Мақолалар

Бир нарсанинг борлигини билмаслик уни йўқ дегани эмас!

Ушбу мақолада муҳим бир нуқтага эътиборингизни қаратамиз. Бу – бир нарсанинг борлигини билмаслигимиз унинг мавжуд эмаслигини англатмаслигидир.

Агар Аллоҳ таоло бизга фаришталар ҳақида, жаннат ҳақида, дўзах ҳақида ва шайтонлар ҳақида гапирган бўлса, биз уни тасдиқлашимиз шарт! Аллоҳ таоло ўша нарсаларнинг борлигига фақатгина иймоний далил эмас, балки, ғайб нарсанинг мавжудлигига моддий далиллар ҳам келтирган. Гарчи биз ўша ғайб нарсанинг борлигини кўрмаган бўлсак ҳам.

Аллоҳ таоло бизга ғайб нарсанинг борлигини борлиқдаги воқеалар орқали билдиради.

Мисол учун бактерияларни олайлик. Бу нозик, майда махлуқотлар инсон жасадига ҳужум қилиб, унга касаллик етишига сабаб бўлади. Бу бактериялар инсон билан умр бўйи бирга яшайди. Лекин биз бу бактерияларни инсоният ҳаётининг илк лаҳзаларида, ҳатто яқин ўтмишгача билмаган эдик. Кейинчалик илм тараққий этиб, уламолар нарсаларнинг ҳажмини миллион марта катталаштириб кўрсатадиган электрон микроскопларни кашф этишгандан сўнг мазкур бактерияларни кўра бошладилар.

Хўш, биз ўша микроскоп орқали нималарни кўрдик? Микробларнинг ажойиб дунёсини, уларнинг ўзига хос шаклларини ва ҳаракатларини кўрдик. Уларда ҳам насл қолдириш, кўпайиш борлигини кўрдик. Микробларнинг инсон жисмига кириб, қонга етиб борадиган йўллари борлигини кўрдик. Уларнинг қон билан реакцияга киришишини кўрдик.

Микроблар олами ҳам катта олам бўлиб, олдинлари бу олам ҳақида ҳеч нарса билмасдик. Балки бу олам бир неча асрлар давомида биз учун ғайб олами эди. Аммо шу билан бирга улар мавжуд эди. Фақат биз уларнинг борлигини билмас эдик. Хўш, бизнинг билмаслигимиз уларнинг йўқ бўлганини англатадими?! Албатта, ундай эмас! Улар аввал ҳам бор эди. Ўзининг вазифасини бажариб келарди.

Қадимги олимлар “Касаллик  бу – ёвуз руҳларнинг инсон жасадини ўраб олиши” дердилар ва ўша ёвуз руҳлар чиқиб кетиши учун беморни урардилар ёки касалланган аъзосини куйдирардилар. Кейинчалик илм ривожлангач, касалликка сабаб бўладиган микробларни кўзимиз билан кўра оладиган бўлдик. Улар ҳаракатланар, кўпаяр, жасадни тешиб кирар ва мақсадига эришиш учун курашарди. Микробларнинг яшаш тарзини ўрганиш, уларни йўқ қилиш йўлларини билиш учун илмий тажрибаларни ишга солиб ҳайвонларнинг танасига ўша микроблардан киритадиган бўлдик.

Шу тарзда бизнинг кўзимизга кўринмаган бўлса-да, аслида ғайбий нарсалар йўқ эмаслигини, балки борлигини, улар ҳам ҳаётда ўз вазифасини бажариб турганини, уларни билмаслигимиз, кўрмаётганимиз уларнинг йўқлигини англатмаслигини Аллоҳ таоло бизга билдирди.

Агар биз ўзимиз ичадиган сув томчисига микроскоп орқали назар солсак, унда ажойиб нарсаларни кўрамиз. Шундай нарсаларни кўрамизки, уларнинг ичида ҳаёт қайнайди, ҳаракат жўш уради. Сувдаги бу жонзотларнинг ўзига хос олами, ҳаётда ўз ўрни бор. Сувдаги мазкур жонзотларнинг борлигини яқин кунларгача билмас эдик.

Бизнинг билмаслигимиз уларнинг йўқлигини англатадими?! Албатта, ундай эмас! Биз билмаган бўлсак ҳам улар олдин бор эди. Лекин биз уларни билмас, кўрмас эдик.

Борлиқдаги барча нарсага юзлансак, бир нарсанинг борлиги алоҳида нарса, ўша нарсанинг борлигини билиш алоҳида нарса эканини кўрамиз. Биз борлигини билмаган қанчадан қанча нарсалар бу оламда ўз вазифасини адо этиб юрибди.

Мисол учун сунъий йўлдошлар, телевизион репортажларни олиб кўрайлик. Бир аср олдин бирор жойда содир бўлган воқеани ўша лаҳзаларда бутун олам кўра олади деб биров айтармиди?! Буни биров билармиди?! Табиийки, буни биров билмасди. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга бунинг илмини билдирди. Бу илм бизга коинотда шундай хусусиятлар борки, улар инсонга бир вақтнинг ўзида дунёда бўлаётган воқеаларни кўриш, эшитиш имконини беришини ўргатди. Бир инсон Ой сиртида юрса, бошқаси уни кўрди. Инсон қандай қилиб бу каби илмий тараққиётга эришди? Нима, у тасвирларни узутадиган ҳаво қатламини ихтиро қилдими? Ёки ташқаридан Ерга янги моддаларни олиб келдими? Ёки бошқа сайёралардан тасвирларни узатувчи сунъий йўлдошларни ясайдиган модда олиб келдими? Албатта, йўқ! Бирорта одам, ҳатто моддапарастларнинг энг катталари ҳам мазкур хусусиятларни инсон ўзи яратган деб айтолмайди. Ҳаво қобиғи, Ердаги моддалар Аллоҳ таоло Ерни ва унинг устидаги нарсаларни яратгандан бери мавжуддир. Лекин унинг хусусиятлари биздан ғойибда эди. Аллоҳ таоло бизга бу борадаги илмларни очиб берганидан ва Ўзи ўргатганидан кейин биз бу нарсаларни билдик. Агар Аллоҳ таоло ўргатмаса, мазкур хусусиятларни қандай ишлатардик, қайси соҳаларда фойдаланардик.

Осмонга назар солайлик. Кучли телескоплар кашф этилгандан кейин у орқали осмонни кузатдик. Янгидан-янги галактикалар, юлдузлар, туманликларни кўрдик. Шу нарсалар биз кўришимиздан олдин йўқ эдими?! Асло ундай эмас! Олдин ҳам бор эди. Ёки биз кўришимиздан олдин улар вазифасини бажармаётган эдими?! Асло йўқ! Олдин ҳам улар ўз вазифасини бажараётган эди. Лекин Аллоҳ таоло уларни биздан маълум муддатгача тўсиб қўйган эди. Уларни ошкор этиш вақти келгач, Аллоҳ таоло бизга уларни билдирди. Натижада бизга олдин кўринмаган, биз учун ғайб ҳисобланган нарсалар кўрина бошлади. Уларнинг мавжудлигини билдик. Бизга маълум бўлмаган пайтда ҳам улар ўз вазифасини бажариб келаётганидан хабардор бўлдик.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

3364 марта ўқилди

Мақолалар

Top