Мақолалар

Юртимиздан чиққан буюк фақиҳа

Тарихда Фотима бинти ас-Самарқандия деб ном қолдирган бу аёл  ўз даврининг катта олими Алоуддин ас-Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳининг қизи бўлган. Оталари ўзларига келган фатвони қизларига кўрсатмай туриб жавоб бермаганлар. Ислом таълимотида аёлга нисбатан муносабат, аёлни улуғлаш алоҳида ўрин эгаллайди. Ислом таълимоти аёлни ҳаётнинг барча жабҳаларида: илм олишда, меҳнат қилишда, мерос олишда, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркак билан тенг ҳуқуқли қилди ва ўзига хос масъулиятларни ҳам юклади. Ислом илм­-маърифат соҳасида аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилар экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир» деганлар. Аёл киши нафақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли, балки таълим бериш, дарс бериш ва бошқа илмий ишлар билан шуғулланиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Кўплаб муслима аёллар илм-­фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари фикримизнинг ёрқин далилидир.

Марказий Осиё халқлари давлатчилиги ўтмишига назар ташланса,турли тарихий жараёнларда эркаклар билан бир қаторда, аёлларнинг фаол иштироклари ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин. Хусусан, Тўмарис, Бухоро маликаси, Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Жаҳонотин Увайсий кабилар жамият тарихида ўзига хос ўринга эга бўлиб, унинг равнақи учун ҳисса қўшганлар. Бунинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, аёл – миллат намояндаларининг давомчиси, жамият аъзоси, оила бекаси, ишқ-муҳаббат сарчашмаси сифатида ўрганилгандир. Дарҳақиқат, жамият тарихига назар солсак, унда ҳар бир давру замонда, халқ ва юрт тақдирини ўйлайдиган сиймоларнинг кўрсатган жасоратлари, фидоийликларини кўришимиз мумкин. Улар, жинсидан қатъи назар, ўзларининг танлаган мақсадлари сари ҳаракат қилганлар.

Тарихда аёлларнинг давлат сиёсатига, унинг бошқарувига, илму ­фан, маданият ва маьрифат соҳасига катта таъсир кўрсатиб келганликларига кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Хусусан, Амир Темур давлатида юқори мавқеъга эга бўлган унинг рафиқаси Сароймулкхоним халқ орасида эъзозланиб, Бибихоним деб аталган ва соҳибқирон ўз юришлари даврида айнан унга Мовароуннаҳр бошқарувини ишонч билан топширган. Бибихоним Соҳибқироннинг нафақат рафиқаси, балки унинг энг ишочли ва яқин маслаҳатчиси  ҳам бўлган. Ушбу фикримизни давом эттириб, шуни ҳам таъкидлашимиз мумкинки, Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида унинг рафиқаси Гавҳаршодбегим ҳам Бибихоним каби юксак мавқеъга эга бўлган. Кейинчалик Қўқон хони Умархоннинг рафиқаси Нодирабегим фан, маданият, санъатга ҳомийлик қилиш билан бир қаторда ҳукмдорнинг сиёсат юргизишдаги маслакдоши, кўмакчиси бўлган. Умуман олганда Марказий Осиё халқлари тарихига назар ташланадиган бўлса, ушбу ҳудудда аёлларнинг жамият ҳаётидаги, хусусан, илму фан соҳасидаги иштироклари ҳақида кўплаб маълумотларни учратиш мумкин.

Шу билан бир қаторда диёримиздан етишиб чиққан   XII асрда яшаб ўтган ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳа олимаси Фотима бинт Алоуддин ас-­Самарқандийнинг Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожидаги ўрнини ҳам кўришимиз мумкин.

Маълумки, XI-­XII асрларда Мовароуннаҳр Шарқнинг илм-­фан маьрифати ривожланган йирик ўлкаларидан бири бўлган. Бу даврда Ўлкада диний илмлар юқори даражада ўрганила бошланган эди. Бунинг сабаби, эҳтимол, бу пайтга келиб турли мазҳаб ва оқимлар ўртасидаги ўзаро зиддиятларнинг кучайиб кетганлигидандир. Чунки бу даврда шиалар ва хаворижлар, мўътазилийлар ва мотуридийлар, шофеъийлар ва ҳанафийлар ўртасида келишмовчиликлар авж олган  бир давр бўлган эди. Бу муаммоларни ҳал этиш эса, асосан, фақиҳлар зиммасига тушган. Муаммоларни кучли далиллар билан бартараф этиш зарурати сезилди. Шу тарзда Мовароуннаҳрда фақиҳлар фаолияти кучайди.

VIII асрнинг охири IX асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда Аҳли ­суннанинг Ҳанафий мазҳаби тарқалди. Ушбу мазҳаб таълимоти асосида Бухоро ва Самарқандда Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби шаклланди. Мовароуннаҳр фиқҳ таълимоти намояндалари ушбу ўлка халқларининг ҳуқуқий анъаналари, урф одатлари, расм-­русумларини умумисломий нуқтаи назардан таҳлил қилишиб, ўзларидан бой ёзма мерослар – фиқҳий қўлланмалар, фатво тўпламлари, фақиҳлар таржимаи ҳолига бағишланган рисолалар ёзиб қолдирдилар. Фақиҳлар ўз асарларида айрим ҳуқуқий нормаларни маҳаллий шароит билан мувофиқлаштиришга интилганлар ва натижада Ўрта Осиё фақиҳлари мусулмон дунёсига шариатнинг охирги таҳририни бериш даражасига мушарраф бўлдилар. Чунки уйғониш даврида Ислом дини орқали илмий салоҳиятга эга бўлган кишилар учун имконият эшиклари очиб берилган эди. Бу даврнинг ўзига хос томони шундаки, ўлкада илм-­фан ривожланди, кўплаб олимлар етишиб чиқдилар, йирик фақиҳ сулолари пайдо бўлди. Авлоддан авлодга ўтиб давом этувчи фақиҳлар сулолалари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун Ислом оламида катта нуфузга эга эдилар. Ана шундай сулолалардан бири бўлмиш ас-­Самарқандийлар сулоласи Мовароунаҳр фиқҳ мактаби тарихида ўзига хос мавқега эгадир.

11-12 асрларда Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик вакили, Ўрта Осиёда ҳанафийларнинг буюк имомларидан бири, ақоид, тафсир, усул ал-­фиқҳ, фуруъ ал-­фиқҳ, калом илмлари соҳиби даврининг етук фақиҳи Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад  ас-Самарқандий (в. 1145 й) мероси ва унинг қизи «буюк фақиҳа» Фотима бинти  Муҳаммад ҳақидаги маълумотлар фиқҳ илми тарихида алоҳида аҳамият касб этади.

 Фотима бинт Муҳаммад ас-­Самарқандий (в.1191дан олдин)га отаси ёшлик чоғларидан қироат, араб наҳви, фиқҳдан дарс берган. У отасидан фиқҳ илмини ўрганиб ўзи яшаган даврдаги аёлллар орасида буюк фақиҳа ­олима даражасига етишади,  ҳадис ва ҳуснихатда беназир бўлган.  хаттотлик бўйича машҳур даражаларга эришади. «Бу аёл фиқҳ илмида шундай маҳорат касб этдики, – дейилади манбаларда, – отасининг чиқарган фатволарида унинг ҳам муҳр ва имзоси қўйиладиган бўлди». У отасининг машҳур «Туҳфатул фуқаҳо» асарини ёддан билган. Лекин минг афсусларки, бизгача етиб кеган маълумотларга кўра, унинг бирон бир асари борлиги маълум эмас.

Бу олима ҳақида Ибн ал-­Адим шундай дейди: «Менинг отам у аёлнинг ҳанафия мазҳабини ниҳоятда яхши билганлиги, кўп маротаба умр йўлдоши ал-­Касонийнинг фатволаридаги хато-­камчиликларни кўрсатиб бергани, ал-­Косоний ҳам унинг раъйини қабул қилгани ҳақида ҳикоя қиларди». Манбаларда ёзилишича, Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган. «Табақот»да ёзилишича Ибнул-Адимнинг отаси унга Фотима ҳақида қуйидагидек маълумотни келтириб ўтади: «У мазҳабни янгича нақл қилар экан, фатво биринчи унинг ижозати билан чиқар, кейин отасининг хати билан. Ҳаловия (Ҳовия)даги фақиҳлардан бири Довуд ибн Али айтишича рамазон ойида фақиҳларга фитр садақасини беришни биринчи марта Фотима бинти ас-Самарқандий жорий қилган».

Оксфорд университети профессори В.Маделунг келтирган маълумотларга кўра Алоуддин ас-­Самарқандий Анатолияга бир неча бор сафар қилган. Бир муддат ўша ерда истиқомат қилиш даврларида Рум подшоҳлари  ( kingsofal ­Rum ) олима-­фақиҳа қиз Фотиманинг қўлини сўрайдилар, лекин у қизини ўзининг шогирдига беради.

Фотима бинт Муҳаммаднинг умр йўлдоши – Қорахонийлар даврининг энг буюк фақиҳларидан бири, Сайҳун (Сирдарё) нинг шимоли – Фарғонада, аш-­Шошнинг орқасида жойлашган Косон номли йирик шаҳарга нисбат берилган Ал-­Косоний – Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмаддир[7].

Алоуддин Муҳаммаднинг шогирди ва куёви, Қорахонийлар даврининг буюк фақиҳи имом Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ўз устозининг «Туҳфатул-фуқаҳо» (фақиҳлар туҳфаси) номли китоби устидан «Бадоиъус-саноиъ, фи тартибиш-шароиъ» номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, ўз устозига тақдим этган. Ҳожи Халифа ривоятига кўра, унинг шарҳи устозга манзур бўлиб, ўзининг чиройли қизи Фотимага уни уйлантирган. Ушбу шарҳни эса «Маҳр» сифатида қабул қилади. Ўша даврда халқ ичида «Шараҳа туҳфатаҳу ва тазавважа ибнатаҳу» (яъни «Туҳфа» китобини шарҳлаб қизини олди) деган сўз юритилган.

Ал-­Косонийнинг ушбу машҳур асари (1327-­1328 й) Қоҳирада ­VII жилд ҳолида чоп этилган. Нафақат Ислом оламида, балки ғарб олимлари орасида ҳам жуда машҳур бўлган бу фиқҳий асар ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Шарқшунос олим В.Маделунг фикрича, асар «Ҳанафий фиқҳий асарлари орасида кейинчалик ҳам унинг даражасига ҳеч қайси асар ета олмаган маҳорат намунаси» саналади.

Ибн ал-­Адим  бу хақида яна шундай дейди: «Ал-­Косоний умр йўлдошини жуда ҳам ҳурмат қиларди. Авваллари устози (Алоуддин ас-­Самарқандий) ва унинг қизи Фотима бинт Муҳаммад тарафидан имзоланган фатволар чиқар эди. Оила қургач, ҳар уччовларининг имзо ва муҳрлари босилган фатволар чиқадиган бўлди». Маълумотларга кўра баъзан эри Абу Бакр хатога йўл қўйганда Фотима унинг хатосини тўғрилаб берган.

Айрим манбаларда айтилишича, Фотима ўз эри маликул-уламо Абу Бакр ибн Масъуд Косоний билан баъзи сабабларга кўра бир муддат Ҳалаб (Алеппо, Сурия) диёрига келиб истиқимот қилган дарларида у, эрини Ҳалабдан Мовароуннаҳрга қайтиб кетишга ундаган. Буни эшитган Ҳалаб хукмдори Нуриддин Маҳмуд, ал-­Косонийни чақириб уларни Ҳалабда қолишларини илтимос қилади ва нега кетмоқчи эканликларининг сабабини сўраганда, у устозининг қизи бўлмиш олима Фотиманинг райига хилоф иш қила олмаслигини айтади. Шунда Ҳалаб хукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн Занги (1146-1174) Фотима бинт Муҳаммад номига улардан Ҳалабда қолишларини сўраб нома жўнатади. Номани олиб келган элчи эркак киши эди. Фотима уни қабул қилолмайди ва элчи қайтиб кетади. Фотиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор аёл элчи жўнатади. Шундан сўнг Фотима элчини қабул қилади ва ҳокимнинг илтимосига кўра, улар умрларининг охиригача Ҳалабда қолиб Ҳанафий фиқҳини кенг ёйиш ва уни тарқатиш билан шуғулланадилар.

Хулоса қилиб айтганда, жаннатмакон юртимиздан етишиб чиққан ўзбек қизи Фотима бинти ас-Самарқандий ислом дунёсида ўзининг  буюк истеъдоди ва фиқҳ илми бўйича юксак салоҳияти билан мумтоз ва мисли йўқ  бўлган фақиҳа аёл сифатида донг таратган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Фотима бинт Муҳаммад ҳақида бизгача етиб келган маълумотлар, асосан, Алоуддин ас-Самарқандийнинг шогирдлари – Абу Бакр ал-­Косоний (в 1191)нинг «Бадоъи» асари муқаддимасида ва ас-­Самъоний (в.1167)нинг «Китоб ал-­Ансоб» асарида, яна ҳанафийлик мазҳабига оид табақот китобларида маълумотлар қисқа тартибда берилган бўлишига қарамай, ушбу аёл ўз илми ва салоҳияти билан тарихда ёрқин из қолдира олган буюк бир фақиха аёлдир. Фотима бинти ас-Самарқандийнинг илмий салоҳияти, «Буюк фақиҳа» даражасига етиши Мовароуннаҳрда аёлларга Ислом динининг муносабати, аёлларнинг эса илмга бўлган муносабатлари Ўрта асрларда қандай бўлганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига «Ислом маданияти пойтахти» мақомининг берилишида мамлакатимизнинг Ислом дини билан боғлиқ тарихи, ушбу юрт фарзандлари қолдирган илмий-­маънавий мероснинг Ислом цивилизацияси ва маданиятига қўшган ҳиссаси, бугунги кунда ана шу ноёб ва мўътабар меросни асраш, ҳар томонлама ўрганиш юзасидан қилинаётган ишларнинг нечоғлик юксак баҳоланганлигини англаш мумкин.

Манбаларда келтирилишича, Фотима эридан олдин вафот этади (вафот этган йили маълум эмас) ва Ҳалабдаги Мақоми Иброҳим Халил қабристонига дафн этилган.

Косоний 587 йил ражаб ойининг учинчи куни вафот этиб хотини Алоуддин қизи Фотима ёнида «Зоҳири Ҳалаб»да мақоми Иброҳим Халилнинг ичида дафн этилган.

Тарихий маьлумотларга кўра, бу оила аьзолари Мовароуннаҳрга қайтишга жазм қилишади,  Косонийнинг ҳар қандай вазиятда ҳам ожизасининг раьйини қайтармаслигини яхши тушинган Ҳалаб ҳукмдори Фотима бинти Муҳаммад номига  шу шахарда қолишларини илтимос қилиб нома юборади.  Мактубни олиб келган эркак киши бўлгани сабабли, Фотима уни қабул қилмайди. Олиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор иккинчи марта унинг хузурига аёл элчи юборади. Ҳазрати Фотима ҳукумдорнинг илтимосини қабул қилади ва бу икки буюк аллома умрларининг охиригача  шу шаҳарда қолишади. Бу фиқҳшунос олима ўзининг тилла буюмларини сотиб, бутун  илм аҳлига бир ой давомида ифтор бериб,хайирли аньана бошлаб берган илк фақиҳа аёлдир .  Ҳозирга қадар бу аньана ҳалабликларда сақланиб қолган. Шу шаҳарда вафот этган ҳазрати Фотима  бугунги кунда “Эр –хотин қабри” номи билан машҳур бўлган қабристонга дафн этилган.

Манбаларда зикир қилинишича, Косоний турмуш ўртоғини жуда ҳам яхши кўрган  ва ҳурмат қилган. Фотиманинг вафотидан сўнг Алоуддин ал-Косоний  то сўнги кунига қадар ҳафтанинг ҳар жуьма куни суюкли фақиха аёлларини  қабрини зиёрат қилган. Улуғ фиқҳшунос олим 587 ҳижрий ражаб ойининг ўнинчи куни (1191 йил 3 август) куни вафот этган. Унинг қабри рафиқасининг ёнидадир. Бугунги кунда бу ер зиёратгоҳга айлантирилган ва бу муборак масканда қилинган яхши дуолар, албатта ижобат бўлишига одамлар ишонишади. Бу икки буюк фиқҳшунос олим Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммаддан, Маҳмуд исмли фарзанд қолган. Айюбийлар ҳукимдори Султон аз-Зоир  уни ўз қарамоғига олиб, вояга етказган.  “Косонийнинг  энг эьтиборли асари, албатта, ислом фиқҳига оид “ас-Султонул мубин фи усул ад-дин” ва “Ал китоб ал-жалил” номли асарлари борлиги ҳам айтилади,- дейди тарих фанлари номзоди, дотцент Музаффар Комилов.- Турли манбаларда алломанинг қаламига мансуб бўлган кўплаб асарларнинг номлари келтирилган бўлса-да, улар бизгача етиб келмаган”.

Юкорида кeлтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, биз бу икки улуғ аждодимизнинг ҳаёти ва ижоди, фаолиятини янада чукуррок тадқиқ этишимиз ва  Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммад ҳақида тўлиқ маьлумотларга эга бўлмоғимиз ва уларнинг фиқх илмига қўшган улуғ хизматларини ардоқламоғимиз лозимдир.

Пошшахон ЭШОНХОН ҚИЗИ

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар билим юрти мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

4056 марта ўқилди

Мақолалар

Top