Ҳисоб китоб ишлари шу дунёдаёқ бошланиши ва охиратга боғлиқлик жиҳатлари ҳаётимизнинг ҳар соҳасида яққол кўзга ташланади. Фақат ибрат ва тафаккур назари билан қаралсагина бунинг фойдаси топилур.
Ҳаётда кўп эшитганимиз бор: Ота-онасини қадрламаган фарзанд куни келиб, йиллар ўтиб ўзи фарзандидан анча хўрликлар кўргани ёки келинига кун бермаган қайнона кексайганда ўша келиннинг қўлида қолиб, бир оғиз ширин сўзига илҳақ бўлгани ҳақида ва яна бу ҳақда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу каби воқеалар бари – Қайтар дунё!
Ишдан қайтган эр аёлининг “Фарзандларини рўзғорнинг юв-чайини ўргатиши учун койиётганини” эшитиб дарғазаб оҳангда эшикдан кирар-кирмас аёлини ҳақорат қила бошлади. Кун бўйи уйда болалари бақир-чақири билан тўлиб-тошган аёл унга жавоб қайтарди...
Ота дастурхонда овқатланишга ўтирар экан, ноннинг ушоғини тушириб еёятган 2 ёшли қизалоғини кўриб яна бақира бошлади:
– Қачон тўкмай ейишни ўрганасан? Сенлар билан дастурхонда ўтиришни ҳам хоҳламайман – деди у.
Бунга жавобан аёли: .
– Дадаси ўзингизга келинг, ҳали ёш бўлса, болани тўкиб-сочиб ейдиган пайти, ахир бемалол еб олсин, ўзим тозалаб оламан, ёш болани овқатини заҳар қилманг. Ўзингиз ҳам ёш бўлгандирсиз, – дея зорланди аёли.
Бу гаплардан сўнг эр:
– Яна қанча вақт керак, буларингни тўкмай ейишига?”– деди овозини сал юмшатиб.
– Аллоҳ шуларни берганига шукр, тирноққа зорлар бор, дадаси деб қўшиб қўйди аёли.
Орадан бир неча йиллар ўтди. Ота кўзларининг ожизлиги сабаб уйда болалари билан ўтиришига тўғри келди. Болалари анча каттариб, ош-овқатини тўкмайдиган ёшда эди.
Дастурхон бўйида ўтирар экан, 6 ёшли қизалоғи:
– Дадажон овқатингизни тўкиб еяпсиз? – дея гапирди беихтиёр қизалоқ. Унга “жим” ишорасини қўллаган аёли мулзам бўлди.
Отанинг томоғига нимадир тиқилди ва ўзига деди: “Ахир мен шу қизчамни доим овқат тўкиб ейишини гапириб жиркиб-силкимасмидим. Бир неча бор кўзларида мен сабаб ёш бўлмасмиди? Унинг ёшида тўкиб ейиш айб эмас, аммо менинг ёшимда-чи?
– Эе қизалоғим тўкилдими, мен кўрмай қолдим? – деди ота. Қизалоғи:
– Катталар ҳам тўкишадими? – яна бижиллади қизалоқ.
Нима деб жавоб беришни билмаган ота, жим қолди. Буни кузатган опалар синглисини турткилаб, савол беришдан зўрға тўхтатди. Қизалоқ эса ҳеч нарсани тушунмасди...
Аммо ота барини тушунди. Бу Қайтар дунё!
Мубина ИХЛОСОВА