Мақолалар

Нафснинг етти даражаси

Нафс нима?

Инсонни имтиҳон қилиш учун яратилган нафс мусулмон бўлмаганларда аммора, мусулмонларда лаввома, ва мулҳима, ишончи камолга етгандан сўнг мутмаинна, Аллоҳдан рози бўлганда розия, Аллоҳ бандадан рози  бўлганда марзия ва софия даражаларига юксалади.

Нафс – инсонга унинг камолга етишмоғи учун берилган восита. Агар нафс берилмаганида эди, инсон фариштага ўхшаб бир мақомда қолар, унда юксалиш ёки қуйига тушиш ҳодисалари бўлмас эди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло Зарийат сурасининг 56-оятида:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим”, деб хитоб қилган.

Ушбу ояти каримада фаришталар ва ҳайвонларнинг тилга олинмагани уларнинг имтиҳон этилмаслигини билдиради.

Энди нафснинг етти даражасини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрамиз:
1. Нафси аммора: Нафси бу мақомда бўлган кимса Ҳақни инкор этади, ҳар доим ёмон ишларни қилишни режалаштириб юради. Нафси аммора – кофирлар ва мунофиқларнинг нафси. Аммора босқичи нафснинг зулматдаги босқичидирки, у босқич фақат тубан ахлоқ манбаидир. Юсуф сурасининг 53-оятида:

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلاَّ مَا رَحِمَ رَبِّيَ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ

Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Раббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Раббим мағфиратли ва билгувчидир», деди”, дейилади.

Бу босқичда бўлган кимсаларда васваса бўлмайди, улар жаҳаннамдан қўрқмайди. Бу тоифа Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарсадан қўрқади. Энг қаттиқ қўрқадигани ва нафратланадигани ўлимдир. Уларнинг севгилари ҳам нафслари учундир. 2. Нафси лавомма: Пушаймон бўлиб ўзини маломат қилган нафс демакдир. У нур ва зулмат юзма-юз бўлган нафсдирки, Қуръони каримда:

وَلَا أُقْسِمُ بِالنَّفْسِ اللَّوَّامَةِ

Ва маломатчи нафс билан қасам” дейилган (Қиёмат, 2).

Нафси бу ҳолатда бўлган кишиларда оз бўлса-да, охиротда ҳисоб бериш ваҳимаси бор. Бундай одамлар гоҳ мусулмоннинг, гоҳ мункирнинг ишини қилиб юради. Бу – мусулмонларнинг катта гуноҳ қилганларининг нафси. Уларда ҳам ўлимдан қўрқиш кўп, ҳисоб беришдан қўрқиш туйғуси жуда оздир.

  1. Нафси мулҳима:Асрор (сирлар) мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда мулҳимадир. Қуръони каримда:

فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا

“Бас, у(нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди”, дейилган (Шамс, 8).

Нафси бу мақомда бўлганлар солиҳлардир. Улар ўлимдан қўрқади, ҳисоб беришнинг оғирлигидан янада қаттиқроқ қўрқади. Улар ҳалол ва ҳаромга диққатли бўлган кишилардир.  

  1. Нафси мутмаинна:Етуклик мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда мутмаиннадир. Бу мақомда  банда нафсининг ҳою ҳавасларини жиловлаб олиб, уни сокинлаштирган бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб:

يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ

Эй хотиржам нафс!” дейди (Фажр, 27).

  1. Нафси розия:Вуслат (қовушмоқ) мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда розия номини олади. Қуръони каримда:

ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَّرْضِيَّةً

Раббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!” деб амр қилинади (Фажр, 28).

Бу мақомда ҳали Аллоҳ таоло нафсдан рози бўлгани йўқ, фақат нафс Аллоҳдан рози бўлгандир.

  1. Нафси марзия:Феълларнинг тажаллий этиш мақоми бўлиб, нафси натиқа бу мақомда марзия отини олади. Қуръони каримда:

يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ

ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَّرْضِيَّةً

Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!” деб амр қилган (Фажр, 27-28).

Ана шу мақом бандалар етиша оладиган энг юксак мартаба, бу даражага етган қуллар фақат пайғамбарлик рутбасига ета олмайдилар, холос.  Бу мақом илоҳий исм ва сифат нурларининг тажаллийси чақмоқ каби чақнаб  ғойиб бўлиб турадиган мақомдир. Бу мартабада нафс Аллоҳ таолоданг рози, Аллоҳ таоло ҳам нафсдан розидир.

Бу мартабанинг буюкларига ўлим йўқлик эмас, вуслат, шаби аруз-никоҳ кечасидир. 

  1. Нафси комила ёки софия:Бу нафс пайғамбарларнинг, улуғ авлиёларнинг ва хосларнинг нафси бўлиб, нафси натиқа бу мақомда софия номини олади. Бу мартабада бўлган буюкларнинг кўнглида Зоти илоҳийнинг нурлари чақмоқ каби чақнаб туради ва сўнмайди, ҳар дамда тажаллий этиб туради...

Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى وَإِن تَدْعُ مُثْقَلَةٌ إِلَى حِمْلِهَا لَا يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْءٌ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَى إِنَّمَا تُنذِرُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُم بِالغَيْبِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَمَن تَزَكَّى فَإِنَّمَا يَتَزَكَّى لِنَفْسِهِ وَإِلَى اللَّهِ الْمَصِيرُ

Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Раббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади)”, деб амр қилган (Фотир, 18).

Нафснинг тарбияси

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида айтиладики,  Аллоҳ таоло нафсни яратганидан сўнг нафсдан:

 Мен кимман? – деб сўради.

– Мен кимман? – деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Аллоҳ таоло фаришталарга амр қилди, улар нафсга бир йил азоб бердилар. Нафс шундан кейин ҳам айни саволга айни жавобни берганидан кейин Аллоҳ таоло нафсни бир йил оч қўйди. Ундан сўнг нафсдан: 

– Мен кимман? – деб сўраганда нафс:

– Сен Сендан бошқа илоҳ бўлмаган зотсан, – деб жавоб берди. Шундай қилиб, нафс очликка чидай олмаганидан Раббини таниди. 

Буюк мутасаввуф имом Раббоний ҳазратлариги кўра, бу ерда айтилган очликдан мурод баъзи жоҳил мутасаввуфлар тушунтирганидек фақат емак-ичмоқдан қисиб қўйиш эмас, зотан, ҳинду ва буддавий роҳиблари ҳам узоқ муддат сувсиз ва очликка тоқат қила олади, Аммо улар бундан фақат нафсининг сафосига эриша олади, холос. Ҳазрати Имом “Мактубот”ида нафсни оч қўймоқ нима эканини қуйидагича тушунтиради: “Нафснинг истаганларини қилмаслик, истамаганларини қилиш, нафсни мағлуб этишнинг энг қулай йўли эса суннатга уйғун яшамоқ ва  қалбни мосуводан (махлуқот севгисидан) пок тутмоқдир”.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

21143 марта ўқилди

Мақолалар

Top