Мақолалар

Гина қалбни қорайтиради

Инсон қалби доимо меҳр-муҳаббатга муштоқ бўлади. У кичик ё катта ёшда бўлсин, ўз яқинлари ва атрофдагиларнинг меҳридан руҳий қувват олади. Аллоҳ учун ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиш савобли амаллардандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча имонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар амал қилсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадис шарҳини Имом Нававий бундай изоҳлаган: “Фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлиб, меҳр-муҳаббат сабаб вужудга келишини инобатга олишимиз керак”.

Инсонларни бир-бирига яқинлаштирадиган, гўзал хислатлардан бири кечиримлилик ва гина сақламасликдир. Аллоҳ таоло бандаларини шундай огоҳлантиради: (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир...” (Шўро сураси, 40-оят).

Демак, инсон бошқаларнинг айбини авф қилиб кечирса, Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳларини кечиради.  Афсуски, орамизда бир-бирлари билан аразлашиб, сўнг ойлаб, ҳатто йиллаб гаплашмай юрадиган инсонлар бор. Инсоннинг ўзига хос заифликлари ҳисобга олиниб, 3 кунгача аразлашишга рухсат берилган. Бундан ортиқ  аразлашиб юриш ҳалол эмас. Бир йилгача ярашмай, аразлашиб юриш эса, билиб туриб ҳаром ишда бардавом бўлиш демакдир. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим. Айниқса, низолашиб қолганлар рамазон ойи олдидан билиб билмай қилган хатолари учун бир-биридан биринчи бўлиб узр сўраса, беҳад савоби каттадир.

Абу Ҳирош Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, унинг қонини тўккан билан баробардир”, деганларини эшитган экан.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради.Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, дедилар”. Мана шу икки кишининг қай бири аввал салом берса, шуниси Аллоҳ таолога ҳам суюклироқ бўлади. 

Яна бошқа бир ҳадисда, Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса, ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга кирмайди, дедилар. Агар мўмин-мусулмонлар аразлашиб қолса,  тезда ярашиб олмаса, икки томонга ҳам оғир оқибатлар етади.

Аразлашиш ҳолати фақат дўстларда эмас, балки опа-сингиллар, ака-укалар ўртасида ҳам содир бўлиши мумкин. Бундай вақтларда нафақат ўзаро муносабатлар, балки оилавий муносабатларга ҳам путур етиши эҳтимоли бор. Агар ака-укалар, опа-сингиллар  қуда бўлишса, тақдир тақозоси билан фарзандлариниг тақдир йўллари айро бўлса, бир-бирлари билан силаи-раҳм алоқаларини узадилар, турли давраларда кўришишса ҳам бир-бирларига салом ҳам бермасликларининг гувоҳи бўлиб қоламиз. Ахир улар бир ота-она фарзандлари-ку, барча ишни Аллонинг тақдиридан деб билиб, бир-бирларидан гина сақламасдан, ўзаро муносабатларни ислоҳ қилишса, гўзал иш бўлар эди. Аллоҳ таоло: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).

Яъни, яқин қариндошлар билан алоқани узганлардан Аллоҳ рози бўлмайди. Бу ишни қанчалик гуноҳ эканини чуқур англаб етишимиз лозим ва бундан узоқ бўлишимиз керак.

Инсонлар бир-бирини кечирса, гина сақламаса, меҳр-муҳаббат янада зиёда бўлиб, бундан бутун жамият манфаатли бўлади. Бағритош инсонларни эса ҳеч ким ҳушламайди. Келинг, меҳр-шафқатли бўлиб саодатга эришайлик. Инсонларга илиқлик улашувчи гўзал қалб эгалари бўлиш барчага насиб етсин!

Жозиба ЖАМОЛ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

 

 

 

 

 

 

 

 

5158 марта ўқилди

Мақолалар

Top