Мақолалар

Доктор Крунернинг қайсарлиги ва эътирофи: Муҳаммадга ваҳий тушган

Борлиқ, олам, унинг асли бир экани ҳақида сўз юритамиз. Аллоҳ таоло шундай деган:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Ояти карима маъноси хусусида тафсирчилар бир неча хил маънолар айтганлар. Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббослардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади. Иккинчиси, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади.Учинчиси, Ҳасан, Қатодалардан (р.а.) ривоят қилинган бўлиб, осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор.Тўртинчиси ҳозирги замон баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди. Булар, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади.) (Анбиё сураси, 30-оят).

Ушбу оятнинг маъноси Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган Қуръон эъжози конференциясида геология бўйича машҳур олим доктор Алфред Крунерга ўқиб берилди. Оятнинг маъносини ўқиган олим “Бўлиши мумкинмас... Бу ҳақиқатларнинг қайсидир китобда бундан ўн тўрт аср олдин зикр этилиши мумкин эмас. Ахир биз бу илмий ҳақиқатларга бир неча йиллар олдин эришдик. Ўта замонавий илмий воситалардан фойдаланиб, чуқур изланиш ва ўрганишлардан сўнг, хоссатан, атом физикаси орқали бу ҳақиқатни кашф этдик. Коинотдаги барча нарсаларнинг асли бир эканини башарият бундан бир минг тўрт юз йил олдин билган бўлиши мумкин эмас. Лекин бугунги замонавий илмий воситалар ўн тўрт аср олдин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган нарсаларни исботлай олади” деди.

Барчамиз инсоннинг Ойга чиқиш тажрибасини яхши эслаймиз. Бу тажриба содир бўлмасидан олдин олимлар қандай орзуларни қилишарди? Ой сатҳидан топиладиган ноёб моддалар ҳақида хаёл суришарди. Ўша моддаларни Ерга олиб тушиш ҳақида ўйлашарди. Улар “Ойда шундай моддалар борки, ундан олиб тушсак, ер юзида давоси топилмайдиган касалликларга ўша моддалар шифо бўларди. Агар ўша моддалар ердаги моддаларга қўшилса, инсониятга маълум бўлмаган янги моддалар ҳосил бўларди”, деб орзу қилишарди. Улар шу тарзда ердаги моддаларнинг ёнига яна бир янги модда қўшиш ҳақида хаёл суришарди. Хаёлларга берилиш кучайди, бошлар орзуларга тўлиб кетди... 

Албатта, у самодан келган ваҳийдир! 

Кейин нима бўлди? Инсон Ойга чиқди, Ой сатҳида юрди. Ой сиртидаги қоялардан намуналар олиб, Ерга қайтди. Қарашса, Ой сатҳидан олинган моддалар билан Ер сатҳидаги моддаларнинг таркиби бир хил экан. Ойдаги қоялар билан Ердаги қояларнинг таркиби бир хил, уларнинг асли бир экан. Шунинг ўзи уларнинг иймон келтиришлари учун етарли далил эмасми?! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга Қуръони Каримда хабар берган Осмонлар ва Ернинг асли бир эканининг назарий исботи, бу хабар ўн тўрт асрдан бери ўқиб, ўрганиб келинаётгани Аллоҳнинг борлигига, Яратувчилигига далил бўлиши учун етарли эмасми?! 

Профессор Алфред Крунер “Бугунги замонавий илмий воситалар ўн тўрт аср олдин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтган нарсаларни исботлай олади” деди. У жуда маккор кимса эди. Ҳатто у бу ҳақиқатлар Аллоҳ таолонинг Китобида айтилганига гувоҳлик келтириб қўймаслиги учун жавоб беришдан қочишга уринди. Шунинг учун у ҳар бир гапида “Муҳаммад айтган нарса” дер эди.

Шунда мажлисда ўтирган мусулмон олимлар “Биз сенга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапларни Аллоҳнинг ваҳийси билан гапирганларини, ўзларича гапирмаганларини исботлаб берамиз. Сенга бир неча набавий ҳадисларни келтирамиз. Уларда эъжоз бор. Бизга ўша ҳадисларни шарҳлашда ёрдам бериб турасан.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “То араблар ерига ривожланиш ва анҳорлар келмагунча қиёмат қоим бўлмайди” деганлар. Яъни экинзорлар, боғлар, дарёлар келмагунча.

Доктор Крунердан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, араблар диёрига боғлар, дарёлар келганми?” деб сўралди. У “Ҳа” деди. “Бу қачон бўлган?” деб сўралганда, у “Биринчи музлик даврида. Олам бу воқеани анча олдин бошдан кечирган” деди.

Крунердан “Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким хабар берган?” деб сўралди. У “Эҳтимол, у буларни ушбу илмларда илғор бўлган римликлардан ўргангандир” деди.

Олимлар “Араблар ерига боғу роғлар, дарёлар яна қайтадими?” деб сўрашди. У “Ҳа. Бу илмий ҳақиқат” деди.

Шунда олимлар “Келажакда бўладиган ишларга қандай қилиб “Бу илмий ҳақиқат” деяпсан?” деб сўрашди. У “Чунки иккинчи музлик даври аллақачон бошланган. Бунинг илк кўринишларидан бири сўнгги йилларда Европа мамлакатларида қишнинг қаттиқ келиши, қорли бўронлар бўлаётгани... Ҳар йили қиш олдинги йилдагидан қаттиқроқ, совуқроқ келмоқда. Шимолий Қутбдаги муз бўлаклари аста-секинлик билан жануб томонга силжиб келмоқда. Ҳар йили Европага, Арабистон ҳудуди жойлашган минтақаларга яқинлашмоқда. Аммо жуда секинлик билан яқинлашмоқда. Узоқ муддатдан кейин бу яқинлашиш кўпаяди. Натижада, иссиқ араб ерларида ҳаво пасайиб, боғлар, дарёлар ҳосил бўлади...” деб жавоб берди.

Ажабланарлиси шундаки, узоқ асрлардан бери ўтган йили қишда Саудия ҳудудини қор қоплади. Ўшанда ҳарорат нолдан анча пастга тушиб кетди.

Охирида Доктор Крунердан “Шундай қилиб Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Араб ерларига боғлар ва дарёлар қайтади” деб римликлар хабар беришганми?!” деб сўралганда, у “Йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас! Бу ҳақида унга самодан келган ваҳий хабар берган!” деб жавоб берди. 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асари асосида

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

3735 марта ўқилди

Мақолалар

Top