Мақолалар

Ижтимоий тармоқларнинг фойда ва зарарлари

Бугунги кунда одамлар, асосан, ёшлар фейсбук, телеграм, одноклассики, инстаграм, твиттер, вконтакте каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқдалар. Буларнинг ичида фейсбук, телеграм, твиттер ва инстаграм жуда оммалашди. Аслида ижтимоий тармоқлар илк бор 1995 йилда пайдо бўлган. Рэнди Конрад исмли шахс Classmates.com сайтини ишга туширади. Дунёнинг турли бурчакларида таълим олаётган ёшлар бир-бири билан танишиши, дўстлар ўзаро бир-бирини топиб, ҳол-аҳвол сўраб туришлари учун мазкур сайт ташкил этилган эди. Бу сайт ўша пайтда талабалар, ёшлар томонидан қизиқиш билан кутиб олинган.

Бугунги кунга келиб ижтимоий тармоқлар билан бир қаторда улардан фойдаланувчилар сони ҳам кўпайди. Бугунги кунда сайтларга кирувчи, интернетдан фойдаланувчиларнинг учдан икки қисми мазкур тармоқлардан фойдаланади. Албатта, бу тармоқларнинг фойдали ва зарарли томонлари бор. Қуйида шуларни келтириб ўтамиз.

 

Фойдалари

  1. Ижтимоий тармоқлар маълумот олишнинг энг осон ва қулай манбаидир. У журналистларга кўп ёрдам беради.

 

  1. Талабаларга, тадқиқотчиларга ва бошқа қизиқувчиларга ҳам кўп ёрдами тегяпти. Ўзларига керакли материални қайсидир давлатнинг қўлёзмалар фондидан ёки музейидан сўраш, расмини кўчириб олиш, соҳа мутахассиси билан гаплашиб, илмий хулосалар беришда қулайлик туғдиряпти.

 

  1. Фуқароларнинг журналистик маҳоратларини юзага чиқаряпти. Бир инсон ўз шаҳрида бўлган воқеани расмга олади ва уни ўз саҳифасига шарҳи билан жойлайди. Мазкур мақолани бошқаларга ҳам юборади. Юборилганлар орасида ахборот сайтлари ҳам бўлиши мумкин. Профессионал журналистлар бора олмаган жойларга ўша ерлик кишилар бориб, воқеани расм ёки видеога олиб, тармоқда эълон қилмоқдалар. Бу эса журналистларга қўл келяпти.

 

  1. Ижтимоий тармоқлар Аллоҳ таолонинг динига даъват қилиш воситаларидан бирига айланди. Диний идора ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий тадқиқот марказлари ва зиёратгоҳларнинг расмий веб-сайтлари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, ўша орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўляптилар. Қолаверса, кўплаб имом домлаларимиз тармоқларда ўз саҳифаларини ташкил этиб, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган маълумотларни тақдим этиб, динимизни соф ҳолда етказиш ишига катта ҳисса қўшмоқдалар.

 

  1. Фақирлар, боқувчисини йўқотганлар, беморларга моддий кўмак бериш мақсадида эълонлар бериш, хайрия тадбирлари ташкил этиш, ёшларни уюштириш, имконияти бор кишиларни шу ишга жалб этишда ижтимоий тармоқларнинг ўрни катта. Бунга мисол қилиб “Саховат” кўмак гуруҳини келтиришимиз мумкин.

 

  1. Маслаҳат сўраш майдони. Турли касб вакиллари ўзларига тегишли мавзуларда тармоқ фойдаланувчиларидан маслаҳат сўрайдилар ва керакли маслаҳат ва ғоялар оладилар.

 

  1. Дўстлар орттириш. Кўплаб инсонлар ушбу тармоқлар орқали ўзларига дўстлар орттирадилар. Кейинчалик ҳатто ўша дўстлар билан ҳаётда кўришиб, дўстликларини давом эттирадилар.

 

  1. Хотирани тиклаш. Ижтимоий тармоқлар хотираларни тиклаш учун ҳам қулай имкониятдир. Кўпчилик фойдаланувчилар мактаб давридаги расмларини бир-бирларига улашиб, ёшликларини эслашади, синфдошу курсдошлари билан топишишади. Ҳатто борди-келди тўхтаб қолган, бошқа юртларда яшовчи қариндошлар билан топишиш мумкин.

 

 

Зарарлари

  1. Ахлоқсизлик, фаҳш, бузуқликни тарғиб қилувчи сайтлар ва уларнинг саҳифалари кенг ёйилгани.

 

  1. Миш-миш, ёлғон, уйдирмалар, бузғунчи ғоялар, сохталаштириш, тарафкашликнинг ёйилгани. Айрим фойдаланувчилар ўз саҳифаларига сохта расмлар қўйиб олиши, маълумотларни сохталаштириши, асоси йўқ, ёлғон хабарларни тарқатиши, бир гуруҳдаги кишилар ўзларига тескари фикр билдирган тарафга (аслида барчалари мусулмонлар) нисбатан муросасиз муносабатда бўлишлари, фақат ўзларининг фикрларини ҳақ деб, бошқаларнинг фикрини менсимасликлари бунга мисол бўлади.

 

  1. Эълон қилинган айрим мақолаларда ишончли манбаларнинг йўқлиги, қайси китоб ёки сайтдан олинганлиги, ким ёзганлиги ҳақида маълумотнинг йўқлиги, бировларнинг ҳақларини поймол этиш, уларнинг ёзган мақолаларини ўзлаштириб олиб, маънавий, интеллектуал ҳуқуқларнинг бузилиши содир бўлиши.

 

  1. Ушбу тармоқларда инсоний алоқалар заифлашади, юзма-юз кўришиш бўлмагани учун ўзаро меҳр камаяди, воқеликдан узилиб қолиш юз беради, оилавий аҳилликка, эр-хотин ўртасидаги тотувликка салбий таъсир қилади. Ижтимоий тармоқларга эътиборни қаратиб, оиласига, аёлига, ота-онасига, фарзандларига вақт ажратолмаслик натижасида ўртага совуқчилик тушади.

 

  1. Тармоқлардан нотўғри фойдаланиш вақтнинг исроф бўлишига, керагидан ортиқ фойдаланиш эса, унга ўрганиб қолишга сабаб бўлади. Кейин ундай кишилар худди тамаки, спиртли ичимлик, нос ва гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган кимсаларга ўхшаб интернетсиз, ижтимоий тармоқларсиз туролмайдиган бўлиб қолади.

 

  1. Тармоқларга қаттиқ берилиш оқибатида намоз, Аллоҳни зикр қилиш, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш, фарзанд тарбияси, аёлига гўзал муносабатда бўлиш, ота-онага яхшилик қилиш, устозлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, жанозада қатнашиш каби муҳим ибодат ва вазифалар қолиб кетади.

 

  1. Мақтанчоқликнинг ёйилгани. Тармоқ фойдаланувчилари кийган кийимлари, еган овқатларини ўз саҳифаларига жойлаштиришлари оқибатида мақтанчоқлик, барчанинг эътиборида, диққат марказида бўлиш хоҳиши кучайиб, камбағал, ночор аҳволда яшаётганларнинг ҳис-туйғулари эътиборга олинмайдиган кайфият юзага келади.

 

  1. Турли оқимлар ўз мафкураларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчага эга бўлишига сабаб бўлмоқда.

 

  1. Аҳли илм, имом, уламо кишилар ҳақида бўҳтон уюштирувчи, уларни обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳларнинг кўплиги. Уламолар, имом домлаларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар мазкур бўҳтончи гуруҳларнинг таъсирига тушиб, сўзларига ишониб, улкан гуноҳ бўлган – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар.

 

Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишимизни насиб этсин!

 

 

mawdoo3.com сайти материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

8788 марта ўқилди

Мақолалар

Top