Дунёда фарзанди одобли бўлишини истамаган ота-она йўқ. Хўш, болани қандай одобли қиламиз? Бунинг учун энг олдин ота-онанинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Ахир, инсон ўзида йўқ нарсани бировга беролмайди-ку.
Қуйидаги тавсияларга эътибор бериш ва амал қилиш мақсадга мувофиқ:
– ота-она салоҳиятли, болаларига ибрат бўлиши керак. Китоб ўқимаган киши фарзандининг қўлига яхши китоб тутолмайди;
– болани мустақил фикрлашга ўргатиш жуда муҳим. Воқеа-ҳодисаларга қандай муносабат билдиришига ота-она қизиқиши, уни тинглаши, саволларига эринмай жавоб бериши керак. Бундай йўл боланинг мустақил фикр юритишига ёрдам беради, унда фикрини ифодалаш шижоатини шакллантиради;
– муносабатлар икки томонлама бўлсин. Шундай йўл тутинг, у сизга яқин дўстидек ишонсин. Шунда унга насиҳат қилсангиз, оғир олмайди. Ҳазрат Али : “Фарзанд билан етти ёшгача ўйна ва унга фикри қабул қилингани ҳамда инобатга олинганини билдириб қўй, бу услубнинг яхши самараси кўп”, деганлар. Фарзанд билан дўстларча муносабатда бўлиш уни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга эргашишдан сақлайди;
– фарзанд оиласида алоҳида ўринга эгалигини, қадрли эканини ҳис этиши зарур;
– бола уй ишларини бажаришда ҳамма билан аҳил-иноқ бўлиши, оила муаммоларини беркитиши, жипсликни сақлашни ўрганиши лозим. Ота-она фарзандига иш ва масъулият юклаб, сўнгра натижасига эътибор қаратса, бола бурчига садоқатли бўлади;
– ота-она уйдаги нарса-буюмларни бир кишига хосламасин. Аксинча, улар ҳаммага тегишли эканини айтсин. Масалан, уйдаги улов фақат отаники деб қаралса, ўғил фарзанд ўзини отасига нисбатан ғариб санаши ва бу ҳол унга салбий таъсир қилиши мумкин;
– боланинг истаган нарсасига эришавериши яхши эмас. Маҳрум бўлиш аччиғини тотиб кўриши, нафсининг хоҳишларини қайтаришни ўрганиши керак;
– ота-она фарзандларининг ёши, ақли, зийраклиги, ривожланиши, таъсирчанлиги ҳамда дунёқарашига эътибор қилиши зарур;
– болалар ёшлигидан бир-бирига гина-адоватли бўлмаслиги учун барчаларига бирдек муносабат кўрсатиш муҳим.
Кўпинча йўл қўйиладиган хатолар:
– ота-онанинг болага: “лапашанг”, “аҳмоқ”, “одобсиз” сингари нохуш сўзлар билан мурожаат қилиши. Хато, камчилик фарзанднинг ўзида эмас, ишидадир;
– уриб-сўкиб тарбиялаш. Фарзанд хато иш қилганида танбеҳ бериш ва тергаш учун уни уриш-сўкишдан кўра, яхши кўрган нарсаларидан маҳрум қилиш, гапирмаслик, қовоқ уйиш, дакки бериш самарали бўлади;
– нотўғри рағбатлантириш. Ота-она ўн ёшга тўлмаган болалаларининг яхши ишларини мукофотлашда ширинлик ёки пул бериш билан бирга савоб бўлишини, эвазига жаннатга эришувини ҳам уқтиришсин;
– болаларни бир-бирига қарама-қарши ўстириш. Бир оилада туғилиб ўсган болаларнинг ҳам шахсияти турлича бўлади. Уларни зеҳни, қобилияти ва дунёқарашининг пасту баландига қараб йўналтириш лозим. Бир-бирига солиштириш билан уларнинг ораси бузилиши мумкин;
– ёмон дуо қилиш. Фарзанди жаҳлини чиқарса, айрим оналар дарров қарғашга тушади. Бу одатнинг оқибати жуда ёмон;
– ваъда бериб бажармаслик. Ота-она ваъдасида турмаса, ишончини йўқотади. Масалан, “Кел, урмайман”, дейди. Аммо келганида уради. “Бундай қилсанг, уни олиб бераман”, дейди, лекин сўзида турмайди.
– фарзандини ёмон ҳолатларга гувоҳ қилиши. Шаънини юксалтириш, ботирликка ўргатиш ўрнига таҳқирлайдиган манзараларни кўрсатиш бола қалбини синдиради;
– ёқтирмаган нарсасини совға қилиш;
– ёлғон гапириш: одатларнинг энг ёмони ёлғон сўзлашдир. Бола ўрнак оладиган кишилар ёлғон гапириб турса, у ҳам шунга одатланади.
Тошкент Ислом институти мударриси
Имоммуҳаммадхон УБАЙДУЛЛАЕВ
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати