Мақолалар

Неъматларга қандай муносабатда бўлмоқ лозим

 عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله -صلّى الله عليه وسلم- : «انظروا إلى من هو أسفل منكم. ولا تنظروا إلى من هو فوقكم؛ فهو أجدر أن لا تَزْدروا نعمة الله عليكم» متفق عليه

 “Дунёвий неъматлар борасида  ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Муқаддас Ислом динимиз таълимоти бандаларни қаноатли бўлишга тарғиб қилади. Чунки қаноат шундай фазилатки, у битмас-туганмас хазина, тамом бўлмайдиган захира, у мол-дунёсиз бойлик, қўшин ва лашкарларсиз қудратдир.

Қаноат – Аллоҳ тақдир қилган қисматга инсоннинг рози бўлиши,  мол-дунё, бола-чақа ва сиҳат-саломатликда ўзидан куйироқдаги инсонларга қарашидир.

Бу Аллоҳнинг неъматларини таниш ва унинг шукрини адо этишга олиб борувчи энг яқин йўлдир.

Банда бу нарсаларда ўзидан юқоридагиларга назар солмаслиги лозим. Зеро, бу унинг ғам-қайғусини зиёда қилади. Тараддудга тушади. Охир-оқибат, Парвардигорининг неъматларига ношукурлик қилишига сабаб бўлади.

Соғлом киши, тўшакка михланиб шифтга термулиб ётган хастага боқсин…

Аллоҳ ризқини кенг қилган бадавлат киши фақирликдан азият чекаётган, ночорликдан нима қиларини билолмай боши қотган йўқсилга бир назар солсин…

Ўз юртида тинч-омон яшаётган киши, тинчликни қўлдан бой бериб, бир кун тинч яшаш учун борини беришга тайёр бўлган, бошига фалокатлар селдек ёғилиб турган қавмга қарасин!  Шунда у ўзининг нақадар бебаҳо неъматлар ичида яшаётганини мулоҳаза қилади.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов тайёрлади. 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3296 марта ўқилди

Мақолалар

Top