Мақолалар

Қуръондаги яна бир далил

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Мусо алайҳиссалом даврида Мисрда раҳбарлик қилган кимсани Фиръавн деб атаган. Яъни ўша пайтда Мисрда раҳбарлик қилганларни умумий равишда фиръавнлар деб атаган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَنَادَى فِرْعَوْنُ فِي قَوْمِهِ قَالَ يَا قَوْمِ أَلَيْسَ لِي مُلْكُ مِصْرَ وَهَذِهِ الْأَنْهَارُ تَجْرِي مِن تَحْتِي أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Фиръавн ўз қавмига: “Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!” (Зухруф сураси, 51-оят).

Тарихдан ҳам маълумки, қадимги асрларда Мисрда ҳокимлик қилганларни фиръавнлар деб аталган. Тарих қадимий Миср етакчиларини фиръавнлар деяпти. Қуръони Карим ҳам уларни фиръавнлар деб атади.

Аммо Юсуф сурасини ўқисак, унда Юсуф алайҳиссаломнинг Мисрда бошларидан ўтган қиссалари зикр қилинган. Қуръони Карим ўша пайтдаги Миср раҳбарига фиръавн атамасини ишлатмаган. Балки уни малик (шоҳ, подшоҳ) деб атаган.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مِكِينٌ أَمِينٌ

“Подшоҳ: “Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан", деди. У билан гаплашганда эса: “Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан”, деди”. (Подшоҳга Юсуфнинг (а.с.) пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.) (Юсуф сураси, 54-оят).

Яна бир оятда бундай деган:

وَقَالَ الْمَلِكُ إِنِّي أَرَى سَبْعَ بَقَرَاتٍ سِمَانٍ يَأْكُلُهُنَّ سَبْعٌ عِجَافٌ وَسَبْعَ سُنبُلاَتٍ خُضْرٍ وَأُخَرَ يَابِسَاتٍ يَا أَيُّهَا الْمَلأُ أَفْتُونِي فِي رُؤْيَايَ إِن كُنتُمْ لِلرُّؤْيَا تَعْبُرُونَ

“Подшоҳ: “Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг”, деди”. (Миср подшоҳининг “кўрмоқдаман” деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.) (Юсуф сураси, 43-оят).

Демак, Қуръондан шу нарсани билдикки, Юсуф алайҳиссалом Мисрда яшаганлар. У киши Мисрда яшаган пайтларида Миср раҳбарининг номи бошқача бўляпти. Қуръон уларни фиръавнлар демади, балки, малик деди.

Даврлар ўтиб,  “Рашид тоши” (1799 йилда Мисрда, Искандариядан узоқ бўлмаган  Розетта (ҳозирда Рашид) шаҳридан топилган гранит плита. Унда маъно жиҳатидан бир хил бўлган учта матн битилган. Шулардан иккитаси қадимги Миср тилида, биттаси қадимги грек тилида. 1802 йилдан “Рашид тоши” Британия музейида сақланади. Тошнинг баландлиги 114,4 см, кенглиги 72,3 см ва қалинлиги 27,9 см. Оғирлиги тахминан 760 кг) кашф қилиниб, ундаги қадимги Миср ёзуви ўрганилгач, Юсуф алайҳиссалом Мисрда Гиксослар Мисрни ишғол қилган пайтда яшаганлари маълум бўлди.

Гиксослар турли қабилалардан ташкил топган саҳройи кўчманчилар номи бўлиб, улар Мисрни босиб олиб, ҳукмронлик қилишган. Улар фиръавнлардан бўлишмаган. Уларнинг ҳокимларини, раҳбарларини Малик (шоҳ, подшоҳ) деб юритилган. Фиръавн деб юритилмаган. Мисрликлар гиксосларни қувиб чиқаргандан кейин яна фиръавнлар ҳокимият тепасига келишган.

Хўш, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша патда ҳеч ким билмаган бу тарихий ҳақиқатларнинг хабарини берган?! Ваҳоланки, олам бу маълумотларни “Рашид тоши” кашф этилганидан кейингина билди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломнинг гиксослар даврида, Мусо алайҳиссаломнинг фиръавнлар даврида яшаганларини қаердан билдилар?! Албатта, бу хабарни у кишига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи билдиргандир!

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

4194 марта ўқилди

Мақолалар

Top