Мақолалар

Туркиядаги энг йирик масжид

  “Султон Сулаймон” жоме масжиди Туркиянинг Истанбул шаҳридаги энг йирик масжидлардан биридир (“Султон Аҳмад” масжидидан кейин). У Вефа вилоятида жойлашган. 1550 йил Султон Сулаймоннинг топшириқига биноан етти йил давомида қурилган. Масжиднинг иккита 74 метр ва иккита 56 метр узунликдаги 4 та минораси, 10 та айвони ҳамда иккита 53 метр баландликдаги гумбази бор. Бу подшоҳнинг Усмонлилар империяси томонидан Константинопол шаҳри эгалланганидан кейинги тўртинчи ва империянинг ўнинчи подшоҳи эканини англатади. Масжид ҳонақоҳи эни 63 метр, узунлиги 69 метр.

Меҳроб ичига қуйидаги оят туширилган: «Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!» (Жин сураси, 18-оят)

Жоменинг асосий кириш дарвозасининг юқори қисмига Қуръони каримдаги: «Яна улар намозларини (вақтида адо этиб) юрувчилардир. Айнан ўшалар (жаннатдаги) боғларда иззат-икром этилувчилардир» (Маориж сураси, 34-35-оятлар), ояти ёзилган. Масжидга жами 11 та эшикдан кириш мумкин. Масжид меҳроб ва минбари оқ мармардан ишланган. Гумбазнинг ичкари қисмига: «Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ерни завол топишларидан сақлаб турар. Агар заволга юз тутсалар, У зотдан сўнг (Ундан ўзга) ҳеч ким уларни сақлай олмас. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли зотдир» (Фотир сураси, 41-оят), ояти битилган.

Масжид 5 минг намозхонни сиғдира олади. 136 та дераза масжидни ёруғ бўлишини таъминлайди. Умумий майдони 10 гектар ерни ташкил этувчи мазкур масжид ўз ичига мадраса, кутубхонани қамраб олади. Шунингдек, масжид ҳовлисида иккита мақбара бўлиб, уларда Сулаймон I ва унинг аёли Ҳуррам Султоннинг қабри бор.

1957 йил масжид қурилганининг 400 йиллиги муносабати билан масжидда таъмирлаш ишлари олиб борилди. 1985 йил “Султон Сулаймон” жоме масжиди ЮНЕСКОнинг “Маданий мероси” рўйхатига киритилди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

6230 марта ўқилди

Мақолалар

Top