(ҲАЗРАТ САЙИД АМИР КУЛОЛ)
Ҳазрат Сайид Мир Кулол 1287 йилда Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида туғилган. Кулолчилик билан машғул бўлгани боис Шарқу Fарбда Амир Кулол номи билан танилган.
Нақл қилинишича, Ҳазрат Мир Кулолнинг оналари дер эканлар: Амир Кулол қорнимда эканлигида шубҳали луқма ютиб қўйсам, кўкрагим остида шу қадар қаттиқ оғриқ пайдо бўлардики, ҳатто ҳушимдан кетаёзардим. Кейин маълум бўлдики, бу ҳол покиза фарзандим баракотидан экан.
Ҳазрат Сайид Мир Кулолнинг тариқатдаги пирлари Ҳазрат Муҳаммад Бобойи Самосий ҳисобланадилар.
“Мақомати Амир Кулол”да ёзилишича, Ҳазрат Амир алаҳир раҳма асҳоблари билан Бухородаги жомеъ масжиди томон борардилар. Бир бойвачча йўл ёқасидаги даласида ғуломи билан бирга деҳқончилик қиларди, шунда ғуломи ўз хожасидан сўради: ”Бу ўтиб кетаётганлар кимлар?” Хожа деди: “Булар текинхўрлар, нарзхўрлардур!”. Бу гапдан каромат нури билан воқиф бўлган Амир Кулол муридларига дедилар: “Эй ёронлар, бизнинг Хожамиз Абдухолиқ Fиждувоний алайҳир раҳма айтган эдиларки, кимки дарвешларга ҳақорат назари билан қараса, то тузалмас касалликка чалинмаса, дунёдан ўтмас”.
Кўп ўтмай дарвешларни ҳақорат қилган Хожа ичига олов тушган каби жон талвасасига тушди, оғир ва тузалмас дардга йўлиқди ва жон таслим этди.
Яна шуни айтиш лозимки, Соҳибқирон Темур Амир Кулолнинг дуолари шарофатидан улуғ зафарларга эришгани тарихдан маълум. Ул зотнинг васиятига кўра, Баҳоуддин Нақшбанд ва Ориф Деггаронийлар Сайид Мир Кулолни ювиб, кафанлаб қабрга қўйганлар. Ҳазрат Сайид Мир Кулол 1370 йилда 83 ёшда оламдан ўтган.
Ражабхон ҚИЁМОВ,
Нишон туман бош имом-хатиби.