Мақолалар

Ер думалоқми?

Албатта, Қуръони Карим Аллоҳнинг Каломи бўлиб, қиёматга қадар уни тиловат қилиб, ибодат адо этилади. Қуръон билан борлиқдаги илмий ҳақиқатлар ўртасида мутлақо зиддият йўқ. Чунки, Қуръони Карим ҳеч қачон ўзгармайди. Агар Қуръон билан илмий ҳақиқатлар ўртасида зиддият содир бўлганда, дин масаласи зое бўлган бўларди. Мабодо ўқувчининг кўзига зиддият кўринса, бу ё ўша ўқувчининг Қуръоний ҳақиқатни тушунмаслигидан ёки илмий ҳақиқат деб тақдим этилган нарсанинг саҳиҳ эмаслигидан бўлади.

Агар биз Қуръонни тўғри маънода тушунмасак ва уни нотўғри тафсир қилсак, зиддият юзага келади.

Агар илмий ҳақиқат деб айтилаётган нарса ёлғон бўлса ҳам зиддият юзага келади.

Лекин бир савол туғилади. Хўш, биз Қуръоний ҳақиқатни қандай қилиб тушунмаймиз? Бунга мисол келтирамиз. Токи одамлар Қуръоний ҳақиқатни тушунмаслик борлиқ ҳақиқатлари билан зиддият пайдо бўлишига олиб боришини билсинлар.

Аллоҳ таоло Ўзининг азиз Китоби – Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

وَالأَرْضَ مَدَدْنَاهَا

“Биз ерни ёйдик” (Ҳижр сураси, 19-оят).

Бу оят луғавий эъжозни ҳам, илмий эъжозни ҳам ўз ичига олади.

Аллоҳ таоло мазкур оятда Ерни ёйдик, тўшадик деяпти. Муайян ерни айтдими? Йўқ, муайян ерни айтмади, балки, мутлақ ҳолатда Ерни тўшадик деяпти. Бу нима дегани? Бу шуни англатадики, агар сен қаерга борсанг ҳам, сен кўриб турган рўпарангдаги ёйилган жойни ер деб аталади.

Агар экваторда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган ерни кўрасан.

Агар шимолий қутбда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган ерни кўрасан.

Агар жанубий қутбда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган ерни кўрасан.

Агар Европада, Африкада, Осиёда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган, текис ерни кўрасан.

Хўш, нега шундай бўлади?

Қаерга борсанг ҳам, олдингдаги ер тўшалгандек кўринишда бўлишининг сабаби – Ернинг доира шаклида эканлигидир. Агар Ер тўртбурчак, учбурчак, олтибурчак шаклида бўлганда, сен қачондир ернинг четига, қирғоғига етиб борган, ўша қирғоқда турганингда эса рўпарангда ёйилган, тўшалган ерни кўрмаган бўлардинг. Қаерга борсанг ҳам олдингдаги ер тўшалган, текис ҳолда кўриняптими, демак, бу нарса Ернинг шар шаклида эканлигини билдиради. Бугунги кунда космик кемалар, сунъий йўлдошлар орқали Ернинг ўз ўқи атрофида айланиб турган доира шаклидаги тасвирини бевосита ёки билвосита кўриш мумкин. Ўзинг турган жойга бир белги қўйиб, кейин тўғрига юришда давом этиб, маълум масофаларни босиб ўтганингдан кейин яна ўша белги қўйган жойингга қайтиб келасан. Ер думалоқлиги учун шундай бўлади. Агар Ер думалоқ бўлмай, бошқа бирор геометрик шаклда бўлганда, юриб бориб, қирғоқда пастга тушиб кетган бўлардинг ва белги қўйган жойингга қайтиб келолмасдинг.

Аллоҳ таоло:

    وَالأَرْضَ مَدَدْنَاهَا

“Биз ерни ёйдик” оятида Ернинг кўриниб турган ҳолатига муносиб бўлиши ва асл ҳақиқати бўлган доирасимонлигига далолат қилиши учун “мададнаа” калимасини зикр қилди.

Бу ояти каримани нотўғри тушуниб, Ерни “текис, ясси” дейдиганлар “Дин билан илм ўртасида зиддият, қарама-қаршилик бор” дейишади. Оятнинг маъносини тўғри тушунганлар эса, “Албатта, Қуръони Карим Ернинг думалоқлигини зикр қилган илк Китобдир” дейдилар. Ушбу ҳақиқат, яъни Қуръони Карим Ернинг дори шаклида эканини зикр қилган илк Китоблигининг ўзиёқ ғайридинларнинг иймон келтириб, Исломга киришларига кифоя қилади.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳи” номли асаридан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

4916 марта ўқилди

Мақолалар

Top