Мақолалар

Энг баланд даража соҳиблари – қорилар

Қуръон мусобақаси ҳам кечагина ниҳоясига етди. Тиловати Қуръонни тинглаб қалбимиз таскин топди. Кўнглимиз аллақандай ғам-қайғулардан озод бўлиб енгил тортиб қолдик, дунё ташвишларини унутдик. Кўнглимиз  қанчалик таскин топган бўлса, демак, ўшанинг миқдорича ажру савоблар олдик.

Бизнингки, яъни сомеъларнинг мукофоти шунчалик баланд экан, қорилар ва айни чоқда тловат қилиб турган қориялар эришадиган даражалар қанчалар баланд бўлади.

 

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ: اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُ بِهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: «Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади», деб айтилади» (Абу Довуд,Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади ҳасан-саҳиҳ).

Ҳадиси шарифдан аён бўладики, ҳеч ким Қиёматда даражасининг баландлиги бўйича қорилар билан беллаша олмас экан. Хўш, жаннатдаги энг баланд даража қанча ўзи?

 

وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَدَدُ دَرَجِ الْجَنَّةِ عَدَدُ آيِ الْقُرْآنِ فَمَنْ دَخَلَ الْجَنَّةَ مِنْ أَهْلِ الْقُرْآنِ فَلَيْسَ فَوْقَهُ دَرَجَةٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат даражалари Қуръон оятлари миқдоричадир. Қуръон аҳлидан ким жаннатга кирса, ун(инг мартабаси)дан юқори даража бўлмайди», дедилар» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).

Демак, Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, унга амал қилиб яшаган инсон жаннатнинг энг баланд даражасига чиқиб борар экан.

 

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ: يَا رَبِّ حَلِّهِ فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ زِدْهُ فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ: يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ فَيَرْضَى عَنْهُ فَيُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон келади ва: «Эй Раббим, уни (яъни  Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!» дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: «Эй Раббим, унга зиёда қилгин!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. Сўнгра (Қуръон): «Эй Раббим, ундан рози бўлгин!» дейди. Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарилиб боравер», деб айтилади. Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади» (Термизий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).

Олдинги ривоятларда Қуръон охират куни бандани шафоат қилиши айтилган эди. Бу ривоятда ўша шафоат қандай бўлиши баён қилинмоқда. Демак, Қуръон қиёмат куни Аллоҳдан ўз соҳибини безатишни, унга иззат-икром кўрсатиш ва ўша бандадан рози бўлишини сўрар экан. Қуръоннинг бундай шафоатига эришиш учун банда Қуръон ўқиши, Қуръон ҳақларини адо қилмоғи керак.

Умидимиз шулки, ушбу шарафли мусобақада қатнашган қориларимиз ва қорияларимиз Қуръони карим таълимотини ҳаётларига татбиқ этиб чинакам тирик Қуръон бўлиб ҳаёт кечирадилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

3974 марта ўқилди

Мақолалар

Top