Мақолалар

Шоколад

Шаҳримизда Фотима деган жажжигина қизалоқ яшайди. У унчалик бой эмас, аммо аҳли-иноқ хонадонда тарбия топмоқда. Унинг отаси йўналиш бўйича қатнайдиган такси ҳайдовчиси, онаси эса тиббиёт ҳамшираси. Фотиманинг ота-онаси ҳеч қачон ҳаётдан нолимайдиган, самимий, фидокор инсонлар – маҳалла кўйда ҳаммага қўлидан келганча ёрдам қилиб, ҳар доим Аллоҳ ризолигини истаб яшайди улар. Қизига ҳам шуни ўргатади. Аллоҳ таоло уларнинг эзгу амалларини кўриб ҳар доим уларга ёрдам беради.

Бир куни Фотима уйда ёлғиз қолди. Ота-онаси ишга кетган эди. Дафъатан унинг жуда ҳам ширинлик егиси келди. Олдинлари ҳам ширинлик егиси келиб турарди-ю, аммо бугун негадир жуда ҳам кучли келди бу истак. У одатига биноан қўлларини дуога очиб Аллоҳ таолога дуо қилди:

– Ё Раббим, Сен меҳрибон ва раҳмли зотсан! Менга шоколад юборгин! Амийн!

Дуоси якунига етар-етмас ташқари эшик очилди ­­– дадаси ишдан қайтибди. Остонада турибоқ Фотимани чақирди:

– Фотима! Қара, сенга нима олиб келдим! – деди. Унинг қўлида чиройли қоғозга ўралган шоколад бор эди. – Ҳа, ҳовлида сени Амина кутиб ўтирибди, кўп қолиб кетма, хўпми, - дея шоколадни унинг қўлига тутқазди.

Фотима кўзларига ишона олмади. У Аллоҳга ҳамду сано айтиб, дадасини қучоқлаб ўпди-да, шоколадни бағрига босиб ҳовлига отилди.

Ҳовлидаги скамейкада дугонаси Амина ўтирган эди. У жуда ҳам ғамгин эди.

Фатима дугонасидан:

 – Ассалому алайкум, Амина! Нима бўлди? – дея ҳол сўрди.

Амина:

– Ва алайкум ас-салом, Фотима! Инглиз тилини яхши ўзлаштира олмаётганим учун аям уришди. Бугун ҳам “уч” олдим. Ойим айтдики, мен энди ўйнагани чиқмас эканман, баҳоларимни тузатиш учун уйда ўтириб китоб ўқир эканман. Шунинг учун хайрлашгани чиқдим, – деди ва чуқур нафас олди.

– Эй чатоқ бўлибди-ку! – деди Фотима. У дугонасининг кайфиятини кўтариш учун нимадир қилгиси келар эди. Шунда у қўлида тутиб турган шоколадни эслаб қолди. – Амина, мана бу шоколадни Аллоҳ ризоси учун ол. Сиқилма, тез орада яна учрашамиз, иншоаллоҳ! – дея шоколадни дугонасига узатди.

– Вой! Раҳмат! Бу менинг энг севган шоколадим! – дея Амина дугонасини маҳкам бағрига босди. Кейин хурсанд бўлиб уйига югуриб кетди.

Амина йўлка олдида Зуҳра бувининг ўтирганини кўриб қолди. Буви хафаҳол тарзда атрофга кўз югуртириб ўтирар эди. Амина тўхтади-да:

– Ассалому алайкум, бувижон! – деди.

– Ва алайкум ас-салам, Амина жоним! – буви уни кўриб чеҳраси ёришди. Унинг ёлғизликдан сиқилаётгани аён эди. У Амина билан суҳбатлашмоқчи бўлди. Қизалоқ унинг ёнига ўтириб:

– Нега хафа бўлиб ўтирибсиз, бувижон, ­- деб сўради.

– Ах, Аминахон, ўғлим хизмат сафарига кетди, келиним болалари билан қишлоқда. Мен ўзим ёлғиз қолиб кетдим... жуда ҳам зерикдим, гаплашадиган одам ҳам йўқ...

Шу чоқ Аминани онаси чақириб қолди. Амина бувига ачинди, унинг ёнида яна бир оз ўтириб гаплашгиси, унинг дардига малҳам бўлгиси келган эди. Аммо уйга қайтиш керак... Қўлидаги шоколадни бувига тутқазди.

– Мана бу сизга совға! – деди бувига. – Уйга кириб чой билан ичасиз ва кайфиятингиз аъло бўлади.

Буви:

– Раҳмат сенга, қизалоғим! – деди ва шоколадни эҳтиёткорлик билан қўлига олди; уни қизчанинг меҳрибонлиги тўлқинлантириб юборди ва кўнгли кўтарилди.  

Зуҳра буви уйига кўтарилди. Кечқурун чой ичмоқчи бўлган эди. Аммо қўққисдан кўкрагида оғриқ туриб қолди. Қўнғироқ қилиб қўшни уйдан ҳар доим ярим тунларда чақирса ҳам ғизиллаб етиб келадиган ҳамшира Марямни чақирди.

Бир неча дақиқа ўтиб Марям келди ва бувининг қон босимини ўлчаб укол қилиб қўйди. Буви бирданига енгил тортиб ўзини яхши ҳис қилди ва ёрдаи кўрсатгани учун ҳамширага миннатдорчилик билдирмоқчи бўлди ва Амина совға қилган шоколадни унга тутқазиб:

– Марям, ёрдаминг учун раҳмат! Мана бу шоколад мендан арзимас совға бўлсин! – деди.

Марям хижолат бўлиб:

– Нималар деяпсиз? Ҳеч кераги йўқ! Бунинг мен учун сира қийин жойи йўқ! – деди.

– Аллоҳ ризоси учун ол, – деди буви ва шоколадни уялиб турган Марямга ушлатиб қўйди.

Марям уйга қайтар экан, ширинликхўр қизи Фотима шоколадни кўрганда қанчалар севинишини ўйлаб жилмайиб қўйди...

Муаллиф: Инна БАЙРАМУКОВА

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

3999 марта ўқилди

Мақолалар

Top