Мақолалар

Болангиз шокирлардан бўлсин

Шукрона ҳамма яхшиликларнинг бошидир. Дунё пайдо бўлгандан бери бўлиб ўтган барча хунрезликларнинг сабабчиси  ношукрликдир. Инсон ҳар бир кунига, берган ризқига қаноат қилар экан, унинг мақоми юксалиб бораверади.  Қуръони каримда Аллоҳ таоло берган неъматларга ҳамиша шукр айтувчи шокирларнинг охиратда Парвардигорнинг мукофотлари кутиб тургани баён этилиб шундай дейилган: «Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз» (Оли Имрон, 145).

Аллоҳ таолога имон келтирган, Унинг неъматлари шукрини қилиб юрган инсонларни Парвардигор ҳаргиз жазоламаслиги ҳақида хабар бериб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: «Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир» (Нисо, 146).

Биз ҳар доим неъмат деганда фақат моддий нарсаларнигина тушунамиз. Аслида эса ҳақиқий неъмат кўнгил хотиржамлигидир. Бу эса шукрона ортидан келади.  Дарҳақиқат, Қуръони карим кўп оятларида шукр мақтаб зикр қилинган ва бандаларни шу гўзал одоб билан зийнатланишга чорлаб, шундай дейди: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган экан: «Шукр қилишлик имоннинг яримидир». Бошқа бир ривоятда эса, «Имон - сабр ва шукрдан иборат».- деб ҳам айтилган.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3341 марта ўқилди

Мақолалар

Top