Зурриёт кишининг насли, хаёти маъносидир. Фарзанд авлодлар давомчиси. Ота - она наздида фарзанд ҳар қанча улғайса ҳам, неча ёшга кирса ҳам, хар қанча юқори лавозимда ишласа ҳам барибир фарзандлигича қолади, унга меҳрибонлик, ғамхўрлик қилаверади. Фарзандининг камолини, роҳатини кўришни ҳохлайди. Ота – она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раъво кўрмайди.
Қалбимиз қўри, умримиз маъноси, келажак хаётимиз давомчилари, борлиғимиз – Аллоҳ берган фарзандларимиздир. Ота – онасининг кўз қувончи эканини билган фарзанд уларнинг дуосини олишга, ғанимат даврда розилигини олишга харакат қилмоғини англаб етмоғи лозимдир. Зеро пайғамбаримиз (с.а.в) «Жаннат – оналар оёғи остидадир» деб марҳамат қилганлар. Ҳалқимизда эса Ота рози – худо рози деган нақл ҳам бежиз эмас.
Ақлли фарзанд ўз муваффақиятини аввало ота – онасига кўрсатади, уларни қувонтиргиси келади. Ота – она эса фарзандининг муваффақиятини ўз муваффақияти деб билади. Фарзанди билан фахрлангиси, дўсту биродарлари олдида мақтангиси келади. Лекин фарзандига заррача озор етса қалбига ниш ургандек озор чекади.
Ҳужжат-ул ислом – Имом Ғаззолий ўзининг Тавба китобида қуйидаги ривоятни келтиради:
"Жаброил алайҳиссалом зиндонга Юсуф алайҳиссалом олдига кирдилар. Юсуф алайҳиссалом сўрадилар:
- Ғамларга чўкиб қолган чолнинг (оталари Ёқуб алайҳиссалом) аҳволи қандай?
- Фарзанди доғида куйган юзта онанинг қайғуси нечоғли бўлса, шунча ҳасрат билан сенга
қайғуряпти.
- Аллоҳ ҳузурида унга ажр борми?
- Юзта шаҳиднинг ажри бор, - деб жавоб бердилар Жаброил алайҳиссалом.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни имонли, солиҳ- оқибатли ва ота- оналарига меҳрибон қилсин.
Избоскан туман «Бобур» жоме масжиди имоми А. Саттаров