Жамиятимизда учраб турадиган нохушликлардан бири сўкиш ва ҳақорат қилишдир. Жамоат жойларида кўринишидан туппа-тузук инсонларнинг беҳаё сўзлар билан сўкинаётганини кўриб қоламиз. Ҳаттоки гапининг ҳар бир жумласига сўкишни аралаштириб гапирадиган кимсалар ҳам мавжуд. Баъзи ёшлар эса бир-бирига энг қаттиқ ҳақорат сўзларини ишлатишганда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек кулиб қўйишади. Бу инсонлар ўзлигини, яъни Аллоҳ таоло уни инсон гавҳари қилиб яратганини, унинг зиммасига юксак маънавиятли, маданиятли комил инсон бўлиш вазифасини қўйганидан бехабар кўринади. Биз ҳаётда нима учун ҳаммага меҳрибон, ширинсўз, фаол, атрофидаги инсонларга бефарқ бўлмаган фидойи инсонларни яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Сўзлаганда сўкиш ва ҳақорат сўзларига одатланган инсонни ким яхши кўради? Агар бу инсонлар бир оиланинг бошлиғи бўлсалар, улар шубҳасиз, оила даврасида ҳам ушбу сўзлардан фойдаланади ва бу нарса фарзандларига ўз таъсирини кўрсатади. Оила бошлиғининг маънавий намуна бўлиши қаерда қолади?
Гоҳида айрим ёшларни тарбиясида камчиликлар борлигидан шикоят қиламиз, ваҳоланки, ота-онада маънавият ва маданият бўлмаса, бу оилада тарбия топган боладан нимани кутиш мумкин? Оғзидан эшитилганда башарани ўзгартирадиган сўзлар чиқиб турган инсон инсоний сифатлардан узоқлашиб, ҳайвоний сифатларга яқинлашиб қолмайдими? Зеро, буюк бобомиз Алишер Навоий айтганлар:
Одам борки одамларнинг нақшидур,
Одам борки ҳайвон ундан яхшидур.
Бу мисралар бизнинг жамиятимиздаги иллатларга ҳам ишора қилаётир.
Хўш, сўкиш ва ҳақорат маъноларига динимиз қандай муносабат билдиради: Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Яъни, мўминларга ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар ҳам озор берадиган кишилар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксиларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради», дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда яхшилик йўқ, у дўзахда», дедилар (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам фарзандининг ҳар бир каломи ўзига зиёндир. Магар яхшиликка буюриш ё ёмонликдан қайтариш ёки Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно» (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълум буладики, беҳаё сўзлар билан инсонларга озор берадиган кишиларнинг яхши амаллари ҳам ёрдам беролмас экан. Тил инсонни охират саодатига ёки бахтсизлигига эришишига сабаб булувчи восита экан. Биз бу неъматни қадрига етиб, фақат яхшилик ва савоб йўлида фойдаланишимиз зарур бўлади. Албатта, ҳар бир инсон яхши, мулойим сўзни, хушмуомалаликни яхши кўради. Ёмон сўз ҳеч кимга ёқмайди. Сўзлаганда ҳар бир сўзни ўйлаб гапириш оқил кишилар одатидир.
Аллоҳ таолодан ҳар биримизга ширинсўз, бағрикенг, босиқ, мулоҳазали бўлишга тавфиқ беришини ва жамиятимизни юксак маънавиятли инсонларга тўлдиришини сўраб қоламиз.
Холмурод РАҲИМОВ,
Мир Араб олий мадрасаси курс талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати