Мақолалар

Прозелитизмнинг зарарли оқибатлари

ХХ аср охирларига келиб, дунё жуғрофий-сиёсий харитасида юз берган катта ўзгаришлар, янги мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши, миссионерлик ҳаракатининг бу ҳудудларда ҳам жонланишига туртки берди. Улар демократия ва озодликнинг соф ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас ола бошлаган халқлар, маънавий ҳаётига осонлик билан суқилиб кириб олишга, уларнинг кўп йиллар мобайнида озор топган, бўғилган, топталган ва вақтинча пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, ўзларининг зарарли ғояларини сингдиришга фаол ҳаракатлар бошланди.

Мана шундай шундай ғаразли харакатлардан бири миссионерлик харакатларидир. Миссионерлик – бу бирор бир динга мансуб кишиларни бошқа динга тарғиб қилиш, Прозелитзм эса бир динга мансуб кишиларни бошқа динга мажбуран ўтказишдир. Миссионерлик ҳаракатларининг маънавиятимизга нисбатан таҳдидини яхши англаш ва тасаввур қилиш унга қарши кураш йўлларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Миссионерлик ҳаракати, аввало, аниқ бир шахсга, яъни иймон-эътиқоди мустаҳкам шаклланмаган, ўз ҳаётини тўғри йўлга қўя олмаган, шахсий муаммолар гирдобида қолиб, тушкунлик кайфиятига тушиб қолган кишиларга ёки ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшларни ўз домига илинтиришга қаратилмоқда. Одатда бундай кишиларни муқим иш жойига эга эмаслиги ва ёшларнинг қизиқувчанлиги уларга жуда қўл келади. Шахсий манфаатларни кўзлаб иш бошловчи миссионерлар учун, уларни ўз ортидан эргаштириш унчалик қийинчилик туғдирмайди.

Диний рангли китоб совға қилиш ёки маиший харажатлар учун «беминнат» ёрдам қўлини чўзиш орқали, улар ўз мақсадларига осонликча эришмоқдалар ҳам. Бу ҳаракатлар аслида узоқни кўзлаб ташланган сиртмоқ эканини дастлаб улар дарҳол сеза олмайдилар. Аммо бу қармоқ ўткир заҳарланган бўлиб, охир оқибатда катта ҳаётий фожиаларга олиб келиши аниқ. Бошқача айтганда, бу сиртмоқ уларни «янги дин»ни қабул қилишга, яъни прозелитизм ҳодисасининг юз беришига асос бўлади.

Прозелитизм, аввало, инсондаги энг олий қадрият — иймон ва эътиқоддан, муқаддас туйғулардан, онгли фикрлашдан жудо қилади. Бошқача айтганда, уят ва ор — номусини йўқотади. Бундай одамни андишасизлик ва бузғунчилик руҳияти эгаллайдики, у энди ўз атрофидаги энг яқинлари учун хавфли шахсга айланади. Прозелитизм таъсирининг иккинчи қадами кишини оила аъзолари ва яқин қариндошларига катта муаммолар туғдира бошлайди. Оила муносабатларида муросасиз кураш ва ички таҳдидлар пайдо бўлади. Янги динни қабул қилган шахс ўзи яккаланиб қолишидан қўрқиб, яқинларини ўзига қўшилишга турли методлар билан даъват қила бошлайди. Оқибатда, оила ва қон-қариндошлик, дўст-биродарлик алоқалари узила бошлайдики, бу ҳолат оила ҳамда жамият учун жиддий маънавий таҳдидлар туғдиради. Прозелитизм ботқоғига ботган иймонсиз кимсаларнинг учинчи қадами яшаш тарзини тубдан ўзгариши билан характерланади. Улар ўз-ўзидан оила ва маҳалла муҳитидан ажралганлиги боис жамият учун хатарли ва манфур кимсага айланадилар. Шахсий ҳаётида ҳеч бир нарсанинг қадр-қиммати қолмай яккаланиб қолган иймонсиз одам учун миллат ва она-Ватанга ҳам хиёнат қилиш оддий бир савдога айланади. Афсуски, бундай кимсалар иймон ва эътиқодни сотиш ва сотиб олиш мумкин эмаслигини унутиб қўядилар.

Конституциямизнинг 31-моддасида алоҳида қайд этилганидек, «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Бош қомусимизда белгилаб берилган айнан шу ҳуқуқ миссионерлик ҳаракати мутлақо ноқонуний эканлигини кўрсатади. Чунки миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатларида алдов ва мажбурлаш каби методлардан кенг фойдаланилмоқда.

Прозелитизмнинг зарарларидан бири шуки, минг йиллардан буён тинч ва аҳил, ўзаро ҳурматда яшаб келаётган халқларни диний ва миллий низолар гирдобида қолдиради. Натижада фитна содир бўлиб, тинч-тотув яшаётган давлатлар парокандаликка юз тутади. Айни вазият миссионер ва прозелитлар учун керак бўлган вазиятдир.

Бугунги кунда улар юртимизга хар хил номлар остида кириб келишга ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, тил ўргатиш курслари очиш, халқаро хайрия ташкилотлари таркибида ва бошқа бошқа кўринишларда.
Уларнинг таъсирига тушган кишилар ўзлигини йўқотади. Дини, миллати ва шахсий менлигини қўлдан бой бериб қўяди. Чунки эътиқод овчиларининг мақсади ҳам тобеларини манқуртларга айлантириш ва улар орқали жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришдир. Шундай манқуртлар чиқарган фитналар оқибатида шу давлатнинг бойлигига эга бўлиш уларнинг асл мақсадларидир.
Бунга мисол қилиб Африкадаги бир давлат раҳбарининг сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя. У киши шундай дейди: «Бизга бундан бир неча ўн йиллар илгари миссонерлар келди. Ўшанда уларнинг қўлида инжил бор эди, холос. Бугун эса ҳамма ерлар ва бойликлар уларники бўлди, бизнинг қўлимизда инжил қолди холос».

Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадисларининг бирида шундай баён қиладилар: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Охир замонда дажжоллар (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ тутинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Кўриниб турибдики, миссионерлик ва прозелитизм динимиз аҳкомлари ва халқимизнинг асрий қадриятларига зид бўлиб, охир-оқибат диний асосдаги низоларга олиб келиши мумкин. Юртимизнинг туб аҳолиси кўп асрлардан буён Ислом динига эътиқод қилади. Исломий қадриятлар халқимизнинг тарихий-миллий қадриятлари билан чамбарчас бўлиб кетган. Халқимиз бой маданий-маърифий, миллий-диний тарихга эга бўлиб, ҳеч қандай ноанъанавий диний ақида ва тамойилларга муҳтож эмас.

 

К.Илёсов
Боғот тумани

“Исмоил шайх бобо”масжиди

имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

6884 марта ўқилди

Мақолалар

Top