Солиҳ зотлардан бири, ҳар куни, Аллоҳнинг каломидан ўн жуз (пора) ўқишга одатланган экан. Кунларнинг бирида, одатига кўра Қуръон ўқишни бошлади. “Ёсин” сурасининг:
إِنِّي إِذًا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
“У ҳолда мен, албатта, аниқ залолатда бўлурман-ку!” оятини ўқий туриб жони узилди. Уни атрофидагилар, таниган-билганлар: у солиҳ инсон эди-ку, нега, айнан, “У ҳолда мен, албатта, аниқ залолатда бўлурман-ку!”, оятини ўқиб жони узилди?! – деб ажабланишди. Аллоҳдан унга раҳмат сўраб, дафн этишди.
Тунларнинг бирида солиҳ инсонлардан бирининг тушига вафот этган таниши кирди. Эй, дўстим, сен солиҳ инсон эдинг, лекин жонинг узилишидан олдин: “У ҳолда мен, албатта, аниқ залолатда бўлурман-ку!”, оятини ўқиб боқий дунёга риҳлат қилдинг, қабрда сенга қандай муносабатда бўлишди?
– Мени дафн этганингиздан сўнг икки фаришта келиб, сўроқ қила бошлади. Бири: “Роббинг ким”, – деди. Шунда мен, у дунёда “Ёсин” сурасининг келиб қолган жойидан давом эттирдим:
إِنِّي آَمَنْتُ بِرَبِّكُمْ فَاسْمَعُونِ
“Ҳақиқатан, мен Раббингизга имон келтирганман, мени эшитиб қўйингиз!”.
Унга:
قِيلَ ادْخُلِ الْجَنَّةَ
“Жаннатга кир!”
дейилди.
(У жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач),
قَالَ يَا لَيْتَ قَوْمِي يَعْلَمُونَ بِمَا غَفَرَ لِي رَبِّي وَجَعَلَنِي مِنَ الْمُكْرَمِينَ
у айтди: “Қани эди, қавмим билса, мени Раббим мағфират этганини ва мени мукаррам кишилардан қилганини!”
Ҳоний Ҳожининг
“Солиҳлар ва солиҳалар ҳаётидан минг бир қисса” асаридан
Илҳомжон МАЪРУПОВ
таржимаси