Мақолалар

Ҳақиқий саодатга интилганлар

Инсон ўзи орзу қилган ҳақиқий саодатга эришиш учун интилиб яшайди. Лекин ҳақиқий саодат ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси бор.

Кимдир ҳақиқий бахтни мол-дунёга эришиш деб билади. Умрини мол-дунё жамлаш учун елиб-югуриб ўтказиб юборади. Мол-дунё “бир лаҳзалик саодат” эканлигидан, унинг абадий эмаслигидан хабари йўқ. Қуръони Каримда қиёмат куни бандалар ҳисоб қилиниши ҳақида ҳамда номаи аъмоли чап томондан берилган банданинг қуйидагича ҳасрат чекиши зикр қилинади:

مَا أَغْنَى عَنِّي مَالِيَهْ 

هَلَكَ عَنِّي سُلْطَانِيَهْ 

Менга молмулк ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди (Ҳоққа сураси 28-29-оятлар).

Кимдир ҳақиқий бахтни ҳамма ҳавас қиладиган, эътиборли мансабга эришиш деб билади. Ўша мақсадига етишиш учун барча чоратадбирлар, воситаю сабабларни ишга солади. Яна кимдир уни сиҳат-саломатлик деб билса, бошқалар уни тинч-омонликда ҳаёт кечириш деб тушунади. Айрим инсонлар эса, ҳақиқий бахтсаодат бу Аллоҳга иймон келтириш ва Унга итоат этиш, охиратда Унинг жаннатига ноил бўлиш деб биладилар.

Инсонларнинг бахт ҳақидаги тушунчаларининг турли хил бўлишининг сабаби, ўзларида ўша нарсанинг бўлмаслиги ёки уни йўқотганликларидир.

Масалан,  молдунёсини йўқотган киши ҳақиқий бахтни молдунёда деб билади.

Бир муддат иш топа олмай сарсон бўлган киши, ўзи истаган фаолиятга киришгач, ўзини бахтиёр ҳис қилади.

Узоқ вақт шифтга термулиб хасталикни бошдан кечирган бемор учун тани жонининг соғ бўлишидан катта бахт йўқ.

Демак, бирор нарсани йўқотган киши унга эга бўлгандагина ҳақиқий саодатни ҳис қилар экан.

Аслида, қалбида ҳотиржамликни, жисмида фаровон ҳаётни излаган киши, уни Роббисига итоат этиш, буйруқларига бўйсуниш ва гуноҳ маъсиятлардан йироқлашиш билангина топади. Чунки ҳақиқий мўминнинг қалби дунё матолари ила ҳузурланишдан кўра Роббисига ибодат қилишдан лаззат олади. У иймони, тоати билан Роббисига яқинлашгани сайин, қалби унга боғланаверади. Ҳатто, Аллоҳнинг муҳаббати унинг асосий мақсади бўлиб қолади.

وَالَّذِينَ آمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ

Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (уларникидан) кучлироқдир (Бақара сураси 165-оят).

Албатта, Аллоҳга ибодат қилиш ва Унга яқинлашиш оддийгина  қуруқ гаплар эмас. Балки воқеликда ўз исботини топган энг тўғри йўлдир. Ибодатнинг асари дунё ва охиратда зоҳир бўлади.  Банда учун ундан фойдали йўл йўқ. Фақат шу йўл билангина у ҳақиқий саодатга эришади.

فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى (123) وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَى (124) قَالَ رَبِّ لِمَ حَشَرْتَنِي أَعْمَى وَقَدْ كُنْتُ بَصِيرًا (125)

Бас, сизларга (Мен) тарафдан ҳидоят келганидаким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг,ахир (олдин) кўрувчи эдим-ку?!” – дейди (Тоҳо сураси 123-125-оятлар).

Муфассир уламолар ушбу ояти каримадаги   فَلَا يَضِلُّ  “йўлдан озмас” сўзини “дунёда йўлдан озмас” деб, وَلَا يَشْقَى  “бахтсиз бўлмас” сўзини “охиратда бахтсиз бўлмас” деб тафсир қилганлар.

Шунингдек, доимий тарзда Аллоҳни зикр қилиш қалбни қотиб кетмаслигига сабаб бўлади. Қолаверса, қалб хотиржамлик ва сакинат ила ором олади.

الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур. (Раъд сураси 28-оят).

Уламолар зикр қилишнинг бир неча фойдаларини баён қиладилар:

1) Зикр қилиш билан банда Аллоҳнинг розилигига ноил бўлади.

2) Зикр шайтонни қувади.

3) Мўминнинг қалбидан қайғу, ғам-ташвишни кетказади.

4) Хурсандчилик, шодлик ва мамнунликни олиб келади.

5) Сиҳат-саломатликни мустаҳкамлайди.

6) Юз ва қалбга нур бахш этади.

7) Ризқни зиёда бўлишига сабаб бўлади.

8) Аллоҳ таолога ва инсонларга муҳаббатни пайдо қилади.

 

Авазхўжа БАХРОМОВ,

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота”

 жоме масжиди имом-хатиби  тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

6229 марта ўқилди

Мақолалар

Top