Мақолалар

Ўзимиз  ибрат бўлайлик

Болалигимизда катталар ёнидан ўтсак, юзимизга қараб: “Ҳой, шошмай тур, сен фалончининг ўғлимисан”, дейишарди. Улар бизни қандай танийди, деб ҳайрон қолардик. Катта бўлгач, бунинг сабабини билиб олдик. Кексалар феълимизда, юриш-туришимизда ё юз-кўзимизда ота-онамизни кўришар экан. Албатта, ҳар бир болада ўзи улғайиб ўсган муҳит таъсири катта бўлади. Ота-онада бор сифат албатта болага ўтади. Оддий мисол: ота-она фарзандини китобга ошно қилишни хоҳласа, уйда китоб жавони бўлиши, болалар ота ё онанинг китоб ўқиётганини доим кўриши керак.

Ёши элликларни қоралаган бир акамиз билан шу мавзуда суҳбатлашиб ўтирсак, бошидан ўтган воқеани айтиб берди:

«Мен олти ойлигимда ота-онам турмушлари бўлмай, ажрашган экан. Мени онам ёлғиз катта қилдилар. Раҳматли имон-эътиқодли аёл эди. Менга бирор марта отам тўғрисида ёмон гап айтмаган. Уйланадиган куним имом домла “фалончининг ўғли” деб отамнинг исмини айтиб никоҳимизни ўқиди. Ўшанда отанинг ҳурмати қанча баланд эканини яна бир бор ҳис қилдим.

Орадан йиллар ўтди. Бир ҳолат мени ҳайратга соларди. Ётар пайтим ёстиқдан ташқари бирор дўмбоқ нарсани бўйним остига ҳам қўйиб оламан. Шундай қилмасам, ҳеч уйқум келмайди. Бу одат менда қачон пайдо бўлган – билмайман.

Бир гал отамнинг тез-тез касал бўлаётганини эшитдим. Зиёрат қилиб, дуоларини олиб келсам майлими, деб онамдан сўрадим. Онам: “У киши отангиз, хоҳиш ўзингизда”, деди. Отамни кўргани бордим, у киши даҳлизда ўтирган эканлар. Салом бериб, кирдим. Йиғлаб кўришдик, анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳаққимга узоқ  дуо қилди. Толиққан эди, ўрнига олиб кирдим. Ёпинчиқни очсам, ўралган сочиқ турибди. Ҳайрон бўлиб отамга қарасам, изоҳлаб: “Шуни бўйнимга қўйиб ётмасам, ҳеч уйқум келмайди...” деди. Таажжубдан қотиб қолдим».

Дарҳақиқат, фарзандлар ота-оналарини такрорлашади. Ҳар бир сифатимиз, феълимиз, ҳатто айрим одатларимиз ҳам улар назаридан четда қолмайди. Оилада муомаламиз қанча чиройли, маънавиятимиз гўзал бўлса, фарзандларимиз ҳам эсли-ҳушли, одобли, диёнатли бўлиб камолга етади.

 

Усмонхўжа САИДОВ,

Ўзбекистон тумани

“Ҳидоят” журналидан

 

3399 марта ўқилди

Мақолалар

Top