Инсон одобининиг энг муҳим кўринишларидан бири бу – илмни ҳурмат қилишидир, илмни ҳурмат қилган киши эса, албатта, устозини ҳурмат қилади.
الادب مال واستعماله كمال
Одоб-бойлик, уни ҳаётда қўллаш-комилликдир. Чиройли одоб, киши хулқи инсонга берилган энг катта неъматлардан биридир. Чиройли одобга эга бўлган одам ўша хулқидан ишлата билиши, яъни одамлар билан яхши муомала қилиши, очиқ кўнгил, меҳрибон ўз навбатида, ақилли, уддабурон бўлиши ва бошқа сифатларни кўрсата билиши комиллик, етуклик белгиси ҳисобланад. "Сизлар одамларни мол-дунёларингиз билан мамнун қила олмайсизлар, балки очиқ юз ва яхши хулқларингиз билан миннатдор қилишларингиз мумкин", дейилади ҳадисда. Зеро, илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш одобли кишиларнинг фазилатларидандир. Шу билан бирга бир-бирига нисбатан яхши муомалада бўлмоқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тута билмоқ, ўзгаларни ҳам ўзидек ҳўрмат қилмоқ инсон одобининиг асослари ҳисобланади.
Ризоиддин ибн Фахриддин "Аҳли аёл" китобида ёзади: "Одам боласининг баҳоси, қадру ҳурмати ахлоқига қараб билунур. Гўзал ахлоқли кимсалар энг мўтабар бўлиб, ахлоқсизлар эса халқ қошида қадрсиз бўлурлар. Одам боласинининг ёш чоғида ўрганган одоби қабрига қадар бирга йўлдош бўлиб борадир. Шунининг учун гўзал ахлоқни ёш вақтида ўргатиш керак. Гўзал ахлоқ ҳар бир киши учун ҳам зарур, бироқ қизлар учун кўпроқ зарурдир. Ахлоқсиз қизлар халқ орасида яхши исм чиқара олмаслар, эътиборлари ҳам бўлмас. Гўзал хулқларнинг онаси ҳаё ила иффатдир. Бир қизда агар ҳаё ила иффат бўлса, унда барча яхши хулқлар жам бўлади".
Абдуллоҳ ибн Умар разиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в ансорлари олдидан ўтаётган эдилар, бир ансорий биродарига уялишдан қайтариб насиҳат қилиб турган эди. (Яъни жуда қаттиқ ҳаёли бўлма! Ўзинга қийин бўлади, деб). Расулуллоҳ с.а.в "Буни ўз ҳолига қўйгин. Чунки ҳаё иймондандир", дедилар (Имом Бухорий. Муслим ривояти).
Умар ибн Хаттоб (р.а): "Аввал одоб, сўнг таълим беринглар", дедилар. Абу Абдуллоҳ Балхий: "Нафснинг одоби илмнинг одобидан кўпроқ, илмнинг одоби илмниниг ўзидан каттароқ", деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: "Агар менга, бир кишида аввалгилару охиргиларниниг илми бор, деб сифатлашсаю, унда одоб бўлмаса, у билан учрашмаганимга афсусланмайман, агар бир киши ҳақида нафс одоби бор деб эшитсам, унга йўлиқишни орзу қиламан, учрашмасам афсусланаман" (Абу Лайс Самарқандий. Бўстонул орифин)/
Ибн Сино инсон ҳаёти тўғрисида шундай деган: "Инсонда доим турадурғон ҳусн ила латофат ҳаё ила ибодур. Ҳаёсиз юз жонсиз жасад кабидир". Абу Наср Фаробий эса инсон ўзининг яхши одоби билан бахт-саодатга эришиши мумкин, дейди. Ўтган асримизнинг йирик маърифатпарварларидан бўлмиш Абдулла Авлоний инсон баркамоллиги унинг ақли, жисмоний соғломлигида ҳамда одоб ва хуш хулқида, деб билади. Абдулла Авлоний ахлоқ-бу хулқлар мажмуасидир, Аммо яхши хулқ ўз ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия кераклигини айтади. Тарбияниниг бола камолатида тутган ўрни тўғрисида шундай дейди.
Темирчининг боласи тарбия топса бўлар олим,
Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса ҳам, бўлғуси золим!
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, одоб - миллатимиз кўрки, ҳаётимизниниг мағзидир деган хулосага келиш мумкин.
Имомиддин БОБОҚУЛОВ,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати