Мақолалар

Мутолаа – тафаккур чархи, камолот мезони

Китоб мутолааси кишини комиллик сари етаклайдиган, унинг тафаккур хазинасини бойитадиган, зеҳнини ўткир, мушоҳадасини теран қиладиган муҳим ҳодисадир. Инсоният кашф қилган энг буюк ихтиро, ҳеч шубҳасиз, китобдир. Башарият асрлар оша қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлса, албатта, бунинг замирида китобга меҳр, мутолаага иштиёқ мужассам.

Ислом дини жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга буюради. Бежизга Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “ўқи” амри билан бошланмаган. “Илм” сўзи Қуръони каримда 811 марта турли маъноларда зикр этилган.

Динимиз биринчи оятидаёқ ўқишга, мутолаа қилишга, ёзишга чорлаган. Қуръон сўзининг бир маъноси “ўқиш” демакдир. Шу буйруққа амал қилган аждодларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Навоийлар жаҳон илм-фанига беқиёс ҳисса қўшиб, бизга бебаҳо маънавий мерос қолдириб кетишди.

Истиқлол йилларида аждодларимизнинг ана шу меросини ўрганишга, тадқиқ қилишга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш ҳақида бот-бот таъкидлайдилар. Зеро, навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, улар қалбида тарихимизга муҳаббат уйғотишда китоб беқиёс аҳамиятга эга.

Бугуннинг болалари барча давр фарзандлари каби беғубор, самимий. Аслида уларнинг китоб билан дўст тутиниши учун биз катталарнинг қуруқ даъвати кифоя эмас. Аввало, шароит яратиш, рағбатлантириш ва ёш авлоднинг қизиқишини инобатга олиш зарур.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!” (Зумар сураси, 9-оят), дея билим нақадар катта аҳамиятга эга эканига ишора қилади.

Китобнинг фойдаси ҳақида сўзлаётиб, кўпинча дунёқарашни ўстиради, тафаккурни кенгайтиради ёки ақлни чархлайди каби умумий хулосалар айтамиз. Бироқ бу қандай рўй беради? Мутолаа қилибоқ тезда билимдон бўлиб қоласан, деган енгил қараш — нотўғри.

Тан олайлик, кўп такрорланганда таъсирчан гап ёки иборанинг ҳам бора-бора оҳори тўкилади. Худди “китоб ўқи, одам бўласан”, “кўпроқ ўқи, ақлинг чархланади”, “китоб — билим манбаи” каби сўзлар қулоққа чалинавериб қимматини йўқотгандек. Албатта, уларни яхшилик учун ишлатамиз, бироқ тарғиботда сўзнинг қадрини билган афзал эмасми?

Бу борада, аввало, китоб тарғиботини мактабгача таълим муассасаларидан бошлаган маъқул. Негаки, бола онгида боғчадан китоб мутолаасига иштиёқ уйғотилса, у шунга кўникиб, умр бўйи бўйи мутолаа қилиб яшайди. Умрининг мазмунини мутолаадан топади.

Китоб – хазина. Маънавий оламимизни бу хазина инжулари билан безаш ўз қўлимизда. Мутолаага ҳамроҳ инсонни эса қўлида машъала кўтарган шахсдек тасаввур қилиш мумкин. У нафақат ўзининг, балки яқинларининг ҳам йўлини ёритади.

Шу боис Каломуллоҳда олимларнинг даражаси жуда юқори экани таъкидланади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Соатлаб телефонда гаплашиш, уззукун телевизор олдидан жилмаслик, ҳафталаб компьютер ўйинлари билан машғул бўлиш интеллектуал салоҳиятни емиришини бугун вақтнинг ўзи исботлаб турибди. Чунки булар бир лаҳзалик қувонч, аниқроғи, шунчаки овунчоқ. Аммо бир ойда биттагина китоб ўқисангиз, олган таассуротларингиз йилларга татийди. Энг муҳими, меҳр-оқибат, олижаноблик, инсонийлик каби туйғуларни қалб кўзи билан кўра оласиз. Адолатсизлик, мунофиқлик, иккиюзламачилик каби иллатлардан нафратланишни ўрганасиз.

Қандай қилиб ёшларни китобга ошно қилиб тарбиялаш мумкин? Бунда, аввало, муҳит муҳим роль ўйнайди. Яъни ота-оналаримиз, дўстларимиз, бизга сабоқ берган устозларнинг илм эгаллашга ва китобга қизиқиши унга меҳр уйғотишга туртки бўлади.

Баъзан бир оғиз яхши гап инсоннинг келажагига пойдевор бўлиши мумкин экан. Мисол учун, лампочкани ихтиро қилган Томас Эдисон болалик чоғида мактабдан уйига келгач, онасига конвертга солинган хатни беради ва: “Буни ўқитувчимиз сизга бериб юборди”, дейди.

Она хатни ўқир экан кўзларида ёш ҳалқаланади. Бундан хижолат бўлган ёш Томас хавотирга тушиб йиғининг сабабини сўрайди. Онаси анча хотиржамлик ила жавоб беради: “Сенинг кучли қобилиятинг бор экан. Мана эшит: “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учун ўғлингиз уйда таълим ола қолсин!”

Эдисон ўз уйида онасидан тарбия ола бошлайди. Орадан бир қанча йиллар ўтиб у лампочкани ихтиро қилади.

Вақти-соати етиб унинг онаси вафот этади. Шундан сўнг олим шкафдан бир конвертни топиб олади. Анча йил ўтган бўлса-да, хатни танийди: бу – ўша болалигида мактабдан келган хат эди. Бир зум тарих оғушига шўнғиган Эдисон хатни ўқий бошлади. Унда шундай сўзлар бор эди: “Ўғлингиз ўта беақл ва қобилиятсиз бола. Эртадан мактабга келмасин!”

Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмайди. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қўяди: “Эдисон, ҳақиқатан ҳам, ўта калтафаҳм бола эди. Бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди”.

Мухтасар айтганда, донишмандлар таъкидлаганидек, қанчалик кўп ўқисак китоблар бизни ҳаётга шунчалик яқинлаштиради, турмушимиз янада мунаввар, маънолироқ бўлиб боради.

 

Толиб НИЗОМ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

5758 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Хавотирга асос борми? Эгнингиздаги нима? »

Мақолалар

Top