Мақолалар

Жаҳон Оро бегим

Жаҳон Оро бегим Заҳирид­дин Муҳаммад Бобурнинг чевараси Шоҳ Жаҳоннинг катта қизидир. У 1614 йили туғилган. Отаси Шоҳ Жаҳон тахтга ўтирганида (1628 йили) Жаҳон Оро бегим 14 ёшда бўлган. Онаси Мумтоз Маҳалдан ўн етти ёшида қолган Жаҳон Оро бегим шоҳ оиласини ўзи бошқарган. Отаси уни жуда яхши кўрарди. Харажатлари учун йилига каттагина нафақа белгилаган эди. Суюкли аёли Мумтоз Маҳал бегимдан қолган мулкни ҳам унга топширади.

Оқила малика ака-укалар ўртасидаги келишмовчилик­ларни, отаси билан укаси Аврангзеб орасидаги можароларни усталик билан ҳал қила оларди. Саройда обрў-эътибори кундан кун ортиб, онаси Мумтоз Маҳал бегимнинг мавқеини эгаллади. Салтанатни бошқаришда, ички ва ташқи сиёсат масалаларида отасига фойдали маслаҳатлар берди. У ҳам катта бобоси шоҳ Бобурга ўхшаб меъморлик ва ободончилик ишларига қизиқарди. Аградаги жоме масжид лойиҳасини ўзи ишлайди. Деҳли, Сурат, Амбола, Беҳал ва Панипат шаҳарларида кар­вонсаройлар қури­лиши­га бош бўла­ди. Лоҳурда эса катта боғ бунёд эттиради. Камбағал ва фақирлар учун уй-жойлар қурдиради. Шунингдек, Кашмирда “Пари Маҳал” (Парилар саройи) боғини барпо эттиради. Шаҳдхонободда Алимарлонхон ариғини қаздириб, нақшинкор ҳовуз барпо эттиради.

Ақл-идрокли малика адабиёт шайдоси бўлиб, ғазаллар ҳам машқ қилган. Манбаларда Жаҳон Оро бегим “Рисолаи соҳибия” (Дўстлик ҳақида рисола) асарининг муаллифи экани қайд этилади.

Аврангзеб Оламгир замонида салтанатда ҳар хил келишмовчиликлар юзага келади. Саройдаги бу можаролар ва дўстлар орасидаги низолар Жаҳон Оро бегимни қаттиқ изтиробга солади. Шу воқеалар сабаб малика салтанат ишларидан воз кечиб, хаста отасининг хизматини қилади. 1666 йили Шоҳ Жаҳон суюкли  қизи қўлида ҳаётдан кўз юмади.

Жаҳон Оро бегим шоҳ қизи бўлса-да, камтар ва ҳимматли эди. Олтмиш етти ёшида вафот этган малика (1681 йили) Деҳлидаги Зарзари Бахш қабристонига дафн қилинади.

 

Муқаддас МИРЗАЕВА

“Темурий маликалар”

китоби асосида тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

3799 марта ўқилди

Мақолалар

Top