Мақолалар

“Фитрат аҳли” кимлар?

Cавол: Ислом тарихига доир китобларни ўқиганда “фитрат замони” ҳамда “фитрат аҳли” деган ибораларга дуч келиб, маъносини тушунолмадим. Илтимос, ана шулар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: “Фитрат” (ёки “фатрат”) сўзи луғатда бирор вақт оралиғи маъносида ишлатилади. Уламолар истилоҳида эса у икки пайғамбар келган пайт ўртасидаги даврни ифодалайди.

Бу сўз, хусусан, Исо (алайҳиссалом) ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик даврлари оралиғидаги вақтга нисбатан қўлланади. Ана шу пайтларда яшаб ўтган инсонлар “фитрат аҳли” – узилиш даврида яшаганлар, деб номланади. Баъзи уламоларнинг фикрича, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар этиб юборилганларидан кейин дунёга келиб, кимсасиз ерларда, якка-ёлғиз ҳолда тоғларда яшаб, Ислом хабарини эшитмаганлар ҳам фитрат даврида яшаган инсонлар ҳукмидадирлар.

Бу ҳолатдаги инсон мотуридийлик ақидасига кўра, фақат ўзининг ва оламнинг Яратувчиси борлигини идрок қилиши керак. Имоннинг бошқа шартлари, ибодатлар ва Ислом ҳукмларини ақл билан топиб бўлмагани боис улардан масъул бўлмайди.

Ашъарийликка кўра эса, бундай одам Аллоҳ таолонинг борлигига имон келтирмаса ҳам нажот аҳлидан бўлаверади. Аммо кўпчилик уламолар мотуридийлик қарашларига қўшилганлар.

«Ҳидоят» журналидан

5934 марта ўқилди

Мақолалар

Top