Мақолалар

Қариялар билан муомаламиз меъёрдами?

Инсон шакл ва кўринишда бир хил ҳолатда қолмайди. Вақт ўтиши билан болакай йигитга, йигит ўрта ёшли кишига, у эса қария айланади. Бу Аллоҳ яратган ҳаёт қонуни. Ҳеч бир одам бундан қочиб қутила олмайди.

Ушбу босқичларнинг ҳар бири ўзига хос хусусият ва жиҳатларга эга бўлиб, ўша босқичдаги одамлар билан муомала қилишда ҳам ёш хусусиятларини ҳисобга олиш ва шунга кўра йўл тутиш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, ёш бола билан ўрта ёшли одамнинг, ўспирин йигит билан қариянинг ўзини тутиши, табиати ва ҳатто туйғуларида ҳам ўзига хослик мавжуд бўлиб, улар билан мулоқотга киришишда буларни эътиборга олиш зарур. Айниқса, ёши катта одамлар билан муомала қилишда жуда эҳтиёт ва сергак бўлиш керак. Чунки уларнинг жасадлари бироз ёки анчайин заифлашган, хотиралари сусайган, диққатни бир жойга жамлаш қийинлашган ҳамда кўз ва қулоқ фаолиятлари сустлашган бўлади. Бу эса уларнинг фаолияти ва одамлар билан муомаласида ўзига хос муомалани талаб қилади. Шунинг учун улар билан муомала қилиш ёшлардан бошқалар билан муомала қилишдан кўра алоҳида эътибор талаб қилади.

Уларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз:

Ҳурмат кўрсатиш. Аслида динимиз ҳар бир одамни бошқаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга чақиради. Лекин, катта ёшилилар билан муомала қилиш жараёнида унданда кўпроқ ҳурмат кўрсатиш ва уларни алоҳида эҳтиром қилиш керак бўлади. Уларнинг ёши ва қарилик даври хусусиятларини эътиборга олиш лозим бўлади.

Кўмаклашиш. Уларга кўмаклашишда ёрдам сўрашларини кутиб туриш керак эмас. Чунки киши ёши ўтган сари қуввати кетиб, атрофдагиларнинг ёрдамига кўпроқ эҳтиёж сезади. Бу дармонсизлик вақтинчалик эмас, балки доимийдир. Ҳар биримиз бирор касалликка чалиниб, ҳаракатланишга қийналиб қолган вақтимизни эсласак, уларнинг ҳолатларини янада яхши тушунамиз. Шу сабали уларга кўмак сўрамасада ёрдам беришга шошилишимиз лозим.

Кўнгилларига йўл топиш. Киши ёши улғайган сари таъсирчан бўлиб қолади. Бошқаларга оддий саналган баъзи гаплар уларга оғир ботиши мумкин. Шунинг учун улар билан муомала қилишда туйғу ва ҳиссиётларга эҳтиёт бўлиш керак. Уларга қариб қолганларини эслатавермаслик, аксинча руҳиятларини кўтарадиган яхши гаплар билан кўнгилларини олиш керак. Чунки қарилик туфайли баъзи ишларни қила олмай қолгани уларни тушкунликка тушириб қўймаслиги керак.  Шунда қарилик даврини роҳат билан ўтказишлари учун яхши муҳит яратган ва ҳаётларини мазмунли бўлишга кўмаклашган бўламиз.

Қулоқ тутиш. Барча ёшдаги одамларнинг ҳикоя ва қиссалари кимгадир ёқиб, кимгадир ёқмагани каби ёши катта одамларнинг гаплари ҳам баъзилар учун ёқимли бўлса, бошқаларга зерикарли туюлиши мумкин. Лекин, катта ёлши одамлар гапирганда гарчи такрорий ва зерикарли гап бўлсада озгина вақтимиздан кечиб, уларга астойдил қулоқ тутишимиз, бундай ёшда хотира сусайиб, баъзи нарсаларни эсдан чиқариб қўйиш табий ҳолат эканини тушунишимиз ҳамда  ўзимиз ҳам ўша ҳолатга тушишимиз мумкинлигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Уларни озгина вақт эшита олишимиз билан уларга қанча ҳурсанчилик тортиқ қилишимиз мумкинлигини тасаввур қилиб кўришимиз даркор.

Камтарлик кўрсатиш. Катта ёшлилардан ўзимизни устун тутиб гаплашишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Чунки гачи сиз қайсидир мавзуда улардан билимлироқ бўлсангизда, ўртадаги ёш фарқи ва ҳаёт тажрибаси уларнинг сиздан устун эканлигини ҳис қилдириб тураверади. Шу сабабли сўзлашув жараёнида камтарлик билан гаплашиш, агар ниманидир маслаҳат беришга тўғри келса, қаттик тегмайдиган камтарона услуб билан тушунтириш зарур.

Ёлғизлатиб қўймаслик. Катта ёшли одамлар жисмоний ҳолатлари тақозосига кўра ёлғизланиб қоладилар. Шунинг учун доимо уларни зиёрат қилиб туриш, ҳолидан хабар олиш ва кўпроқ суҳбатлашиш лозим. Бу бир томондан  уларнинг кўнгилларини кўтаради ва дардлари ёки хасталикларини озгина бўлсада эсдан чиқаришга ёрдам беради. Шу билан бир қаторда уларнинг тажриба ва тавсияларидан фойдаланиш учун ҳам имконият бўлади. Чунки ёшлар ўрганаётган кўп нарсаларни улар ҳаётлари давомида бошларидан ўтказиб, етарлича тажриба тўплаганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу борада доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизни ҳурмат қилмаган одам биздан эмас”, деган ҳадиси шарифларини ёдда тутишимиз, ёшларни катталарга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак. Давримиз баъзи ёшлари шошқолоқлик ва беодоблик билан катта ёшлиларга нисбатан беҳурматлик кўрсатаётганларини, ҳатто ҳақорат қилаётганларини кўриб қоламиз. Уларга айтар сўзимиз шуки, Расулуллоҳнинг сўзига қулоқ тутинг ва унга амал қилинг. Шунда, ҳам савоб оласиз, ҳамда жамиятмизда меҳр-муҳаббат ва ахлоқ юксалишига ҳисса қўшасиз.

 

Шерзод ЧЎЛПОНОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси  

3247 марта ўқилди

Мақолалар

Top