Ёшликдан ҳаракат қилиб, вақтни ғанимат билиб келажакда ўзи ва эл-юрти манфаати, бахту саодати йўлида фойда берадиган билимни олишга интилмоқ керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг:
ўлимдан аввал ҳаётни;
касал бўлишдан аввал соғликни;
банд бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни;
кексалик етмасдан аввал ёшликни;
камбағал бўлмасдан аввал бойликни”, деб айтганлар.
Ҳадисда ёшликни ғанимат билишга, уни келажакка ва жамиятга фойда келтирадиган ишларга сарфламоққа буюриляти. Зеро, ёшлик – инсон умрининг гултожидир.
Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Умр гулшанининг баҳори” бўлмиш ёшлик айёми ҳар қандай адоват ҳасаддан йироқ бўлиб, фақат эзгуликка, илм ўрганишга, гўзалликка, элу юрт фаравонлиги йўлида ҳалол меҳнатга бахшида этилиши керак, дея таъкидлаган эди.
Ёшликда илм уммони теранликларини кашф этиб, билимлар хазинаси соҳиби бўлиш, ёшларнинг энг эзгу ишларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда ёшларимизнинг фақат мамлакатимизда эмас, жаҳоннинг исталган мамлакатида ҳам илм асосларини эгаллаши учун барча имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, АҚШ, Англия, Франция, Германия каби ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган юзлаб талабалар ёшлик айёмидан энг қутлуғ мақсадга эришиш йўлида фойдаланмоқда.
Илм олишда инсон фақат ёшлик чоғидагина машғул бўлиш билан чекланиб қолмасдан, доим илм-маърифат учун интилиб яшамоғи даркор. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бешикдан то қабргача илм изла” деганлар. Бундан маълум бўладики, инсон фақат ёшликда олган илм билан кифояланиб қолмасдан, ёши катталар ҳам ёшлар сингари илм ўрганиши керак бўлади. Илм ҳамма ёшдаги одамларга зарур. Илм ўрганиш инсонга Аллоҳ таоло бахш этган буюк неъмат. Зеро, илм инсоннинг ақлу идрок ва тафаккур неъматини камол топтириб, унинг салоҳиятини юксалтиради.
Аждодларимиз Расулуллоҳнинг ана шу даъватларига амал қилиб кўплаб илмий марказларда умр бўйи турли соҳа илмларни ўрганиб илм даражасини юксалтирган ва дунё тамаддунига ўзларининг беқиёс ҳиссасини қўшганлар.
Мужодала сурасини 11-оятида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Илм – бу дунёда иззат, охиратда шарафдир”, деганлар.
Илм – инсонни юксакликка кўтарадиган, унинг маънавий-маданий даражасини оширишга хизмат қиладиган муҳим омил. Зеро, инсон эл орасида илм билан улуғлик, ҳунар билан шуҳрат топади ва ҳаётда яхшиликларга эришади. Илм эгасини юртига, халқига, қолаверса, дунёга танитади. Бундай ҳурмат ўзи учун ҳам, юрти учун ҳам катта ютуқ ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларимизни ёшликдан унумли фойдаланиб, илм-фан чўққиларини эгаллашга даъват этиб, уларнинг касб-ҳунарли бўлишини рағбатлантириш ғоят муҳим вазифадир.
Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби