Мақолалар

Гўзаллик – мутаносибликдир

Динимиз – гўзаллик дини. Шу боисдан шариатимиз гўзалликни улуғлайди ва банданинг барча нарсаси – сўзлаган сўзи, бажарган амали, кийган кийими... ҳамма-ҳаммаси  ўзига муносиб равишда унга зийнат бўлишига тарғиб этади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «… إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ …»

(رواه مسلم)

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «… Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради…» дедилар (Муслим ривояти).

Айниқса, инсоннинг ахлоқий ва эстетик жиҳатларнинг уйғунлашуви динимизнинг асосий талабларидан бири саналади. Буни Жалолиддин Румий ҳазратлари “Ё аслинг каби кўрингил, ё кўринганинг каби бўл”, дея жуда ҳам чиройли тушунтирган.

Рус донишмандларидан бири айтган эди: “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак – қиёфаси, кийими, қалби ва тафаккури” Ушбу фраза бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Боз устига унинг тўлиқ баёни Исломда ўз ифодасини топган. Қуръони каримда инсонга ўзига қараб юриш, гуноҳга бошловчи хаёлларга берилмаслик, қалбини зикруллоҳ билан поклаб юриш, танасини ва кийимларини ҳам озода қилиб юриш амр этилган. Юқорида айтганимиздек, ҳадиси шарифда “Аллоҳ гўзалдир, У гўзалликни севади”, деб марҳамат қилинган.

Бироқ айрим инсонларда бу иккиси – зоҳиридаги ва ботинидаги гўзаллиги бир-бирига мувофиқ эмас. Улардан бири руҳининг гўзаллигига оро бериб, ташқи қиёфасига эътибор қилмайди, бошқаси эса бунинг аксини қилиб танасини безайди ва қалбини унутади.

Унутмаслик керакки, инсон гўзаллигини белгилайдиган ана шу икки омилнинг табиати  ҳар хил бўлади. Ҳатто бир-бирига қарама-қарши келиши ҳам мумкин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қиймати ва ноёб хусусияти бор. Агар ботиний гўзаллик инсоннинг маънавиятини бойитиб, ахлоқини юксалтириб, вазминликка, сабр-тоқатга ўргатса;  мусулмон кишининг ташқи кўриниши жуссасига ярашаган покиза кийими, очиқ чеҳраси атрофдагиларда нафақат унинг ўзига нисбатан, балки динимизга нисбатан ҳам қизиқиш ва ҳурмат уйғотади. Ислом динида айнан ахлоқий ва эстетик гўзалликнинг уйғунлиги бутун гўзаллик саналади. Буни Абул Ахвас ал-Жашамийдан ривоят қилинган ушуб ҳадис тасдифлайди:

“Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эски, йиртиқ-ямоқ кийиб юрган ҳолимда дучлашиб қолдим. Мени бу ҳолда кўрган Расул алайҳиссаломнинг раҳми келиб моддий аҳволим билан қизиқдилар. Мен жуда ҳам бой одам эканимни айтдим. “Сенинг бойлигинг нималардан иборат?” деб сўрадилар”, у зот.  “Аллоҳ таоло менга ато қилган туя ва қўйнинг сон -саноғи йўқ”, деб жавоб бердим. Шунда Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда Аллоҳ таолонинг сенга берган неъматларини кўрсатиб кийинган”, дея маслаҳат бердилар” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Насоий ривояти).

Ботиний ва зоҳирий гўзаллик тимсоли сифатида имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳни ҳам келтириш мумкин. Ана шу буюк олим ташқи қиёфасига ҳам жиддий эътибор қаратган. У зот узун соқолли кўркам одам бўлган, ҳар доим чиройли кийинган, салласини ҳам чиройли ўраган, овози жуда ҳам ёқимли бўлган, ҳар доим муаттар ҳид таратадиган хушбўйликлар сепиб юрган, ўша хушбўйликларнинг ҳидиданоқ у зотнинг келаётганини билиб олиш мумкин бўлган.

Шундай қилиб, динимиз инсонларга чиройли кийинишни тақиқламайди, аксинча, шунга даъват этади. Аммо бунда ҳаддан ошилса кибрга кетиб қолади.

يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ  

Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди) (Аъроф сурасининг 31-ояти).

Динимизда худди жавоҳирга ўхшаб бегона нигоҳлардан тўсилган аёл гўзаллигига алоҳида эътибор қаратилади.  Фақат уйдагина унинг ёрқинлиги ва улуғворлиги яққол кўзга ташланиб туради ҳамда унинг безаниши турмуш ўртоғига хотиржамлик бағишлайди. Ўзига оро бериб, чиройли ва озода кийимларини кийиб, эрини очиқ чеҳра билан кутиб олиш – Аллоҳ таоло муслималарга амр этган ёқимли юмушлардан биридир.

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

6798 марта ўқилди

Мақолалар

Top