Мақолалар

Онанинг ҳаққи отаникидан олдинда келади

Исломий одоб китобларимизда онага ҳурмат ва хизмат кўрсатиш отадан олдин келиши буюрилган кўрсатамалардан ҳисобланади. 

Ҳадис. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам урушда қатнашиш бўйича маслаҳат олгани келган бир одамдан:

 Онанг борми?, – деб сўрадилар.

 Ҳа, – деди.

 У ҳолда унинг хизматидан айрилма, чунки жаннат оналарнинг оёқлари остидадир, – дедилар. (Насоий, Ибни Можа, Ҳоким)

***

Баҳз бин Ҳакам отасидан, у эса ўз отасидан ривоят қилишича, Ибн Ҳакамнинг отаси шундай деган:

Бир куни бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб:

 Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшлик ва итоат қилайин? – деб сўрайди. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 Онаннга.

 Кейин кимга?

 Онангга.

 Кейин кимга?

 Онангга?

 Кейин кимга?

 Отангга, кейин навбати билан яқинларингга, – дейдилар. (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Ҳоким)

***

“Фарзанд онасига яхшилик қилишда, (отасига яхшилик қилишга нисбатан) икки карра қарздордир.” (Зобидий, “Итҳафус-Сода”)

***

“Олдин онангга, ортидан отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва навбати билан қолган яқинларингга яхшлик қил”. (Насоий)

***

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Иҳёу улумиддин” асарида қуйидаги ҳадиси шарифлар келтирилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Кишини онасининг ҳақига риоя этишга тавсия қиламан. Кишини онасининг ҳақига риоя этишга тавсия қиламан. Кишини онасининг ҳақига риоя этишга тавсия қиламан”. Кейин шундай давом этади: “Кишини отасининг ҳақига риоя этишга тавсия қиламан, кишига унинг ишини кузатиб турган раҳбарининг ҳақига риоя этишга тавсия қиламан, ҳатто раҳбари унга азият берган бўлса ҳам.” 

***

 “Она учун қилинадиган яхшиликнинг ажри икки мислдир”.

 

Итоат ва яхшилик қилиш бобида она отадан олдин келади. Шу туфайли ҳам фарзанд зиммасида онанинг ҳақи отаникидан кўра кўпроқдир. Ҳадисда уч марта онага яхшлик қилишнинг кўрсатилиши бу зотнинг ҳаққи нақадар улуғлигидан далолат беради.

Фарзандлар отадан кўра оналари билан кўпроқ очиқ муносабатда бўладилар, эркаликлар қиладилар. Сабаби оналарнинг оталарга нисбатан шафқатлироқ ва марҳаматлироқ бўлганликларидир. Шунинг учун ҳам оналарининг заифлиги ва ўта меҳрибонликларидан фойдаланган фарзандлар оталарига қараганда уларга нисбатан кўпроқ исён қиладилар. Оталарига эса бундай қилолмайдилар. Оналарга зиёда яхшилик қилишга буюрилишининг битта сабаби ҳам аслида шундадир. 

Ривоят. Бир куни Ибни Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнига бир одам келиб, бир аёлга кўнгил берганини маълум қилади. Бироқ аёл бошқа бировни маъқул кўргани боис, уни қизғонганидан ўлдириб қўйганини ҳасрат билан ифода қилади. Бу мудҳиш жинояти учун тавба қилса Аллоҳ қабул қиладими йўқми шуни билмоқчилигини билдиради.

Қотиллик жинояти бўйича шариат ҳукмини яхши билган Ибни Аббос шундай бўлса-да, Аллоҳнинг раҳматидан, мағфиратидан умид қилиб қандай қилиб тавба қилса мақул бўлиши ҳақида бироз бош қотиради. Кейин одамдан “Онанг тирикми?” деб сўрайди. Жиноятчи эса онаси аллақачон вафот этиб кетганини маълум қилади. Шунда Ибни Аббос розияллоҳу анҳу одамга қараб, қозининг бу мудҳиш жиноят бўйича чиқарадиган ҳукми қандай бўлишидан қатъи назар Аллоҳга қаттиқ тавба қилишини, иложи борича Уни рози қиладиган амаллар билан шуғулланишга буюради. Бу мулоқотда ҳозир бўлганлар Ибни Аббосдан нима сабабдан унинг онаси ҳақида билмоқчи эканини сўрайдилар. Ибни Аббос розияллоҳу анҳу эса Аллоҳга яқинлаштирувчи амаллар орасида онага яхшлик қилишдан кўра хайрли бирорта амални билмаслигини маълум қилади. 

Ёшлигимиздан бошлаб то умримизнинг охиригча “вой болам”, “вой жигарим”, “нима бўлса ҳам боламга зарари тегмасин”, “керак бўлса жонимни ҳам бераман” деб ўтирганида ҳам турганида ҳам фарзандини ўйлаб, ўтиб кетадиган онаизорнинг қадрини, қимматини, даражасини кўринг. Ушбу ривоятда онага қилинган яхшилик Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига эришишнинг энг қулай ва яқин йўли экани маълум қилинмоқда. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта онага, тўртинчисида отага яхшилик қилгин деб беҳудага буюрмаганлар. 

Ривоят. Ҳазрати Бурайт розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифда шундай дейилади. Ҳаж мавсумида бир саҳоба онасини орқасига мингаштириб олиб, Каъбаи муаззамани тавоф қилдирибди. Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб:

– Ё Расулуллоҳ, онамни ортимга кўтариб олиб тавоф қилдим, унинг ҳаққини адо қилдимми?, – деб сўрайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Асло, сенга ҳомиладор бўлган пайтида тортиб чиқарган бир нафасининг ҳаққини ҳам адо қилолмадинг, – дейдилар. (“Кутуб-и Ситта”) 

Ота-онага хизмат қилиш имтиҳонининг энг нозик ва муҳим жиҳати шундаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримида уларга қарилик етган пайтда янада кўпроқ эътиборли бўлишга ишорат беради. Чунки улар ёш, куч-қувватга тўла бўлган пайтларида ҳамма ёқ гулу-гулистон бўлади, ёш фарзандлар фақат ота-она бағридагина ўзларини тўлиқ бахтли ва хотиржам ҳис этадилар, ҳаётлари фаровон кечади, энг асосийси фарзандларнинг қалблари хотиржам бўлади. Маълум вақтгача давом этадиган бу ажоийб давр афсуски, ўз ўрнини бошқа мавсумга бўшатиб беради. Фарзандлар катта бўладилар, ота-оналар эса қарийдилар, улар наинки бошқа бировга қарашга, балки ўзларини ҳатто эпололмай қоладилар ҳам. Ҳамманинг бошида бўладиган ана шундай вақтларда уларга фарзандлик бурчидан келиб чиқиб, ҳақиқий меҳр ва мурувват кўрсатилмасдан ўз ҳолларига ташлаб қўйилиши ҳеч қандай инсоний фазилатга тўғри келмайди. 

Қариялар ва меҳрибонлик уйларидаги ҳолат, бундай уйларни янада кўпайтириш чора-тадбирларининг кўрилаётгани жуда кўп нарсаларадан далолат беради. Бир замонлар бор-будини боласига берган, нечта бўлса ҳаммаси учун меҳр ва мурувватини аямаган, кимлар учун жаннатнинг калити бўлган ота-оналар кексайганларида қариялар уйларига бориб қолмоқдалар. Бу ҳар доим инсоний жамият олдидаги энг долзарб мавзу бўлиб келган. Тўғри давлат бу борада барча зарур чораларни кўриб бораверади, муравват кўрсатилаверади, лекин бу масаланинг ечими эмаслигини ҳамма яхши билади. Бу муамонинг ечими ҳар бир оиланинг ўзида, фарзандларнинг зиммасида. Инсон хатосини тўғрилашга ҳаракат қилиб яшаши керак. Ҳеч қачон яхши тарбия кўрган фарзанд ўзининг пушти паноҳини ёлғизлатиб, ташлаб қўймайди. Бу икки томон бир-бирига жуда ҳам боғлиқ, бир бутунлик эканини эсдан чирмаслик керак.  

