Мақолалар

Расулуллоҳ: Инсонларнинг ичидаги энг ёмон ўғри...

Энг катта ўғрилик – бу намоздан ўғирлашдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Инсонларнинг ичидаги энг ёмон ўғри, намозидан ўғирлайдиган кишидир”. Саҳобалар: ”Ё Расулуллоҳ, намозидан қандай ўғирлайди” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмайди” (Имом Аҳмад).

 Намозда хотиржамликни тарк қилиш, рукуъ ва саждаларда белни текис қилмаслик, рукуъдан кўтарилганда қаддини ростламаслик ҳамда икки сажда орасида тик ўтирмаслик, буларнинг бари кўпгина намозхонларда топиладиган қусурлардир.

Бугунги кунда намозларида хотиржамликни тарк қиладиганлардан холи масжидни топиш амри маҳол бўлиб қолди. Ваҳоланки, намозда хотиржамлик унинг рукнларидан биридир, у сиз намоз дуруст бўлмайди, иш жиддийдир.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Рукуъ ва саждаларда  орқасини текис қилмагунча кишининг намози ўтмайди” (Абу Довуд).

Шубҳасиз намозни тез, шошилиб ўқиш зажр ва ваъидга лойиқ бўлган мункар ишдир.

Абу Абдуллоҳ Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан намоз ўқидилар. Сўнг уларнинг бир тоифаси билан ўтирган эдилар, бир киши кириб намоз ўқий бошлади ва рукуъ, саждаларни худди дон чўқигандек тез-тез қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Мана буни кўряпсизми? Ким мана шу ҳолатда ўлса, Муҳаммаднинг динидан бошқа динда ўлган бўлади, намозини худди қарға қон чўқиётгандек ўқимоқда. Худди дон чўқигандек тез-тез рукуъ ва саждаларни қилган кишининг мисоли, бир ё икки хурмо еган қорни оч кишига ўхшайди, бу эса унинг очлигини кетказа олмайди» , дедилар.

Зайд ибн Ваҳб ривоят қилади: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмаётган кишини кўриб унга деди: «Сен намоз ўқимадинг, агар шу ҳолда ўлсанг, Исломдан бошқа  динда ўласан”.

Намозда хотиржамликни йўқотганлар бу ҳукмларни билганларидан сўнг, намозни оҳиста, хотиржам ўқишлари лозим.

 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака тумани бош имом-хатиби

3571 марта ўқилди

Мақолалар

Top