Мақолалар

Ҳаётий воқеъа: ҳар касда инсоф, виждон ва ҳалоллик бўлсин

Париж кўчаларидан бирида юриб бораётсам, чорраҳада битта машина йўл четида турган машинага сал тегиб кетди. Турган машинанинг олдинги чироғи синди. Бўлиб ўтган воқеани деярли ҳеч ким кўргани йўқ. Светофорнинг яшил чироғи ёниб турган эди. Уриб юборган машинанинг эгаси йўлида давом этаверса ҳам уни ҳеч ким ҳеч қачон била олмаган бўлар эди. Мен «у ҳозир шундай қилса керак» деб ўйладим.

Аммо бундай бўлмади. Машина олдинга ўтиб тўхтади. Ичидан кекса ёшлардаги бир француз чол тушиб, ўзи туртиб юборган машинани кўздан кечирди. Ундан кейин машинасидан ручка билан қоғоз олиб келди-да, бир нарсаларни ёзиб, урилган машинанинг олдинги ойнасига ёпиштирди. Кейин ўз машинасига ўтириб йўлида давом этди. Олдин бунақа ҳолатга дуч келмаганим учун урилган машинага аста яқинлашдим-да, чолнинг ёзганларини ўқидим. Унда шундай ёзилган эди:

«Хоним ёки жаноб!

Мен билмасдан машинангизни уриб олдим ва унга зиён етказиб қўйдим. Бунинг учун сиздан минг бор узр сўрайман. Илтимос, мана бу телефон номери орқали менга алоқага чиқинг. Етказган зараримни бажонидил қоплаб бераман. (телефон номери.) Ҳурмат билан, фалончи!».

...Битта меҳмонхонада маъмур бўлиб ишлар эдим. Бир куни ресепшнга қорачадан келган киши кириб келди ва менга тўғридан-тўғри «Ассалому алайкум» деб салом берди. Талаффузидан араб эканлигини дарров билиб олдим ва «Ва алайкум ассалом» деб жавоб бердим. Мусулмонча жавоб олганига у янада хурсанд бўлиб кетди. У меҳмонхонамизда ўзига хона брон қилганини айтиб менга брон қоғозини берди. Расмиятчиликка кўра мен унинг паспортини олиб, марокашлик фалончи эканлигини билиб олдим. Кейин бизнинг базани текшириб кўрсам, у меҳмонхона учун қилган бронини ўзи бекор қилган экан. Менга хурсанд боқиб туришига қараганда бундан унинг хабари йўқлигини сездим-да, хижолат бўлиб шумхабарни айтдим. Табиийки, у бундан ҳайратланди ва менга шубҳа ва умид аралаш қаради. Мен тағин нотўғри кўрган бўлмайин деб унинг бронини ҳар қанақасига текшириб кўрдим. Афсуски, брон аниқ бекор қилинган эди.

У нима қилишини билолмай, юртидаги акасига телефон қилди. Акасидан «тезда менга саёҳатни сотган агентликка боғланиб кўр-чи» деб сўради. Бироздан кейин акаси қайта телефон қилиб, унга нималардир деди. У телефонни қўйди-да, бироз ўйланиб тургач, нима дейишини билмасдан креслога ўтириб қолди. Унинг қуёш нурларида куйиб кетганлиги кўриниб турган пешонасидан қайғу терлари чиқиб кетди. Мусибатдан унинг кўзларидан ёш чиқа бошлади. «Нима бўлди ўзи?», — деб сўрадим. У менга дардини айта кетди:

— Мен ўзи оддий қишлоқда яшайдиган деҳқон одамман. Ишлаб топган пулим ўзимга ва оиламга зўрға етади. Умримда биронта жойга саёҳатга борган эмасман. Бу менинг умримдаги илк саёҳатим эди. Униям агентлик арзон деб сотгани учун олдиндан ҳамма пулини тўлаб, хурсанд бўлиб олган эдим. Акам менга телефон қилиб, бизга саёҳатни сотган агентлик ёпилиб кетганини ва у одамлар қочиб кетишганини айтди. Мен энди нима қиламан? Қаерга бораман? Ёнимда пулим ҳам кўп эмас.

«Қанча пулингиз бор?», — деб сўрадим. У бор пулини чиқариб, менинг олдимга қўйди. Ҳақиқатан ҳам пули жуда оз эди. Агар меҳмонхонага ўз нархида пул тўлайдиган бўлса, еб-ичиш харажатларига деярли пули қолмас эди. Унинг бор пулини тўлаттиришим нормал ҳолат бўлса ҳам бу одамгарчиликка тўғри келмас эди. Шунинг учун бор масъулиятни ўз зиммамга олдим-да, унга меҳмонхонани ярим пулидан ҳам арзон қилиб бердим. Ундан ташқари, кўнглини кўтариш учун унга меҳмонхонанинг энг яхши хоналаридан бирини бердим. Хуллас, қўлимдан келадиган барча ёрдамни қилдим. Бечора менга қандай миннатдорчилик билдиришни билолмай хижолат бўлиб турар эди. Мен унга хижолат бўлмаслигини ва саёҳатни кўнгилдагидай ўтказишини тайинладим. Фақат ҳақимга битта дуо қилиб қўйса етишини айтиб, хотиржам қилдим. У рози бўлди ва агар Марокашга йўлим тушадиган бўлса, албатта уникига меҳмонга боришимни сўради...

...Французлар бозорда бирон нарса сотадиган бўлса, албатта унинг айбини айтиб сотадилар. Энг муҳими, улар ҳеч қачон бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайдилар. Масалан, сиз улардан бирон нарса олсангиз ва қолган қайтимни «керак эмас» деб ташлаб кетмоқчи бўлсангиз, улар бунга кўнмайди. Ҳатто тийинлар қолган бўлса ҳам уни сизга қайтариб, ҳисобни жойига қўйиб қўядилар.

Лекин, афсуски, марокашлик деҳқоннинг ҳолига тушган, алданган мағриблик (жазоирлик, тунислик ва марокашлик) инсонларнинг сони кам эмас эди. Меҳмонхонамизга келадиган сохта бронларнинг сон-саноғи йўқлигидан биз арабча исмлар билан келадиган бронларга жиддий қарамайдиган бўлгандик. Ватандошининг оғир аҳволини кўрган битта марокашлик араб ҳамкасбимиз шундай деган эди:

— Гап динда ҳам, миллатда ҳам эмас. Гап инсоф, виждон ва ҳалолликда. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмагани, ўзларига тўғри бўлгани учун мана французлар ривожланиб кетганлар. Бизнинг давлатларимизнинг одамлари эса бир-бирларни алдаш ва чув тушириш билан овора. Шундай бўлгандан кейин биз ҳеч қачон ривожланмаймиз ва ўзимизни ҳам, давлатимизни ҳам фақат орқага тортишда давом этаверамиз. Агар биз ҳам ривожланишни хоҳласак, менталитетимизни ўзгартириб, ҳалолликка ўрганишимиз керак!..

Менинг эса марокашлик ҳамкасбимнинг гапларига қўшимча қиладиган гапим қолмаган эди!

Дониёр РЎЗМЕТОВ

3958 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Шифохонада Исломдаги 7 муқаддас тоғ »

Мақолалар

Top