Динимизда агар ота фарзандининг тарбиясига оид вазифаларини ўз вақтида бажара олмаган бўлса, унга ноҳақ зулм ўтказган бўлса, фарзанд айнан шуни баҳона қилиб ота-онаси олдидаги бурчларини бажармай қўйишига ҳам рухсат берилмайди. Ота-онага жазо бериш бу фарзанднинг иши эмас, дейилган одоб китобларимизда. Уларни кўнглини оғритиб, ҳафталаб, ойлаб, ҳатто, йиллаб гаплашмасдан, уларни ёлғизлатиб қўйиш ҳеч қандайига мўминнинг одоб-ахлоқига тўғри келмайди. Аксинча, фарзанд уларга чиройли гапириб, кучи етадиган ҳар қандай ёрдамини бериб, вазифаларини бажариб, рози қилиб, дуоларини олишга ҳаракат қилавериши керак. Фарзандларга тушадиган вазифа уларга фақат итоат ва яхшиликда бўлишликдир. Айрим жамиятларга хос бу одат Ислом оламида тақиқланаб, уламоларимиз ота-онага нисбатан бундай муносабатда бўлишни жоиз эмас деб айтадилар. Зеро, ҳар бир инсон ота-она бўлсин, фарзанд бўлсин, ҳар қайсилари ўз вазифаларидан сўраладилар. 

Ибрат. Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бир одам ҳақида “катта гуноҳлар қилади” деб хабар берадилар. Ҳазрати Умар ўша одамнинг қилган гуноҳларини бирма-бир санаб беришларини сўрайди. Унинг қилган баъзи гуноҳлари ҳақида маълумот олгач, уларни катта гуноҳлар эмаслигини билдиради. Кейин ҳазрати Умарнинг ўзи буюк гуноҳларни санаб чиқади ва кетидан ўша одам жаҳаннамдан қўрқиб, жаннатга киришни хоҳлайдими йўқми, деб унинг истагини сўрайди. Одамнинг нима хоҳлашини айтганларидан кейин, ота-онасидан қайси бирилари ҳаёт эканини сўрайди. Шунда онаси ҳаёт бўлиб, ўғли билан бирга яшаётганини айтадилар. Буни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу агар бу одам онасига яхши гапирса, уни еб-ичирса ва буюк гуноҳлардан ўзини сақласа муҳаққақки жанатга киради, дейди. 

Масала. Она ва ота бир вақтда чақириб қолишса олдин онага жавоб берилади. Зеро ҳадиси шарифда: “Она ва ота бир пайтда чақириб қолсалар, аввал онанинг чақирувига эргаш!” деб буюрилган. (Дайламий)

Ота-оналарга бир вақтнинг ўзида яхшилик қилишга тўғри келиб қолса, уларни ранжитиб қўймаслик учун отага ҳурмат ва итоат қилинади, онага хизмат, ёрдам ва эҳсон қилинади, деб таъкидлайдилар уламоларимиз. Масалан, ота-она фарзандининг олдига кириб келиб қолса, отанинг ҳурматидан унга пешвоз чиқилади, агар улар бирор нарсани сўрасалар биринчи онага бериш лозим бўлади. Чунки фарзандда бир кишига етадиган нафақаси бўлса уни олдин онасига беради.  

Биз фарзандлар бу тартиб-қоидаларни, одоб-ахлоқларни ҳар доим ёдимизда тутиб, уларга амал қилиб юришни ўзимизга вазифа деб билишимиз керак. Акс ҳолда биз ҳаётнинг тўлиқ мазмун-моҳиятини, ҳузур-ҳаловатини, бахт-саодатини билмаган ҳолда қўлдан бой бериб қўямиз.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

4829 марта ўқилди

Мақолалар

Top