Мақолалар

Аллоҳни кўпроқ таниш

Аллоҳни янада кўпроқ танишимиз учун Унинг энг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхшилаб ўрганишимиз керак. Бунинг учун ўша исмлар ва сифатларнинг шарҳлари ёзилган китобларни топиб ўқишимиз керак. Энг гўзал исмларнинг борлиқдаги тажаллийларини кўриб, тафаккур қилишимиз керак.

Масалан, чиройли қуш, гул, бирор жонзот, манзара, нарсани кўрганимизда, Аллоҳнинг Холиқ, Бориъ, Мусаввир исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Қаттиқ шамол, чақмоқ, момақалдироқ, зилзила, жала, дўл пайтларида Аллоҳнинг Муҳаймин, Азиз, Жаббор, Мутакаббир, Қаҳҳор исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Ота-онамиз, фарзандларимиз, яқин кишиларимиз меҳр кўрсатганда, онанинг фарзандига, жонзотларнинг ўз болаларига меҳрини кўрганимизда, Аллоҳнинг Роҳман, Роҳийм, Латиф, Роуф исмлари ҳақида тафаккур қилиб, шу инсонларга, жонзотларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат туйғусини Роҳман, Роҳийм, Латиф, Роуф исмли Зот берган, деб ўйлашимиз лозим.

Бирор фалокатдан омон қолганимизда, Аллоҳнинг Ҳофиз, Муъмин исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Чўнтагимизда пулимиз бўлмаса ҳам оч қолмаганимизда, Аллоҳнинг Раззоқ, Босит исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Ўзининг энг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхши ўрганиб, маърифат ҳосил қилишимизни барчамизга насиб этсин, омин!

Нозимжон Иминжонов

3895 марта ўқилди

Мақолалар

Top