Мақолалар

Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Инсонни икки нарса ҳалок қилади…»

Инсоннинг саодатли ҳаёт кечириши, ишлари унумли ва баракали бўлишида эртанги кунга нисбатан умиднинг ўрни беқиёсдир. Инсон дунёга келибдики, орзу-умидлар билан яшайди. Орзулари рўёбга чиққан одам, албатта, шукр қилиши керак. Инсонни касб ва меҳнат қилишга ундайдиган куч ҳам шу. Ғайрат ва иштиёқни уйғотадиган, дангасалик ва ялқовликни кетказадиган омил ҳам умиддир. Умидни янада яхшироқ тушуниш, ҳис этиш учун унинг зидди бўлган умидсизликни билиш керак.

Умидсизлик Аллоҳнинг раҳматига ношукрлик бўлиб, умидсизлик  ишончни сўндирувчи иллатдир. У бирор ишга қўл уришдан қайтаради. Жасаддаги қувватни сустлаштириб, йўққа чиқаради. Мақолларда келганидек «Умид қилдим – етдим, ноумид бўлдим – йиқилдим». Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Инсонни икки нарса ҳалок қилади: умидсизлик ва манманлик!” деганлар. Масалан, талаба имтиҳондан ўтишига умид қилмаса, ўқиш-ёзишни йиғиштириб қўяди. Синфхона унга торлик қилади. Ўқимаслик учун ҳар нарсадан баҳона излайверади. Энг ёмони, ўша “баҳона” тез топилади. Бемор соғайишдан умидини узса, на табиб сўзи, на муолажа кор қилади. Ҳеч қандай дори фойда бермайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Aллoҳнинг рaҳмaтидaн нoумид бўлмaнглaр. Зeрo, Aллoҳнинг рaҳмaтидaн фaқaт кoфирлaр қaвмигинa нoумид бўлур”. Динимиз таълимоти ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида чин ихлос билан меҳнат қилишга буюради. Ҳар қандай муваффақият осонлик билан қўлга киритилмаслиги маълум. Илм, касб-ҳунар эгаллаш, дунё фаровонлиги ва охират ободлиги ҳамма ҳаммаси инсон ҳаракати сабаб ҳосил бўлади. Бунинг учун инсонда ишонч, умид бўлиши кифоя. Умид қалб амалидир. Ҳар бир инсонни унинг қалби бошқаради. Қалбдаги яхши ният ва олий мақсадлар кишига шижоат ва ғайрат бағишлайди. Қалбида пок нияти бўлмаган киши бирор ишга қўл урмайди, киришмайди, киришса ҳам, ишини тугатмайди. “Бирор билим юртни амаллаб тугатсам…” деган инсон шундан нарига ўтмайди. Нолигани сайин иши орқага кетаверади. Унинг дардига даво меҳнатдир. Хоҳиш ҳеч нарсани ҳал қилмайди, натижага эришиш учун ҳаракат қилиш керак. Ҳаракатдан тўхтамаган бирор натижага эришмай қолмайди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Дунёда эртага вафот этадигандек ибодат қил, абадий турадигандек яша” деб, ғайратли бўлишга ундаган. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Миллатимиз меҳнатни севади, меҳнаткашни қадрлайди. Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, файзу баракот ҳалол меҳнат биландир. Хулоса қилиб ушбу ибратли зарбулмасални келтирсак.

Бир хонада тўртта шам ёниб турар эди. Замон ўтиб, одамлар ўзгариб, хонадаги биринчи «Иймон» деб номланувчи шам ўчибди.

— «Иймон» ўчган жойда мен хам узоқ ёна олмайман, деб «Яхшилик» дея номланган иккинчи шам ҳам ўчибди.

— Иймон ва яхшилик ўчган хонани мен ҳам ёрита олмайман, деб «Меҳр-муҳаббат» шами ҳам ўчибди.Ушбу хонага кириб бир киши:

— Эҳ, нақадар қоронғу бу хонада на Иймон, на Яхшилик, на Меҳр-муҳаббат бор, деб ортга қайтаётса, тўртинчи шам:

-Илтимос, тўхтанг, дебди.

— Сен қандай шамсан? Нега халиям ёниб турибсан, деб сўрабди халиги киши.

— Мен ўчсам бу хона қоп-қоронғу бўлиб қолади, Мен ёниб турган эканман қолган учта шам ҳам ёниши мумкин. Чунки мен «Умид» шамиман, дебди.

— Ҳеч қачон қалбингиздан шу тўрт шам ўчмасин. «Иймон, яхшилик, меҳр-муҳаббат ва умид» қалбингизни доим ёритиб турсин! Умидни асло узманг ва Аллоҳнинг рахматидан ноумид бўлманг!

Ўктам ҚУРБАНИЯЗОВ,

Қорақолпағистон Республикаси Амударё тумани

«Нўғой эшон» эшон жоме масжиди имом хатиби

 

4565 марта ўқилди

Мақолалар

Top