Мақолалар

Яратилишимиз ҳикмати

Аллоҳ таоло бизни бахтли, хурсанд ҳолда яшашимиз учун яратган. Қиладиган ибодатларимиз Аллоҳ таоло берадиган савобга, мукофотга асло мувофиқ кела олмайди.

Аллоҳ таоло шундай деган:

إِنَّ جَهَنَّمَ كَانَتْ مِرْصَاداً لِلْطَّاغِينَ مَآباً لَابِثِينَ فِيهَا أَحْقَاباً لَّا يَذُوقُونَ فِيهَا بَرْداً وَلَا شَرَاباً إِلَّا حَمِيماً وَغَسَّاقاً جَزَاء وِفَاقاً

“Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчи эди. Туғёнга кетганларга қайтар жойдир. Улар унда замонлар бўйи қолувчилардир. Улар унда совуқни ҳам, шаробни ҳам татий олмаслар. Магар қайноқ сув ва йирингни (татирлар). Мувофиқ жазо ўлароқ” (Набаъ сураси, 21-26-оятлар).

“Мувофиқ жазо ўлароқ”. Яъни кофирларни, мунофиқларни, осийларни гуноҳига яраша, хатосига мувофиқ жазолайди. Ўзининг раҳмати ўлароқ уларни гуноҳларидан ортиқ даражада азобламайди.

Агар мукофот ҳам солиҳ амалларга мувофиқ бўлганида, ҳеч бир киши жаннатга киролмаган бўларди.

Аллоҳ таоло шундай деган:

إِنَّ لِلْمُتَّقِينَ مَفَازاً حَدَائِقَ وَأَعْنَاباً وَكَوَاعِبَ أَتْرَاباً وَكَأْساً دِهَاقاً لَّا يَسْمَعُونَ فِيهَا لَغْواً وَلَا كِذَّاباً جَزَاء مِّن رَّبِّكَ عَطَاء حِسَاباً

“Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: Боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир” (Набаъ сураси, 31-36-оятлар).

“Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир”. Яъни Аллоҳ таоло мўминларни қилган солиҳ амалларига мувофиқ эмас, балки, Ўзининг раҳмати ўлароқ, ҳадя, ато тарзида орттириб, кўпайтириб беради.

Хўш, нега агар мукофот солиҳ амалларга яраша берилганда, ҳеч ким жаннатга киролмаган бўларди? Бунга қуйидагича жавоб берамиз:

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деган:

تَعْرُجُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ إِلَيْهِ فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ

“Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтариладир” (Маориж сураси, 4-оят).

Демак, агар инсон эллик минг йил яшаса, Аллоҳ таолонинг наздида унинг умри бир кун бўлади. Агар инсон юз йил яшаса, Аллоҳнинг наздида унинг умри бир ярим сония бўлади. Энди шу юз йиллик умрнинг учдан бири уйқу билан, яна бир қисми гўдаклик, болалик билан ўтса, қолган умри Аллоҳнинг наздида ярим сония бўлади. Боринг ана бир сония бўлсин. Демак, инсон юз йиллик умрини тўла сажда билан ўтказса ҳам Аллоҳнинг наздида бир ёки бир ярим сония сажда қилган бўлади. Бир сониялик сажда жаннатдек улкан мукофотга тенг бўла оладими?!

Аллоҳ таоло бандасининг ибодатига муҳтож эмас. Аммо банда қисқа умри давомида ибодат қилиб ўтса, унга абадий жаннатга кириш мукофоти берилади. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳаматидир. Бу айтилганлардан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло бизни бахтиёр қилиш учун яратган. Аллоҳ таоло жаннатни кенглиги осмонлар ва Ерча қилиб яратган. Қисқа умрида ибодат қилган бандаларига Ўзининг фазлидан кўп мукофот бериш учун жаннатни шундай қилиб яратди.

 

 

Доктор Али Мансур Каёлийнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

3154 марта ўқилди

Мақолалар

Top