Мақолалар

Макка мушриклари Пайғамбар (с.а.в) ни кутганмиди?

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий туша бошлаб, у зот пайғамбар эканини айтган кезларда Макка аҳолиси орасида охирги пайғамбар Исмоил алайҳиссалом авлодидан чиқишига астойдил ишонадиганлар бор эди. Шунинг учун ҳам маккаликлар бу янгиликни эшитганларида охирги пайғамбар ўзларининг орасидан чиқишини билар эди деб комил ишонч билан айтиш мумкин. Ҳатто қуйидаги ояти карима улар сўнгги пайғамбарни кутиб яшаганига далолат қилади.

وَهَـذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

أَن تَقُولُواْ إِنَّمَا أُنزِلَ الْكِتَابُ عَلَى طَآئِفَتَيْنِ مِن قَبْلِنَا وَإِن كُنَّا عَن دِرَاسَتِهِمْ لَغَافِلِينَ

أَوْ تَقُولُواْ لَوْ أَنَّا أُنزِلَ عَلَيْنَا الْكِتَابُ لَكُنَّا أَهْدَى مِنْهُمْ فَقَدْ جَاءكُم بَيِّنَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن كَذَّبَ بِآيَاتِ اللّهِ وَصَدَفَ عَنْهَا سَنَجْزِي الَّذِينَ يَصْدِفُونَ عَنْ آيَاتِنَا سُوءَ الْعَذَابِ بِمَا كَانُواْ يَصْدِفُونَ

Биз туширган бу китоб, муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар. (Қуръони карим кўплаб етук сифатларга мушарраф китобдир. У дунёга ҳам, охиратга ҳам баракадир. Бу ҳақиқатни Қуръони каримга алоқаси бўлган ҳар бир мусулмон яхши билади. Агар дунёда яшашдан мақсад икки дунёнинг баракасига эришмоқ бўлса: «Бас, унга эргашинг». Ундан ўзга эргашишга арзигулик нарса йўқ. Бошқалар баракасиз нарсалар. Уларга эргашганлар икки дунёда мақсадларига эриша олмайдилар. Қуръонга эргашиш билан бирга, тақво ҳам бўлиши зарур.) «Биздан аввалги икки тоифага китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофилмиз», демасликларингиз учун. Ёки «Агар бизга китоб туширилганда, улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун, батаҳқиқки, сизга Раббингиздан очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ шахс борми? Тезда оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли ёмон азоб ила жазолармиз (Анъом, 155-157).

Ояти каримада “аввалги икки тоифа” дейилганда, яҳудийлар ва насронийлар назарда тутилган. Муфассирларимиз шундай дейишган. Бу ҳолда ояти каримада маккаликларга хитобан айтилган сўзларнинг мазмуни аниқ кўзга ташланади. Ибн Касир раҳматуллоҳу алайҳ ушбу оятдан олинадиган тушунчани янада қувватлантириш учун қуйидаги оятни ҳам илова қилади. 

وَأَقْسَمُوا بِاللَّهِ جَهْدَ أَيْمَانِهِمْ لَئِن جَاءهُمْ نَذِيرٌ لَّيَكُونُنَّ أَهْدَى مِنْ إِحْدَى الْأُمَمِ فَلَمَّا جَاءهُمْ نَذِيرٌ مَّا زَادَهُمْ إِلَّا نُفُوراً

Ушбу оятни шарҳлаган кўплаб муфассирлар айтадики, қурайшликлар аҳли китоблар жуда кўп пайғамбарларни ёлғончиликда айблашганини билиб, уларнинг қилмишидан жаҳли чиққанидан “Аллоҳ яҳудийлар ва насронийларни лаънатлайди, Агар пайғамбар бизга тушганида эди, биз бошқа халқларнинг ҳаммасидан фарқли равишда ажойиб уммат бўлиб, унга эргашган бўлар эдик”, дер эдилар.

 “Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. (Араб мушриклари ўз юртларида, хусусан, Мадинада яҳудийлар билан ёнма-ён яшар эдилар. Уларнинг тарихлари ва қиссаларини эшитган эдилар. Шунингдек, насоролар аҳволидан ҳам бир оз бўлса-да, хабардор эдилар. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи – Пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари арабларни ажаблантирар эди. Улар ўзларича, агар бизга огоҳлантирувчи – Пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша Пайғамбар келтирган таълимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз, деб қасам ичар эдилар. Оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра нималар бўлгани фош этилмоқда)” (Фотир, 42

وَإِنْ كَانُوا لَيَقُولُونَ

 لَوْ أَنَّ عِندَنَا ذِكْراً مِّنْ الْأَوَّلِينَ

 لَكُنَّا عِبَادَ اللَّهِ الْمُخْلَصِينَ

 فَكَفَرُوا بِهِ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ

Ҳолбуки, улар дер эдилар: «Агар бизнинг ҳузуримизда ҳам аввалгилардан бир эслатма бўлганида. Албатта, Аллоҳнинг ихлосли бандаларидан бўлар эдик». Бас, унга куфр келтирдилар. Энди яқинда билурлар (167-170).

 Ибн Касир ва бошқа муфассирлар  олдинроқ айтиб ўтилган Анъом сурасига Саффот сурасидан мана бу оятларни ҳам илова қилишган.


Имом Таборий айтадики, ушбу оятлар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканини эълон қилгунига қадар шу гапларни айтиб юрган маккалик мушриклар ҳақидадир.

ЎМИ Матбуот хизмати

5529 марта ўқилди

Мақолалар

Top