Мақолалар

Боламиз ҳалим бўлсин!

Ҳалимлик яхши фазилат бўлиб, инсон ақлининг камолотига хизмат қилади ва ғазабини сўндиради. Уламои киромлар ҳалимлик фазилати ҳақида сўз юритиб, уни инсон ғазаб отига минган вақтда виқорли бўлиши ва меҳрибонлик кўрсатишидир, деб таърифлашган. Гўзал одоб-ахлоқлар тўғрисида илмий баҳс юритувчи баъзи тадқиқотчилар ҳилм, юмшоқ кўнгиллилик – ўзини одоб доирасида ушлаши, ғазабини жиловлаши, деб айтишади.

Дарҳақиқат, ҳалимлик пайғамбарларнинг гўзал ахлоқларидан биридир. Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга олий даражадаги намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажойиб хислатларидан бўлган. Чунончи, баъзи ҳадисларда: Ҳалимлик пайғамбарлар суннати,  деб ривоят қилинган. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси бўлганлари барчамизга яхши маълум. Ҳадис шарифда шундай дейилган: «Ҳалимлик қилган киши дунё ва охиратда улуғ бўлади» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло ана шу юксак ахлоқ даражасида бўлган ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берган буюк ахлоқий сифатлар тўғрисида хабар бериб шундай дейди:  “...Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон, 159).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ҳалимликда олий мақом этиб, у зотнинг умматларини ҳам фахри коинот йўлини тутиб, суннатларига эргашишни ирода қилди. Шунинг учун ҳам Раббимиз Фурқон сурасида умматларнинг энг яхшилари ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон, 63). Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ояти карима ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, яъни ҳалимлик қиладилар”,  деган.

Ҳазрат Расул акрам алайҳиссалом барча умматларини ҳалимлик, вазминлик ва беозорлик сифатлари билан хулқланишга чақирганлар. Ҳадис шарифда шундай ривоят қилинади: «Сизларнинг энг кучлиларингиз ғазаб вақтида ўзига ғолиб бўлган киши ва сизларнинг энг ҳалимингиз қудрати етиб турганда афв этган кишидир» (Ибн Аби Дунё ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадис шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло барча ишларда мулойимлик ва вазминликни яхши кўради», деганлар.

Демак, ҳалимлик ва беозорлик энг улуғ одоблар жумласидан экан. Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муомалаларда вазминлик, беозорлик одобларига амал қилиб ҳаёт кечирмоғимиз лозим. Шундай қилсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторидан ўрин олиб, ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг чин умматлари жумласидан бўламиз, иншоаллоҳ.

 

Муслим АТАЕВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3337 марта ўқилди

Мақолалар

Top