Мақолалар

Ахлоқи гўзал фарзанд – Аллоҳнинг неъмати

Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан – оила бор. Оила бор экан – фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди. Фарзандларимиз – бизнинг келажагимиз. Халқимиз эртасининг қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ.

Оила даврасида қиладиган ҳар бир ҳаракатимиз, оғзимиздан чиқадиган ҳар бир сўз фарзанднинг тарбиясига, унинг шаклланишига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши табиий. Ҳаракатларимизни ўзига кўчиргани сингари ҳали шаклланмаган сўз захирасига бизнинг сўз бойлигимиздан андоза олади. Авваламбор, оиланинг тинч – тотув, оила аъзоларининг бир – бирларига меҳр – оқибатли бўлишлари фарзанд тарбиясида муҳим ва муносиб ўрин эгаллайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”, дея фарзандларни дунё ва охират саодати, зийнати қилиб қўйди. Гўзал тарбия сир – асрорларини эса, ўзининг суюкли Расули орқали бизларга таълим берди. Асрлар оша таълим – тарбия мерос ўлароқ улуғ олиму – уламолар орқали бизгача етиб келди. Уларнинг тарбия борасидаги бебаҳо ўгитлари, босқичма – босқич ҳолда, ёш ва мижозга эътибор бериб амалга оширган ишлари мустақил келажакнинг мустаҳкам пойдеворларини етиштиришда аҳамиятли ўрин эгаллайди.

Фарзанд ниҳолга ўхшайди. Агар у ўз вақтида, яхши парвариш қилинмаса, тўғри ўсмай қолиши мумкин. Ота-онанинг вазифаси эса болага чиройли тарбия бериш, яхши инсон қилиб вояга етказишдир. Абдурауф Фитрат бу борада бундай ёзади: “Ахлоқи гўзал фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Яхши тарбия инсоннинг бахту-иқболи омилидир. Баъзи феълу атвор туғма бўлса-да, яхши хулқ кўпинча шакллантирилади”.

Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашди. У зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан кўчатларнинг ортиқча шохларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалаб ташлайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. Зеро, у ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб, яхши ҳосил бермайди. Натижада, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда етади”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” (Имом Термизий ривояти), дейилади.

Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Албатта, яхши фарзандлар ўз-ўзидан вояга етмайди. Балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб, улғаяди.

Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида бундай деган: “Бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

Ҳар томонлама баркамол фарзандни вояга етказиш борасида улуғларнинг жуда кўп тавсиялари бор. Уларни болаларда шакллантирилиши қуйидагича баён қилинади: Ислом, илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон, ватанпарварлик, адолат, муҳаббат, иффат, сабр, тўғрисўзлик, ибрат назари билан қараш, сир сақлаш ва ҳоказо.

Шу билан бирга фарзандни ҳасад, манманлик, такаббурлик, ёлғон гапириш, алдаш, мунофиқлик, бахиллик, бекорчилик, жаҳл, ғазаб, ғийбат, беҳуда сўзларни гапириш, мазах қилиш, шаҳватга берилиш, сўкиш, тамаъ қилиш, зулм, жоҳиллик каби ёмон хислатлар ривожланишидан муҳофаза қилиш зарурлиги ҳам айтилади.

Руҳан тетик ва ахлоқли фарзанд улуғ неъматдир. Фарзанди баркамол инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар бир ота-она уни соғлом эътиқод асосида тўғри тарбиялаши зарур.

ЎМИ Матбуот хизмати

3988 марта ўқилди

Мақолалар

Top