Мақолалар

Ўлик ва тирик инсон вазнида фарқ бўладими?

Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг мўъжизотларини фаҳмлай оладиган ақл эгалари тўғри йўлга кириб, Ҳақ динни танлашлари муқаррардир.

Шулардан бири Лондон университетининг профессори, электрон техника факультети раҳбари доктор Артур Эллисондир. Бу ҳақда “info.islom” нашри маълум қилди.

У бир неча йил давомида Британия руҳшунослик тадқиқотлари жамиятининг президенти лавозимида ишлаб, турли хил динлар, жумладан, Ислом билан танишган. Аниқ фанлар бўйича мутахассис ҳамда инсон руҳий ҳолатини ўрганувчи доктор Эллисон тирик ва ўлик одамнинг вазни бир хил бўлиш ёки бўлмаслигини аниқлаш мақсадида тажриба ўтказишга қарор қилди. Кўнгиллилар ҳеч келавермагач, унинг режаси барбод бўлишига бир баҳя қолганди. Шунда бир мусулмон талаба устозига уйғоқ ва мудроқ ҳолатдаги инсонлар вазнини ўлчашни тавсия этиб, Қуроъни Каримнинг Аз-Зумар сураси 42-оятини ўқиб берди: “Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларни эса, уйқуси вактида олур. Бас, ўлишга ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қамвлар учун оят-ибратлар бордир".

Ҳар лаҳзада қанчадан-қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам ҳар куни маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Унинг жони нима бўлади? Бу саволларга мазкур жумлада жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиш катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар, деб тушунтирди мусулмон талаба.

Бироқ талабанинг сўзларига ишонмаган профессор ушбу ояти каримани текширишга киришди. Тажриба шуни кўрсатдики, уйқудаги инсоннинг танидан жон чиққач, унинг вазни камаяр экан. Оятда келтирилган маълумот жаноб Эллисонни ҳайратга солиб, у шу аснода Ислом динини қабул қилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

4093 марта ўқилди

Мақолалар

Top