Мақолалар

Она табиатга муносабат

Аллоҳ таоло инсонни барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажойиб оламни инсонга бўйунсунадиган қилиб қўйди. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун қайта фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган.

Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломнинг бу масалага қанчалик катта эътибор қаратишини кўрсатиб турибди. Ҳар биримизга маълумки Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан ва ўзаро боғлиқ ҳолатда яратган. Бу ҳақида Қуръони каримнинг Қамар сураси 49-оятида шундай марҳамат қилган:

“Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”.

Демак, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам аниқ ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бузилса, жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни асраб-авайлашга ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам худди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни Зориёт сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган:

“Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир.

Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадису шарифлар ворид бўлган, улардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, дейдилар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.

Ислом дини доим иймонли инсонларни ҳайвонот яъни жониворларга зарар келтирмасликка, ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақиради. Қуръони каримдаги баъзи оятлар Аллоҳ таолонинг ҳайвонот оламини яратишдан мақсади, уларни муҳофаза қилиш тартиби, инсон ҳайвонот дунёсидан қандай фойда олиши мумкинлиги, ҳайвонларни тарбия қилиш йўлларини батафсил тушинтириб берган. Қуръони каримнинг Бақара, Анъом, Фил, Намл, Наҳл каби суралари ҳайвонлар номи билан аталади. Бу сўзларнинг таржимаси “Сигир”, “Чорва ҳайвонлари”, “Фил”, “Чумоли”, “Асалари” деганидир.

Қуръони каримда барча жонзот ва қушлар инсонлар каби “уммат” экани таъкидланади. Мана шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонлиларга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонларга фойда келтирадиган неъматлар қилиб яратди. Шу жиҳатдан, инсонлар бу неъматлар учун Парвардигорига шукр қилиб, ўзлари учун фойдали ва зарур бўлган ҳайвонот дунёсини қўриқлаши ва сақлаши лозим бўлади. Шукр қилиш эса, икки йўл билан бўлади. Биринчиси, бундай неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш бўлса, иккинчиси Парвардигор ато қилган неъматлардан фойдаланишда унинг кўрсатмасига мувофиқ иш юритишдир. Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қаттиқ таъкидланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: “Менинг ҳайвонларнинг юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими?” дедилар”. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл ўзининг мушуги сабабли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. Ҳатто, у озиб-тўзиб ўлди” деганлар. Кўриниб турибдики, Ислом ҳайвонларни мақсадсиз ўлдиришни катта гуноҳ ҳисоблаб, қатъий манъ қилади. Чунки Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар фойдаси учун яратган. Аллоҳ таоло яратган жонворларни бехуда ўлдириш унинг неъматларига нисбатан ношукурлик ва нонкўрликдир. Худди ҳайвонот олами каби наботот яъни, ўсимликлар олами ҳам Аллоҳнинг инсонларга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас еди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ бу оламни инсонга ҳаёт воситаси бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратган. Буни Аллоҳ таоло Абаса сурасининг 24-32-оятларида ҳам батафсил баён қилган. Аллоҳ таоло наботот оламини инсоннинг барча фойда, манфаати учун ростлаб қўйгандир. Ислом таълимоти инсонга ва унинг жамиятига фойда етказувчи барча нарсаларни йўқотиш, зарар етказиш ва исроф қилишни ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 9-11-оятларида шундай марҳамат қилган: “Ва осмондан барака сувини туширдик, ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич мевали шингиллари бор хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ қилиб. Ва у (ёмғир) билан улкан шаҳарни тирилтирдик”. Бу оятлардан биламизки, наботот олами бандалар учун ризқдир, бандаларнинг эса ўз ризқларини эҳтиром қилишлари ҳамда улар учун шукур келтиришлари, наботот оламига нисбатан тўғри муомалада бўлиши лозим. Аксинча, наботот оламига нисбатан ёмон муомала Аллоҳнинг ғазаби ва азобига олиб келади. Наботот олами, ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган.

Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи кўплаб ҳадису шарифлар ҳам мавжуд. Шулардан баъзиларини келтирамиз: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак ва ундан кимдир манфаат олса бундан бизга савоб ҳосил бўлишини тушуниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда айтилишича: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи амалига ёзилади”.

Ривоят қилинишича, бир куни бир одам ёши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ёнғоқ дарахти кўчатини экаётганини кўриб: “Эй муҳтарам зот, қариб, улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу ёнғоқ фалон йилдан сўнг мевага киради-ку?” дебди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга жавобан: “Менга савоби етса бўлди. Мевасини бошқалар истеъмол қилайверсин”, деган эканлар.

Аллоҳнинг инсонга берган улкан неъматларидан, ризқидан бири сувдир. Сув ҳаётнинг асосий унсури экани Қуръони каримда таъкидланган. Ҳақиқатда ер юзида сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло, Анбиё сураси 30-оятида: “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз” деб марҳамат қилган. Яна, Нур сураси, 45-оятида: “Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди”. дейди. Бундан барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сув экани келиб чиқади. Буни илмий тажрибалар ҳам кўрсатган. Инсон жисмининг 76 фоизини сув ташкил қилади. Шунингдек, сув бошқа тирик жонзотларнинг ҳам асосий унсурини ташкил қилади. Наботот оламини ҳам сувсиз тасаввур қилиш қийин.

Ислом дини нуқтаи назаридан қараганда, сув Аллоҳнинг улкан неъмати бўлиб, уни зое ва исроф қилиш ҳаромдир. Ҳар бир инсон сувни ифлослашдан ва исроф қилишдан тийилиши, ундан тежамкорлик билан фойдаланиши, қадрига етиши шартдир. “Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъд исмли саҳобанинг ёнидан ўтаётиб, “Бу қандоқ исрофгарчилик, эй Саъд?” дедилар. “Сувда ҳам исроф бўладими”, деб сўради Саъд. “Агар оқиб турган дарёдан олсанг ҳам”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом”.

Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатларидир. Агар шу нарсаларда сувни исрофи жоиз бўлмаса, ибодатмас бошқа ишларга исроф қилиш асло дуруст эмас.

Атроф-муҳитга, табиатга нисбатан меҳр-шафқатли ва адолатли бўлишга ўқитишинг, ўргатишинг ўзигина катта фойда келтирмайди, албатта, у билимлар, тарбиялар ҳам биз катталар томонидан амалга қўлланилиши, кўрсатилиши лозим. Ислом нуқтаи назарида табиатни муҳофаза қилиш тарбияси жамиятнинг катта ёшдаги аъзолари вазифасидир. Катта ёшдагилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қўриқлашда доимо ёшларга ибрат кўрсатишлари шарт. Улар ёш авлодни табиатни муҳофаза қилишда етук онгли, ҳайвонот ва наботот оламига раҳмдил қилиб тарбиялашлари зарур.

Бобо-бувиларимизнинг чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, нолойиқ жойларга ўтирма, кўчаларга ахлат ташламоқ деган ўгитлари доимо ёдимизда бўлмоғи зарур. Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдадир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимизни ҳаётини сақлаган бўламиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди. Ҳеч ким, фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, маҳалла, шаҳар ва мана шу ватан ҳам ўзимизники. Унинг озодлигига барчамиз масъулмиз. Ватанимиз ободлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик. Биздан келажак авлодга озод ва обод ватан қолсин.

 

 

М.ҚОРАЕВ,

 ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси 

ЎМИ Матбуот хизмати

6233 марта ўқилди

Мақолалар

Top