Мақолалар

Фарзандингизга касбу ҳунар ўргатинг

Ризқ-рўзни ҳалол йўллар орқали талаб қилиш касб ҳисобланади. Одам алайҳиссалом ҳам ризқларини буғдой-арпа экиш орқали топганлар. Инсоният тарихи давомида барча пайғамбарлар ҳам касб-ҳунар ўрганиб, у орқали ҳаёт кечиришган. Масалан, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Иброҳим алайҳиссалом баззозлик, Довуд алайҳиссалом совут ясаш, ҳурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом чўпонлик ва савдогарлик касби билан машғул бўлишган. Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ризқ-рўз топишга саъю ҳаракат қилишган. Инсон ўзи, оиласини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши йўлида саъю-ҳаракат қилиши ва керак бўлса бу борада машаққат тортиши энг савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади. Бу ўринда Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг барчамизга яхши маълум бўлган: «Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир», - деб айтган чуқур маъноли сўзларини яна бир бор эслаб ўтиш ўринлидир.

Дарҳақиқат, азалдан меҳнатсевар халқимиз тадбиркорликка кирувчи касб-ҳунар, дўкондорлик, зироат ва тижорат каби касблар билан шуғулланиб, ҳалол йўллар орқали оиласини боққан, рўзғорини тебратган. Зеро, Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир мусулмонга касб-ҳунарни эгаллаш фарздир» (Табароний ривояти).

Маълумки, юртимизда қадим-қадимдан инсофли, дин-диёнатли, мурувватли, етим-есир, ёлғиз кишилар аҳволидан доимо хабардор, бетобларни кўришга борувчи саҳий ва олий ҳиммат, давлатмандлар, тижоратчилар, дўкондорлар бўлишган. Улар ўзларига Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг: “Қўлинг ишда бўлсин, қалбинг Аллоҳда!”, - деган шиорига мувофиқ иш тутишган. Ҳар бир ишда тадбир, ақл-заковатли бўлиш, хусусан ҳаётимиз, тирикчилтгимиз омили ҳисобланмиш мол-дунёни ҳалол йўллар билан топиш ва уни ўз ўрнига сарф қилиш, ҳалол касб-ҳунар билан шуғулланиш, топилган мол-дунёни беҳуда йўлларга совуриб, беўрин исроф қилмаслик ҳар вақт уларнинг диққат марказида турган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: «Энг яхши таомингиз ўз касбингиз орқали келганидир, биродарим Довуд ҳам қўл касби орқали таомланар эди» (Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисларида эса: «Амалларнинг энг яхшиси ҳалол касб қилишдир».

Ҳар бир инсон инъом этилган ақл-фаросати, зеҳн-идрокини, тадбир-ҳаракатини ишга солиши, ихлосу эътиқод ва яхши ниятлар билан тижорат, тадбиркорлик, ишлаб-чиқариш, деҳқончилик каби ҳалол касбу ҳунар ва меҳнат орқали халққа, эл-юртга манфаат келтиришга ва ўз оиласини моддий таъминлашга интилиши лозим. Чунки касб-ҳунар, тадбиркорлик билан шуғулланиш шариат таълимотларига мувофиқдир. Зеро, бу ишларда ростгўйлик, ҳалоллик ва эминликда бўлиш, охир оқибат улуғ даражаларга етказади. Дарҳақиқат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб деганлар: «Ростгўй ва ишончли тижорат соҳиби жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шуҳадолар билан бирга бўлади» (Термизий ривояти).

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

4455 марта ўқилди

Мақолалар

Top