Мақолалар

Ёлғоннинг ҳазили бўлмайди

Бир оғайним айтиб қолди: Танишларимдан бири телефонда ташвишли хабар айтди. Бу хабардан аёлим ҳам ғамга ботди. Кўп вақт ўтмай, яна қўнғироқ қилди, ҳали айтган совуқ гапим ҳазил, биринчи апрел муносабати билан ёлғон гапирувдим, деди. Мен эсанкираб қолдим. Шунақа ҳам ҳазил қиладими, деб ғазабландим.

Ёлғончилик жуда ёмон хулқ, у инсонни дўст­ларидан узоқлаштиради. Ислом динида истисноли ўринлардан бошқа пайтда ёлғон гапиришга мутлақо рухсат берилмаган. Пайғамбаримиз  одамларни кулдириш мақсадида ёлғон гапиришдан ҳам қайтарганлар: “Гапириб қавмни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага ҳалокат бўлсин, ҳалокат бўлсин, ҳалокат бўлсин...” (Имом Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти). Бошқа бир ҳадисларида: “Банда ростгўй бўлса ҳам, мазах ва жанжалда ҳам ёлғонни тарк қилмагунича комил мўмин бўлолмайди”, деганлар (Имом Аҳмад, Табароний).

Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: Саҳобалар бизга гапириб беришди: Улар Набий  билан йўлга чиққанларида, йўлда бир киши ухлаб қолди. Бошқалар ухлаб қолган кишининг арқонини (ҳазиллашиб) олиб қўйишганида, у қўрқиб кетди. Шунда Расулулллоҳ : “Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дедилар (Имом Абу Довуд).

Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Язиддан қилган ривоятда: Расулуллоҳ : “Ҳеч бирингиз биродарининг буюмини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам олиб қўймасин”, деганлар, (Имом Термизий ривояти).

Сизни тинглаган, ишонч билдирган кишини алдаш хиёнатдир. Ҳадисда: “Биродарингиз гапингизга ишониб турганида, сиз уни гапингиз билан алдашингиз қандай катта хиёнатдир”, дейилган. (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Кўпинча ҳазиллар, ёлғонлар сабабли кўнгил­хиралик юз бериб, ҳатто оилалар ўртасига совуқ­чилик тушиши мумкин. Бундай иллатлардан йироқ бўлайлик.

 

Қудратуллоҳ Сиддиқметов,

Кўкалдош мадрасаси мударриси,

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

3358 марта ўқилди

Мақолалар

Top