Мақолалар

Бир оят тафсири: “Эй Муҳаммад, сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар...”

«Эй Муҳаммад, сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Улар тўғрисида сизларга Оллоҳ ҳамда Қуръонда тиловат қилинадирган етим қизлар ҳақидаги оятлар фатво беради, деб айтинг!» (Нисо сураси 127-оят).

Оиша розияллоҳу анҳо ушбу ояти Кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида шундай дейдилар: «Эй Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Улар тўғрисида сизларга Оллоҳ («уларга уйланмоқчи бўласизлар» деган сўзигача)» деган оят қарамоғида бир етим қизи бор киши ҳақида нозил бўлган эрди. Ўша киши қизга валийлик (ҳомийлик) қилар, ҳатто унга тегишли хурмозор ҳам унинг қўлида эрди, шунинг учун у арзонгаров қизни ўз никоҳига олмоқчи бўлди. Қиз ўзи ёқтирган ва молига эга бўлишига ҳам рози бўлган бошқа кишига турмушга чиқай деса, қизғаниб рози бўлмади ва қизга зулм қилиб, уни эрга бермай ушлаб турди. Мазкур оят шу ҳақда нозил бўлган».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан аёллар ҳақида, уларнинг ноаниқ ва чигал масалалари, уларнинг ҳақ ҳуқуқлари ҳақида сўралди. Чунки жоҳилият даврида уларнинг ҳуқуқлари тамомила поймол этилган эди. Аёл эркакнинг қўлида бир буюм каби қадрсиз ҳолга келган эди.

Қуръони Каримда ушбу саволга кифоя қилгудек етарли даражада жавоб келди. Унда аёлларга тегишли барча ҳукмлар, уларнинг ҳуқуқлари, зиммаларидаги бурч вазифалари баён этилди. Ҳусусан, уларга яхши муносабатда бўлиш, гўзал муомала қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Энг аввало, аёллар – улар оналардир.

واعبدوا الله ولا تشركوا به شيئاً وبالوالدين إحسانا

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! (Нисо сураси 36-оят)

Яхшилик қилиш ё сўз билан бўлади: уларга эҳтиром кўрсатиш, илтифотли бўлиш, мулойим сўзлаш каби…

Ёки амалда бўлади: уларнинг хизматларини қилиш, бирор нарсага эҳтиёж сезсалар, уни таъминлашда қоим бўлиш…

Ёки молда бўлади: уларга молларидан сарф этишлари. Асло қилган хизматларини миннат қилмасликлари лозим.

Аёллар – улар қизлар ёки сингиллардир.

قال رسول الله: لا يكون لأحد ثلاث بنات أو ثلاث أخوات أو ابنتان أو أختان فيتقي الله فيهن ويحسن إليهن إلا دخل الجنة

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг учта қизи ёки синглиси бўлса ёхуд иккита қизи ва синглиси бўлса, улар борасида Аллоҳдан қўрқиб, яхшилик қилса, албатта, у жаннатга киради», дедилар»  (Абу Ийсо Муҳаммад Термизий. Жомеъу-т-Термизий). 

Қизлар ёки сингилларни тарбия қилиш ва уларни вояга етказиш жуда нозик, машаққатли ва алоҳида диққат-эътиборни ва назокатни талаб қиладиган иш. Сабр қилиб қиз болани боқиб, кийинтириб, одоб-ахлоқи, тақвосини чиройли қилиб, ибодатда мустаҳкам қилиб вояга етказиш жуда катта мақомдир.

Аёллар – улар жуфти-ҳалол, рафиқалардир.

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

النساء: 19

Ва улар ила яхшиликда яшангиз. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса.” (Нисо сураси 19-оят)

 

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ» أَوْ قَالَ: «غَيْرَهُ»

رواه مسلم

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтиради», дедилар. (Муслим ривояти)
Аёллар – улар диндош опа–сингиллардир. Бу ҳам уларнинг ҳақ–ҳуқуқларидан биридир.

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ

التوبة: 71-72

 “Мўминлар ва мўминалар бир – бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба сураси 71-оят).
Зотан, уларнинг қалблари ўзаро меҳр-оқибат, ҳайрихоҳлик ва дўстона муносабатда умумийдир. Ҳақиқий мўмин ўзининг диндош муслима синглисини ҳурмат қилади. Доимо яхшиликни раво кўради. Унга нисбатан зулм, хиёнат ва ҳуқуқларини поймол қилиш каби ёмонликнинг барча кўринишларидан ўзини сақлабгина қолмай, балки уни ўз туғишган синглисидек ҳимоя қилади.

Манбалар асосида

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Авазхўжа БАХРОМОВ тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

5878 марта ўқилди

Мақолалар

Top