Оқил шоҳ улус аҳволидан огоҳ бўлиб, халқнинг нима иш қилаётганини, таълим-тарбияси, яшаш шароити, оч-тўқлиги, ҳамма-ҳаммасини билиб туради. Юрти учун хизмат қилганларни мукофотлаб, ўзига яқин олади. Салтанати ва халқига хиёнат қилганларни жиноятига яраша жазолайди. Шу билан бирга, раҳм-шафқат эшиги ҳам доимо очиқ туради. Қароқчи, ўғриларга раҳм қилмайди. Салтанати бузилиб, вайрон бўлмаслиги учун доимо сергак ва ҳушёр бўлади. Ҳар тонг давлатининг тинчлиги-фаровонлиги ва халқининг бахтини сўраб дуо қилади.
Подшоҳ салтанатини вайрон қилмоқчи бўлган хоин, қароқчи, ўғрилар қилаётган гуноҳларининг ёмонлиги, ҳар қанча яширинча иш қилмасинлар, айблари очилиб, оқибатда бир кун одил подшоҳдан жазо олишларини англаб, жазоланаётган ҳолларини кўз олдига келтириб юрадилар. Оқибати нима билан тугашини билсалар-да, қўлга тушсам бир гап бўлар тарзида нафс сўзига кириб, исёнларини орттириб бораверади. Уларнинг жиноятини зимдан кузатиб юрган подшоҳ вақти-соати келганида уларни қўлга олиб, жаллодга топширади. Дор тагидаги осий эса бўйнидаги арқонни ва жаллоднинг қилич яланғочлаб турганини кўриб, қўрқувдан титраб, тавба қилиб кечирим сўрайди. Аммо ҳукм ўқилган, чеккан пушаймони ва қилинган тавба фойда бермайди.
Эй азиз фарзанд! Одамнинг жисми ҳам давлат кабидир. Ақл салтанат подшоҳидир. У жисм салтанатини адолатли бошқарса, олий мукофот олади. Ақл салтанати жисм давлатини гиёҳвандлик, майхўрлик, фаҳш ва гуноҳлардан қайтармаса, жисм салтанати гуноҳларга учраб, тезда қулайди. Жисм маънавий ва руҳий таназзулга юз тутади. Инсонни одамийлик, мўминлик фазлидан фосиқлик ва мунофиқлик ботқоғига ботиради. Вайрона ва хароба юртдан одамлар қочгани каби, жаҳолат ботқоғига ботган кишидан имон, юзидан нур, қалбидан раҳм-шафқат ва илм қочади. Бундай инсонлар одамийлик фазлидан бебаҳра бўлади. Шу боис ақл салтанатини кўп китоб ўқиб, тажриба ва илмий изланиш билан тўйдирмоқ зарур.
Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан