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК узоқ муддатдан сўнг, Душанбе шаҳрига илк парвозни амалга оширганди. Яқинда икки мамлакат ўртасидаги авиарейслар тўлиқ тикланадиган бўлди.
Юртбошимиз бу иши билан ўзбек ва тожик халқининг дуоларини, олқишларини, мақтовларини олди. Навоий бобомиз: “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,/ Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай” деганидек, икки давлатнинг чегаралари очилиши қанча ёшли кўзларнинг дардини аритди. Янада севинчлиси, 9 март куни Тожикистонга илк ташрифи давомида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида визасиз тартиб ўрнатилгани ҳақида муҳим ижтимоий ҳужжат имзоланди.
Эндиликда икки давлат фуқаролари эндиликда 30 кун давомида ҳеч қандай рухсатнома ёки таклифномани тақдим этмаган ҳолда чегарадан ўтиши, қўшни давлатда муайян муддат яшаш ҳуқуқига эга. Бу келишув икки давлат раҳбарлари, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон томонидан имзоланган ҳужжатда акс эттирилган.
Маҳалламизда яшайдиган қўшнимиз айтади: “Хўжандда яшайдиган синглим инсульт бўлиб қолган эди. Инсультнинг асоратидан қаттиқ азият чекаётувди бечора. Шу муштипаргина синглимнинг бир мартагина ҳолидан хабар оламан деб борганимда чегара постидаги текшир-текширу биз ўрганмаган муомалаларни кўриб ўзим инфаркт бўлаёзган эдим. Шукрки, яхши кунларга етдик. Уни Тошкентга олиб келдим. Энди бу ердаги малакали дўхтирларга қаратаман насиб этса”.
Буни қаранг, одамларимиз фақат дийдордан эмас, бошқа томонлардан ҳам азият чекаётган экан. Энди ана шундай масалалар ҳам изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давомида ўтказилган самарали музокаралардан сўнг Душанбе шаҳрининг “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди,
Ўша тантананинг Интернет сайтларида суратларини кўрган киши томошабинларнинг қайси бири ўзбек, қайси бири тожик эканини ажрата олмайди. Ё тавба, эт билан тирноқни ажратиб бўларканми... Тил бошқа бўлса нима бўлибди. Кўнгиллар бир-ку! Ахир улуғларимиз тиллар сўзлашади, кўнгиллар дўстлашади демаганмиди!
Ўзбекистоннинг ҳудуди Тожикистон тарафга, Тожикистон чегарасининг Ўзбекистон тарафга кенгайгани, ўзбек халқининг тожик халқи ҳисобига кўпайгани, тожик халқининг ўзбек халқи ҳисобга кўпайгани муборак бўлсин, азизлар.


ЎМИ Матбуот хизмати

4990 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top